Жамоасининг халоскорлари ёхуд 14-тур қаҳрамонларини биласизми?

Иккинчи даврани ҳам бошлаб олдик ва 14-тур учрашувлари сиз билан бизга ажойиб онларни ва кутилмаган натижаларни ҳам тақдим этди.

Футболчилар орасида бу борада индивидуал ва жамоавий ўйин бўйича ҳам фаоллик кўрсатганлари бўлди.

Қуйида эътиборингизга ҳар бир учрашувнинг энг яхшилари деб эътироф этилганлар ҳақида тўхталамиз.

“Бухоро” – “Турон” – 2:3. Учрашувнинг энг яхши футболчиси - Шохмалик Комилов

Иккинчи даврани бошлаб берган “Бухоро” – “Турон” қарама-қаршилиги ҳақиқий драмага айланиб кетди. Биринчи даврада чемпионат доирасида умуман ғалаба қозонмаган яйпанликлар иккинчи давра арафасида таркибини буткул ёшартириб юборди. Буни қарангки, янгиланган “Турон” янги бош мураббий қўли остида иккинчи даврани ғалаба билан бошлади. Бу жамоа сафига бир қатор клублардан иқтидорли ёшлар жалб қилинди. Шунингдек, “Насаф”дан Шохмалик Комилов ҳам бор. Учрашувни асосий таркибда бошлаб 70 дақиқа ўтказган ушбу ярим ҳимоячига бу вақт ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлиши учун етарли бўлди. Жамоанинг иккинчи голига муаллифлик қилди ва бутун майдон бўйлаб фаоллик кўрсатди. Кўриниб турибдики, бу сафар “Турон” Комилов мисолида яхши трансферни амалга оширди.

“Олимпик” – “Пахтакор” – 0:2. Учрашувнинг энг яхши футболчиси - Драган Черан

“Пахтакор” биринчи даврадаги мағлубият учун “Олимпик”дан реванш олди. Ёдингизда бўлса, “Олимпик” “Пахтакор” майдонида 2:3 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритган бўлса, бу сафар “Шерлар” “Олимпик”ни 2:0 ҳисобида таслим қилди. Суперлига тўпурари Драган Черан иккинчи бўлимда иккинчи голни урди ва яна тўпурарлар баҳсида 10 та гол билан пешқадам бўлиб олди. Доимгидек, Черан яна фаоллик кўрсатди ва ҳақли тарзда энг яхши ўйинчи номини қўлга киритди.

черан3_2

“Андижон” – “Насаф” – 0:0. Учрашувнинг энг яхши футболчиси - Илдар Маматказин

Ҳар бир ўйиннинг ўзига яраша сифатлари бўлиб, “Андижон” – “Насаф” ўртасидаги беллашув стадиондаги муҳит, мухлисларнинг ўта юқори даражадаги тайёргарлигию, бетакрор перформанс ва манзаралари билан ёдда қолди. Андижонлик ишқибозлар бошқалардан анча олдинга ўтиб кетганини яна бир бор исботлади. Стадиондаги муҳит ҳар қандай футболчини ўйнатиб юборадиган даражада эди. Айниқса, “Андижон” сардори Илдар Маматказин жонбозлик кўрсатди. Сардорлик боғичи ҳам унга доим қўшимча масъулият юклайди. Шу куни у майдоннинг ҳар бир қарич ерида рақиб билан жиддий курашди ва аксариятида ютиб чиқди. Ҳатто, “Насаф”нинг бразилиялик ҳамда аргентиналик ҳужумчиларига ҳам имконият қолдирмади. Меҳмонларнинг ҳужумларини зарарсизлантиришда, голлардан сақлашда Илдарнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Шубҳасиз, у энг яхшиси эди.

ОКМК – “Сурхон” – 2:3. Учрашувнинг энг яхши футболчиси - Асадбек Каримов

Кутилмаган натижа сифатида кўпчилик ОКМК – “Сурхон” учрашувини тилга олмоқда. Дарҳақиқат, беллашувдан аввал Миржалол Қосимов жамоасининг имконияти юқори баҳоланганди. Аммо “Сурхон” барча тахминларни йўққа чиқарди. Айниқса, яқинда 20 ёшга тўлган Асадбек Каримов ўйинни “ёндирди”. У ОКМК дарвозасига иккита гол урди ва жамоасининг ғалабасига катта улуш қўшди. Биласизми, Каримов ўтган йили ОКМК U-21 жамоасида тўп сурган. Бу йил эса “Сурхон”га ўтди ва кўриб турибсизки, ўзига берилган имкониятдан фойдаланяпти ҳамда ОКМКни голлари билан мағлуб этди. “Сурхон”да унга ўхшаган порлаши кутилаётган иқтидор эгалари бисёр экан.

асад

“Нефтчи” – “Металлург” – 1:0. Учрашувнинг энг яхши футболчиси - Умар Адҳамзода

“Нефтчи” ҳам иккинчи даврани биринчиси каби ғалаба билан бошлади. Бекободда 0:3 ҳисобида ғалаба қозонган фарғоналикларга бу гал уч очкони қўлга киритиши учун биргина гол кифоя қилди. “Нефтчи” ярим ҳимоячиси Умар Адхамзода эса ажралиб турди. У жамоадоши Аббос Ғуломов томонидан киритилган голга ассистентлик қилди. Мухлислар ишончини қозонишда давом этяпти.

“Бунёдкор” – “Сўғдиёна” – 0:2. Учрашувнинг энг яхши футболчиси - Жавоҳир Қаҳрамонов

Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби Иван Бошкович бошчилигида мухлисларини яна хурсанд қилмоқда. Иккинчи даврани Тошкентда “Бунёдкор”га қарши муҳим ўйин билан бошлаган “Сўғдиёна” ишончли тарзда ғалаба қозонди. Айниқса, ярим ҳимоячи Жавоҳир Қаҳрамонов ажралиб турди. Жамоа сардори бўлиб майдонга тушган Қаҳрамонов ўйин қаҳрамонига айланди. Аввалига 12-дақиқада ажойиб гол уриб ҳисобни очди. 44-дақиқада эса Займовичга голли узатмани оширди. Мураббий уни 83-дақиқада алмаштирди. Жавоҳир аллақачон жамоасининг етакчисига айланган ва буни яна бир карра исботлади.

қаҳрамонов3_1

“Қизилқум” – “Навбаҳор” – 1:2. Учрашувнинг энг яхши футболчиси - Ислом Кенжабоев

Биринчи даврадан фарқли ўлароқ “Қизилқум” иккинчи даврада анча кучайди. Буни Навоийда “Навбаҳор”га қарши учрашувда кўрдик. Тўғри, майдон эгалари 1:2 ҳисобида мағлубиятга учрадилар. Лекин ўйини анча ўзгарган, яхши тарафга. Кучли рақибга қарши кучли босим уюштира олди. Бунда тезкор ва тиниб-тинчимас Ислом Кенжабоевнинг ҳаракатлари таҳсинга лойиқ. Пенальтидан гол урди ва яна бошқа вазиятларда фаоллиги билан ажралиб турди. Рақиб ўйинчиларни шошириб қўйгани рост. Кенжабоев собиқ жамоасига қарши баҳсда чиндан ҳам яхши ўйин намойиш қилди.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!