Жамшид Искандеров: "Гуруҳ босқичини пешқадам сифатида якунламоқчимиз"

Ўзбекистон Coca Cola Кубоги гуруҳ босқичи, 3-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Нефтчи” ўртасидаги учрашув арафасида “лочинлар”нинг 27 ёшли тажрибали ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

-  Ҳар бир учрашувда чиройли ўйин намойиш этган ҳолда, ғалаба қозониб,  мухлисларга қувонч улашишга ҳаракат қиламиз. Бўлажак баҳс ҳам бундан мустасно бўлмайди, албатта. “Навбаҳор” – “Нефтчи” иштирокидаги “водий дербиси” ўйинларини кўп маротаба томоша қилганман ҳамда кескин курашлар остида ўтишига гувоҳ бўлганман. Энди эса бевосита ўзимда шундай ажойиб дербида қатнашиш имконияти туғилмоқда.

Худога шукр,Ўзбекистон Кубоги баҳсларида дадил одимлаяпмиз ва фарғоналиклар билан бўладиган беллашувда ҳам зафар қучиб, Ўзбекистон Кубогининг гуруҳ босқичи баҳсларини юз фоизлик натижа қайд этган ҳолда, пешқадам сифатида якунлаш ниятидамиз. Бўлажак дерби принципиал аҳамиятга эга бўлганлиги боис, қизиқарли, чиройли, кескин курашларга бой ўтади, деган умиддаман.

Фурсатдан фойдаланиб, мухлисларга ушбу муқаддас Рамазон ойидаги ибодатларини Аллоҳ ўз даргоҳида қабул қилишини тилаб қоламан.        

Шунингдек, ишқибозлардан бўлажак ўйинда стадионга кўпроқ ташриф буюриб, жамоамизни бевосита қўллаб-қувватлаб, биз – футболчиларга мададкор бўлишларини сўрайман.

Биз эса мухлисларнинг қўллаб-қувватлашларига яраша майдонда муносиб тўп тепиб, уларга қувонч улашишга интиламиз ҳамда ғалаба қозониш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.

Бахтимизга “Навбаҳор” ишқибозлари ҳамиша соғ бўлишсин.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Восток
17/04/2022 11:00
Омад куч-куват тилаймиз. Жамшитжон