Жамшид Саидов: "Андижон" майдонидан бир очко олганимиздан хурсандман"
Суперлиганинг 24-туридаги сўнгги учрашувида “Андижон” “Қизилқум” билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Ушбу беллашувдан сўнг ташкил қилинган матбуот анжуманининг дастлабки қисмида меҳмонлар бош мураббийи Жамшид Саидов иштирок этди.
- Биринчи навбатда “Андижон” қандай ўйин кўрсатишини билган ҳолда тайёргарлик кўрдик. “Андижон” ҳам биз қандай ўйин намойиш этишимизни билади. Биз асосан ҳимоявий тактика танладик. “Андижон” майдонидан бир очко олганимиздан хурсандман. Сабаби, бундай мухлислик олдида ўзига хос босим бўлади, ўйнаш жуда оғир. Навоийдан узоқ йўл босиб келган кам сонли бўлса-да, мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман. 90 дақиқа тинмай бизни қўллаб-қувватлаб туришди ва футболчиларимга ўз вазифасини бажаришга ҳаракат қилишгани учун раҳмат. “Андижон”дан муҳим очкони олдик.
- Дисквалификация сабабли ўйинни ўтказиб юборган Муҳаммадали Ғиёсов ва Гиорги Кухианидзенинг йўқлиги ўйинга қанчалик таъсир кўрсатди?
- Ҳа, бугунги баҳсда уч нафар асосий футболчимиз ўйнамади. Лобжанидзе, Кухианидзе ва Ғиёсов жароҳатлар ҳамда сариқ карточкалар тўпланиб қолгани туфайли ўтказиб юборишди. Уларни йўқлиги билинди. Шунинг учун биз асосан ҳимоядан, қарши ҳужумда ўйнашга қарор қилдик.
- Захирадан майдонга тушган Бозоровни яна захирага олдингиз. Бу тактик ўзгариш билан боғлиқмиди ёки...
- Ҳа, бу тактик ўйинчи алмаштириш эди.
- “Қизилқум” бу йил “Андижон” билан уч марта ўйнади ва барчасида юта олмади. Бунга нима сабаб?
- Биз Александр Хоямков билан узоқ йиллар бирга ишлаганмиз. “Машъал”да ҳам, “Андижон”да ҳам. Андижон мен учун бегона шаҳар эмас, яхши биламан. Ҳа, биз “Андижон” билан бу йил ҳисобидан Кубокни ҳисобламаганда тенг ўйнадик. Биринчи даврада 3:3 ўйнагандик. Бугун ҳам дуранг бўлди. Бу табиий. Суперлигада муросасиз баҳслар кўп бўлмоқда. 2-3-ўринлар учун баҳслар анча шиддатли ўтмоқда. Ҳар бир тур сюрпризлар тақдим этмоқда. 2 та тур қолди. Бўлажак беллашувларга ҳам максимал тайёргарлик кўрамиз.
- Бугун жамоангиз бир очко ишладими ёки икки очко йўқотдими?
- Бир очко жамғардик, деб ўйлайман.
Фикрлар