Жамшид Искандеров: "Насаф" устидан қозонилган ғалаба бизга олдинги ишончни қайтарди
«Локомотив» клубининг «Насаф»га қарши ўйини кўпчиликда катта қизиқиш уйғотгани рост. Чунки доим иккала жамоа ўртасидаги учрашувлар ўта қизғин ва муросасиз тарзда кечади. Бу сафарги тўқнашув ҳам юқори «ҳарорат»да ўтди десак янглишмаймиз. Ўйин тақдирини эса Жамшид Искандеровнинг ягона голи ҳар қилди ва «Локо» охирги омадсизликлардан кейин ниҳоят марказий беллашувда ғалаба қозона олди. Ўйиндан сўнг эса ягона гол муаллифи бўлган Искандеров билан суҳбатлашдик.
- «Локомотив» - «Насаф» баҳси турнинг марказий учрашуви эди ва ўйин ушбу таърифга жуда мос тушди. Беллашувда иштирок этган футболчи сифатида нима деган бўлардингиз?
- «Насаф»га қарши учрашув қийин ўтиши маълум эди ва ўйин шунга яраша бўлди. Гапнинг очиғи, жамоамизда руҳий тушкунлик бор эди. Боиси бунга қадар «Сурхон»га қарши иккита ўйин ўтказгандик ва ўша беллашувларда ўзимизга керакли натижаларни қўлга кирита олмагандик. Бизга ғалаба сув ва ҳаводек зарур эди. «Насаф» устидан муҳим уч очкони қўлга кирита олдик ва бу ғалаба биз учун катта фойда бўлди. Айниқса, кейинги беллашувларга руҳий томондан анча тикланиб оламиз. Йигитларга ўзига бўлган ишонч керак эди. «Насаф»га қарши учрашув эса бизга олдинги ишончни қайтарди.
- Демак, «Локо»нинг Лига Кубоги ва Ўзбекистон Кубогидан эрта чиқиб кетгани руҳий томондан анча таъсир қилибди-да?
- Ҳа. Ўша «Сурхон»га қарши иккита ўйин биз учун муваффақиятсиз бўлди. Натижада футболчилар руҳий тушкунликка тушиб қолишди. Бизни ўша ўйинларда фақат ғалабалар қониқтирарди.
- Тошкентда «Сурхон»ни 5:1 ҳисобида ютгандинглар. Аммо кейин Термиздан икки марта қуруқ қўл билан қайтдинглар. Демак, «Сурхон» ноқулай рақибга айланяптими?
- Кубок ўйинида қийналдик. Лекин чемпионат баҳсида бемалол ютсак бўларди. Афсуски, имкониятларимиздан фойдалана олмадик.
- «Насаф» билан учрашувда ягона голингиз ўйин тақдирини ҳал қилди ва бевосита ўйин қаҳрамонига айландингиз. Аслида сизда беллашувдан аввал мана шундай истак юқоримиди?
- Ҳар доим майдонга тушганимда биринчи навбатда жамоамга фойдам тегиши учун ҳаракат қиламан. Ўзим қаҳрамонга айланишим ёки голни мен уришим керак, деган фикрлар хаёлимда йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биринчи навбатда жамоавий ўйин ҳамда унинг манфаатлари биз учун устун туради. Бу сафар шунчаки менинг омадим келди ва гол урдим. Муҳими, ғалаба қозона олганимиздан хурсандман.
- «Локомотив» иккинчи даврани яхши бошлай олмади. Аввалига Жиззахда ютқазди, кейин Термизда омадсизликка учради. Сизнингча, жамоага нима бўлганди?
- Чиройли ўйинлар кўрсатган ва шунга яраша голли имкониятларимиз ҳам кўп бўлган пайтлар бўлди. Ўша «Сўғдиёна» ва «Сурхон»га қарши учрашувларда биздан негадир омад юз ўгирди. Бир нарсани тўғри тушуниш керакки, ҳозирги пайтда бизда гўёки янги жамоа шаклланмоқда. Бизга бироз вақт керак бўлади. Фурсати келганда, қилаётган меҳнатларимизнинг фойдасини оламиз.
- Самвел Бабаяннинг иш услубига мослашиш бироз вақт талаб этяпти, тўғрими?
- Ҳа, шунақа. Футболчилар қўлларидан келганича мураббийнинг талабларини бажариб туришибди. Лекин, ўйлашимча, ўйиндан-ўйинга кучайиб борамиз.
- Аммо «Насаф»га қарши учрашувда «Локомотив» ўйинни назоратига олди ва аста-секин жамоанинг ўйин чизгиси пайдо бўлаётгани кўринди. Демак, «Насаф» билан учрашувга «настрой» ҳам бошқача бўлганмиди?
- Ҳар бир учрашувга жиддий тайёргарлик кўрамиз. Футболчи майдонга тушганда фақат ғалаба илинжида бўлади. Юқорида айтганимдек, мағлубият ва дурангдан сўнг жамоа бироз тушкун ҳолатга тушиб қолганди. Аксига олиб, яратаётган имкониятларимиз голга айланмаяпти. «Насаф»га қарши ўйинда эса йигитлар қандай бўлмасин ғалаба қозониб, ўзларига бўлган ишончни қайтаришни астойдил хоҳладилар. Қандайдир қийин ҳолатга тушиб қолганимизни ўзимиз ҳам тушуниб тургандик.
- «Локомотив» чемпионлик учун курашда «Пахтакор»дан анча ортда қоляпти. Очколар ўртасидаги тафовут эса 13 тани ташкил қилмоқда. Вазиятга реал қарайдиган бўлсак, «Локо»нинг бу борадаги имкониятлари деярли қолмадими?
- Ҳақиқатан ўртадаги фарқ жуда катта. Лекин биз ҳар бир учрашувда жамоамиз манфаатини ўйлаб ғалабалар қозонишимиз ва очколаримизни йиғишда давом этишимиз лозим. Қолганини эса вақт кўрсатади, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Тан оламан, қийин, мутлақо осон демаган бўлардим.
- Ҳар бир турдан сўнг «Пахтакор»нинг натижасига ҳам қизиқяпсизми?
- Нафақат «Пахтакор», балки ҳар бир жамоанинг қайд этган натижаларига қизиқиб бораман.
- «Локомотив»дан ташқари, сизга кўпроқ қайси жамоанинг ўйини ёқяпти?
- Ҳар бир жамоа билан ўйнаш қийин. Бирор-бир баҳс олдидан бугун осон ютамиз дея олмаймиз. Чунки ҳар бир жамоанинг ўзига яраша мақсади бор. Осон рақиблар йўқ.
- Бабаян бош мураббий бўлганидан сўнг жамоада биринчи навбатда нимани ўзгартирди?
- Ҳар бир мураббийнинг футболга бўлган қарашлари бор. Самвел Бабаяннинг ҳам ўз услуби бор. Айни пайтда мураббий томонидан бизга айтилаётган ва тушунтирилаётган кўрсатмаларини бажаришга ҳаракат қиляпмиз. Муҳими, ҳаммаси ғалабали ўйинларга қаратилган.
- «Локомотив» учта фронтда кураш олиб бораётганди. Бироқ Кубок баҳсларидан чиқиб кетди. Чемпионлик учун курашдан эса узоқлашиб кетди. Бундай пайтда футболчиларда мотивация йўқолмаяптими?
- Ғалаба доим биз учун асосий вазифа бўлиб қолаверади. Ахир дуранг ёки мағлубият учун ўйнамаймиз-ку.
Фикрлар