Жалолиддин Қобилжонов: "Бу ОЧЛ саралаши олдидан "Навбаҳор"га бош оғриғи бўлмаса эди..."
Суперлига 16-туридан ўрин олган "Навбаҳор" - "Пахтакор" ўйинида "шерлар" 1:2 ҳисобида зафар қучди. "Навбаҳор"нинг нега мағлуб бўлгани, Шацкихнинг фойдали тарафи, "лочинлар" ОЧЛда муаммога дуч келиши ҳақида SPORTS.uz сайти журналисти Жалолиддин Қобилжонов телеграм каналида ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Бугунги ўйинни стадиондан кузатдим, атмосфера шунчаки аъло даражада эди!
"Навбаҳор" деярли бутун беллашув давомида майдон марказини ёриб ўта олмади. "Пахтакор"да Ҳамробековнинг йўқлиги "Нефтчи"га қарши баҳсда сезилганди, қайтгани "ўз мевасини бермай қолмади". Марказ "ёпиқ"лиги учун "лочинлар" ҳимоядан туриб, ҳужумга узун паслар беришди. Аммо доим ҳам бу ўзини оқлагани йўқ.
Алижонов фаолиятидаги энг яхши ўйинлардан бирини ўтказди. "Ҳожи" Шацких қўл остида анча ўсишга эришди. Аввал қанотга югуриб, жарима майдони ичига ҳаволатиб пас берадиган ҳимоячи ҳозир рақибларини бирин-кетин алдаб ўтишдан ҳам чўчимаяпти. "Макс"нинг терма жамоамиз учун кичик бўлса-да, фойдаси шу ерда кўринмоқда.
Бабаяннинг мана шундай "очилган" шогирди Остон Ўрунов бу беллашувда жамоасига ёрдам бера олмади. Бу даражадаги тўқнашувнинг илк дақиқаларида жароҳат олиб, майдонни тарк этиш жуда оғир. Остонга соғлик тилайман.
Черан, энди бу Черан. Унга ортиқча таъриф шарт эмас!
Ўйинга қайтадиган бўлсак, "Навбаҳор" бугун тактик томонлама ютқазди. "Макс" кетма-кет мағлубиятларни битта ғалаба билан ювиб кетди. Эсласангиз, биринчи даврада ҳам худди шундай ҳолат содир бўлганди. "Пахтакор" икки оғир мағлубият ортидан айнан "лочинлар"ни таслим этган. Тарих такрорланди.
Эътиборлиси, "Навбаҳор" ўтказиб юборган охирги 3 та гол иккинчи қаватдан киритилди. Наманганликлар ҳимоясида муаммолар етарлича. Айниқса, бу ОЧЛ саралаши олдидан бош оғриғи бўлмаса эди.
Фикрлар