Жамоани ким бошқаради? Таркибда қандай ўзгаришлар бўлади? Янги мавсум режалари аниқ - ҳаммаси "Андижон" ҳақида
Ўтган йили плей-оффда “Нефтчи”ни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, Суперлигада жон сақлаб қолган “Андижон” жамоаси жорий мавсум бошида катта мақсадлар сари курашга қўшилганди. Бироқ якун клуб ва унинг мухлислари учун кайфиятни туширадиган даражада бўлди.
“Бургутлар” ҳарқанча ҳаракат қилишмасин, барибир Суперлигада қолишга кучи етмай қолди. Вазиятга холисона баҳо берилса, “Андижон” про лигабоп ўйин кўрсатгани йўқ. Тўғри, таркиб бўйича муаммолар йил давомида кўзга ташланди, маҳоратли ижрочиларнинг етишмаслиги доимий равишда ўйинлар давомида сезилиб турди. Бош мураббий Виктор Кумиков эса ихтиёридаги бор ўйинчилар билан жамоани шакллантиришга уринди ва ўйин ёмон чиқмаётганди.
Айтмоқчимизки, “Андижон” бемалол лигада қолиш салоҳиятига эга эди. Лекин шундай ўйинлар бўлдики, энди андижонликлар ўша учрашувларни алам билан эслашади. Йўқотилган қимматли очколар ўз таъсирини кўрсатди. Ҳа, чемпионат давомида мақтаса арзигулик натижалар ҳам бўлди. Масалан, илк бор “Машъал” ва “Навбаҳор” майдонида ғалаба қозонди. Чемпион – “Пахтакор” чемпионатдаги илк мағлубиятини Андижонда қабул қилиб олди. Қизиғи, ўша 19 сентябрь куни “Пахтакор” устидан қозонилган ғалаба “Андижон” учун Суперлигадаги охиргиси бўлиб қолди. Севимли жамоасининг про лигага тушиб кетганидан хафа бўлган мухлислар “Пахтакор”ни мағлубиятга учратгани қаерга кетди, дея куюниб гапираётганлари ҳам бор.
Клуб хусусий бўлганидан кейин анча-мунча ишлар бажарилди ва бажариляпти. Айниқса, эски қолиб кетган қарздорликлар ёпилди. “Андижон”нинг имиджини ошириш учун қилинаётган ишларга фақат қойил қолиш керак. Буниси энди алоҳида мавзу. Биз эса асосан “Андижон”нинг ўйинлари ва кейинги режалари ҳақида сўз юритишни лозим топганмиз.
Аммо жамоанинг Суперлигани тарк этиши оқибатида клуб таъсисчиси Журъатбек Қувватов ҳаммасига қўл силтаб қўядими, деган саволлар ҳам ўртага ташланганди. Лекин жамоадаги ҳозирги вазиятни кузатар эканмиз, бундай дейишга тил бормайди. Масалан, Андижон шаҳри, Бўстон даҳасидаги футбол мактабининг яшаш биноларини барпо этиш ишлари ҳам авж олган. Қурилиш бир неча кундан буён юқори суръатларда давом эттирилмоқда. Коттедж услубидаги хоналарнинг қад кўтариши, клубнинг ҳар томонлама ривожланиб бориш стратегиясига монанд равишда олиб борилмоқда. Эртанги кун ҳақида бош қотирилмаса бўлмаслиги аллақачон тушуниб етилган ва етарли сармоя киритилиши оқибатида яқинда у ер академияга айлантириб чиройли кўринишга келади. Футболнинг муҳим бўғини саналган - майдонларга янгитдан чим экиб, замонавий кўринишга келтириш ҳам мазкур лойиҳанинг асосий йўналишларига киради. Хуллас, аллақачон мана шундай ишлаб бошлаб юборилган. Бу эса раҳбариятнинг тушкунликка тушмасдан бир қадам орқага ва икки қадам олдинга қабилида иш кўришаётганидан дарак бўлса ажаб эмас.
Мухлисларни клубнинг кейинги тақдири қизиқтиряпти. Яъни, энди жамоада қандай ўзгаришлар бўлади? Клуб хўжайини Журъатбек Қувватов Виктор Кумиков билан учрашди ва кейинги масалалар ҳамда режаларни муҳокама қилди. Клуб матбуот хизматининг хабар беришича, учрашувда “Андижон”нинг про-лигадаги муваффақиятли иштироки билан бир қаторда, Суперлига йўлланмасини биринчи ўринни эгаллаган ҳолда қўлга киритилиши ва 2023 йилда элитада барқарор тўп сура оладиган таркибнинг ҳозирдан шакллантириб борилиши ҳақида сўз кетди. Шунингдек, жамоани тарк этадиган ва янги таклиф этиладиган футболчилар ҳам муҳокама қилинган. Малакали ижрочиларнинг таркибда бўлишига алоҳида урғу қаратилади. Шу билан бир қаторда инфратузилмани тартибга солиш ва майдонлар, академия қурилиши масалалари параллел равишда олиб борилиши муҳим омил эканлиги таъкидланди.
Маълум бўлишича, навбатдаги мавсумга тайёргарликка жамоа аъзолари 7 январдан тўпланишади ва машғулотлар фақат Тошкентда олиб борилади. Агар селекция ишлари муваффақиятли кечиб, таркиб деярли аниқланса, хориж йиғинига чиқишлари мумкинлигига урғу берилди.
Бош мураббийликда эса Виктор Кумиковнинг қолиши деярли аниқ бўлди. Шартнома имзоланиб, расмиятчиликлар амалга оширилиши қолди холос. Виктор Балютович жамоанинг элитадан тушиб кетганлигида ўзининг ҳам айби борлигини айтиб, Суперлигага қайтишда бор имкониятларини ишга солишини билдирди. Бош мураббий ҳозирча Андижонда. У билан мавсум якунлари ва янги режалари ҳақида суҳбатлашдик. Тез орада сайтимиз орқали эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Клуб хўжайинининг режасига кўра қарздорлик 15 декабргача тўлиқ бартараф этилади. Бугун-эрта хорижлик легионерларнинг маблағлари ҳисоб-китоб қилинади ва уйларига қайтиб кетишади. Иккиланаётган футболчиларга 10 декабргача муддат берилди. Шундан кейин кимга рухсат берилди ёки қолиши ҳақидаги саволларга ойдинлик киритиш мумкин бўлади. Унгача эса 8 нафар ўйинчиларга жавоб бериб юборилгани ҳақида хабар бергандик. Шуни ҳам айтиш лозимки, клуб янги таркибни шакллантириш йўлида музокараларни бошлаб юборган.
Фикрлар