Жамшид Саидов: Бундан кейин ҳам гол урмасдан ғалаба қозонишимизга рози бўлардим
Ниҳоят, “Бухоро” клуби ушбу мавсумдаги дастлабки ғалабасини қўлга киритди. Улар “Сурхон”га қарши учрашувда рақибнинг автоголи эвазига уч очкони қўлга киритишди.
Учрашувдан сўнг “Бухоро” бош мураббийи Жамшид Саидов sports.uz мухбирига ўйин ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
- Дастлабки ғалаба билан табриклаймиз, учрашув ҳақида нима дея оласиз?
- Биринчи навбатда йигитларни муҳим ғалаба билан табриклайман. Бу ютуқ осонликча қўлга киритилмади. Бунинг учун футболчиларимизга раҳмат айтмоқчиман, улар охиригача курашишди.
- “Сурхон” сиз кутгандек ўйин кўрсатдими?
- “Сурхон”нинг қандай ўйин кўрсатаётганини билардик. Шунинг учун биз бу ўйинга тайёр эдик. Ўйинчиларимиз олдиларига қўйилган вазифани ва кўрсатмаларимизни бажаришди. Бугун кўплаб имкониятларни яратдик, аммо улардан фойдалана олмадик. 90 дақиқа давомида бир темпда ўйнаш анча қийин бўлди.
- Ўйин тақдирини автогол ҳал қилди ва “Бухоро” жамоаси гол урмасдан ғалаба қозонди. Кейинги учрашувларда ҳам жамоангиз гол урмай ғалаба қозонса, сиз бунга рози бўлармидингиз?
- Ҳар қандай ғалаба ғалабалигича қолади, албатта мен рози бўлардим. Ўйин ёки голлар эсдан чиқиши мумкин, лекин ғалаба унутилмайди. Масалан, 5 йилдан кейин шу йилнинг 22 август куни “Сурхон”га қарши нима бўлганди деса, ўйин ёдга олинмайди, лекин натижа эсланади.
Фикрлар