"Жамоа Суперлигага қайтмаганида мен учун жуда ачинарли бўларди" ёхуд "Турон" мураббийи клубдан кетди!
“Турон” клубида 1,5 йилдан бери фаолият кўрсатиб келган Анвар Бердиев жамоани тарк этишга қарор қилди.
Маълумки, ушбу мутахассис 2021 йилнинг ярмида “Турон” клуби мураббийлар штабида иш бошлаган. Жорий мавсум аввалида эса бош мураббийлик лавозимига тайинланди.
Бу йилги чемпионат охирларига яқин Бердиевнинг ўрнига Бахтиёр Ашурматов тайинланганини биласиз. Лекин шуни ҳам қўшимча қилиб ўтиш жоизки, Бердиев ўз ўрнини Ашурматовга бўшатиб бераётган маҳалда турнир жадвалида “Андижон” билан ўртадаги тафовут у қадар катта бўлмаган. Яъни, барибир “Турон”нинг Суперлигага қайтишида Бердиевнинг ҳиссаси бор, албатта. Мутахассис жамоада ишлаган даври мобайнида маҳаллий мухлисларнинг меҳрини қозонишга эриша олди.
"Мавсум бошида менга жамоани ишониб топширишгани учун раҳбариятга катта раҳмат айтаман, - дея гап бошлади, Бердиев. - Бу жуда катта масъулият эди. Биласиз, “Турон” клубига дарҳол яна Суперлигага қайтиш вазифаси қўйилганди. Қодирхон хожака, Олимхон ака, Александр Узоқович, умуман менга ишонч билдирган барча раҳбарга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ўйлайманки, чемпионат давомида, айниқса, 1- ва 2-давраларда ёмон қатнашмадик. Ёзги тайёргарлик пайтимизда бизда бироз камчилик бўлди. Жамоамиз билан Тожикистонга йиғин ўтказишга боргандик. Ишонасизми, ўша ерда анча футболчиларимиз касал бўлиб қолишди. Шунинг учун ўзимиз хоҳлагандек тайёргарлик кўра олмадик. Ҳаттоки, шундай пайтлар ҳам бўлдики, 8 нафар ўйинчи билан шуғулланган ҳолатлар кузатилди. Бетоб бўлиб қолган футболчиларни 2-3 талаб уйларига қўйиб юбордик. “Локомотив” билан ўртоқлик ўйинини икки ҳафта олдин гаплашиб қўйгандик. Ўша учрашувда U-19 таркибимиздан бир қатор футболчиларни жалб қилиб, ўйинни ўтказгандик. Бу мен учун катта дарс бўлди. Ҳеч кимни айбдор қилмайман, ҳаммаси Худодан. Энг хурсанд бўлганим жамоамиз Суперлигага қайтди. Чунки йил бошида клубга яна катта эътибор қаратилди, кўп ишлар қилинди. Агар “Турон” Суперлигага чиқмаганида жуда ачинарли бўларди.
Мен машғулотга жиддий эътибор қаратаман. Тожикистондаги йиғинга бориб келганимиздан кейин “Зомин” билан “Янгиер”ни ютдик. Лекин “Андижон”га қарши кетма-кет иккита учрашувда мағлубиятга учраганимиздан сўнг раҳбарият олдига кириб, агар бош мураббийликка номзодлар бўлса, мен бўшатиб беришга тайёрлигимни айтдим. Мураббийлик фаолиятимни бошлаганимга ҳали кўп бўлгани йўқ. Жамоамизнинг бундай “ямага” тушиб қолганини кўриш мен учун қийин бўлди. Майдон чекасидан туриб ўйинчиларни кузатганимда уларнинг жисмоний тайёргарлиги кўнглимдагидек бўлмагани кўринди. Шунинг учун раҳбариятга бошқа номзод бўлса, бемалол олиб келишлари мумкинлигини айтдим. Агар тажрибалироқ мутахассис келса, клубга ёрдами тегишини билардим. Шуни айтганимдан кейин ҳам улар менга имконият беришди. Бунинг учун хўжайинларга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Бахтиёр ака Ашурматов бош мураббийликка келганидан кейин ҳам раҳбарият менга сиз шу ерда қоласиз, бирга ишлайсиз, дея ишонч билдиришда давом этишди. Худога шукр, юзимиз ёруғ бўлди, жамоамизни Суперлигага қайтара олдик.
Мавсум тугаганидан кейин менга бошқа клублардан таклифлар туша бошлади. Ҳозирча уларнинг номларини айта олмайман. Клуб раҳбариятига вазиятни тушунтирганимда мени тўғри тушунишди. Бундан кейин ҳам “Турон”ни кузатиб бораман ва қўллаб-қувватлайман. “Турон” мен учун бегона жамоа бўлиб қолмайди. Улар билан дўстона равишда хайрлашдик. Бахтиёр ака Ашурматовга омад тиладим.
Юқорида айтганимдек, таклифлар бор. Бу хусусида гаплашамиз. Қачонки, ҳаммаси аниқ бўлса, сизга айтаман. Мураббийлик фаолиятимни давом эттираман. Футболни жуда яхши кўрганим учун ўз ишимни давом эттиришдан мамнун бўламан. Ҳамма таклифларни ўйлаб кўриб, янги йилдан кейин иш бошлайман, - дейди, Анвар Бердиев.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар