Жамшид Саидов "Бухоро" бош мураббийими? "Кимнинг қаерда ишлашини мен ҳал қиламан!" - демоқда бу хусусида клуб бош директори

“Бухоро” клубида ким бош мураббий? Менимча, бу савол охирги пайтларда жуда кўп янгради-а? Даврон Файзиев ўз жойида. Бош мураббийликни давом эттиряпти. Анвар Бердиев эса унга ёрдам беряпти.

Лекин кечаги хабар яна фикрларимизни ўзгартириб юборяпти. Клубнинг ўтган йилги устози Жамшид Саидовнинг яна “Бухоро”ни бошқариши ҳақидаги маълумотлар қанчалик рост?

Охирги пайтларда юз берган клубдаги воқеалар муносабати билан “Бухоро” жамоаси бош директори Жамол Абдусатторович Алимов sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарди

- Мана, ҳозир ҳам машғулотдан чиқдик. Даврон Файзиев ўз вазифасини бажаряпти, - дея суҳбатни бошлади клуб бош директори. - Одамларни гаплари ёмон тарқалди. Фақат оилавий муаммолари борлиги сабабли, мендан уч кунга рухсат сўради. Телефонимни ўчириб қўяман, керак бўлсам, мана бу номерда бўламан, деб бошқа рақамини бериб кетди. Онасининг бетоблиги бор экан ва яна бошқа муаммоларини ҳал қилиш учун кетганди. Лекин мен Даврон билан гаплашиб турдим. Ўшанда мухлисларга ҳам сизлар безовта бўлманглар, Файзиев билан алоқадаман, у келади, деб айтдим. Анвар Бердиевни олаётган бўлсам, уни ёрдамчи мураббийликка чақирганимни тушунтирдим. Тошкентдаги йиғинимиздан кейин футболчилар Бухорода тўпланишди ва эртасига Даврон Файзиев ишга қайтди. Фақат одамлар орасида гап-сўзлар тарқаб кетди. Айни пайтда режа бўйича ишлаяпмиз. 1 март куни Қаршида “Насаф” билан ўртоқлик учрашувида ўйнаймиз. Мана, Файзиевни ўзи ҳам клубдан кетмагани ҳақида интервью берди, машғулотларни ўзи олиб боряпти, расмлари ҳам чиқяпти. Масалан, бугун ҳам машғулотда ўзи билан бирга эдик.

- Анвар Бердиевни клубга таклиф этиш ташаббуси кимдан чиқди?

- Биз, клуб раҳбарларидан.

- Аввалига уни Файзиевнинг ўрнига бош мураббийликка чақиришди, деган хабарлар ҳам пайдо бўлганди. Чунки у ўзи билан бирга Сергей Лебедевни ҳам олиб келганди...

- Уни бош мураббийликка чақирмаганмиз, бу ёлғон гап. Анвар Бердиевни ёрдамчи мураббийликка таклиф қилдик. Ўзи ҳам “Бухоро”га ёрдамчи мураббий бўлиб келишини биларди. У бизга кераклиги учун ўзи билан музокара ўтказдик ва кейин чақирдик. Бухорога келганида Даврон Файзиев билан жуда илиқ муносабатдалиги кўринди. Клубда йиғилиш ўтказдик ва Бердиевни ёрдамчи мураббий сифатида ҳаммага таништирдик. Машғулотларда бирга ишлашяпти.

- Аслида Даврон Файзиевни Анвар Бердиев бўйича муносабати қандай бўлди?

- Ҳеч қандай эътироз билдирмади. Қайтанга, ўзи Бердиев ҳақида яхши гаплар айтди. Уни олиб келишимиздан хурсандлигини яширмади. Агар бу борада бирор муаммо бўлганида, норозилигини билдириб, кетган бўларди. Чунки Файзиевни характери оғирроқ, у гап кўтармайди. Бошида Даврон билан келишиб олганмиз. Бирор муаммо бўлса, биринчи бўлиб менга айтади. Албатта, Бердиевни таклиф қилишдан аввал, Давронга бу ҳақида айтдим ва фикри билан қизиққанман. Биласизми, мавсум давомида Файзиев клубда бошқа сабаблар туфайли бўла олмаслиги ҳам мумкин, масалан уни мураббийлик ўқиши ҳам бор. Мана шундай пайтларда Анвар Бердиев ишни бемалол олиб бораверади.

- Лебедев ҳам мураббийлар штабига қўшилганми?

- У ҳозирча техник-директор лавозимида.

- Куни кеча бизга яна бир хабар етиб келди. Унга кўра, клубнинг ўтган йилги мураббийлари – Жамшид Саидов билан Александр Хомяковнинг “Бухоро”га қайтиши ҳақида эшитдим. Бу масалага сиздан бошқа ҳеч ким аниқ маълумот бера олмаса керак...

- Хомяков ҳеч қанақасига келмайди. У билан барча ҳисоб-китобларни қилганмиз ва жамоамиздан кетган. Лекин Жамшид Саидов ЎФАга “Бухоро” билан яна шартномам бор, пулларимни ундириб беринглар, деб ёзган. Кейин эса, уни “Бухоро”га бош мураббийликка қайтариб қўйишимизни айтишди. Лекин Даврон Файзиев бизда бош мураббий бўлиб ишлаяпти. Жамшид Саидов ишга қайтади, аммо мен қаерга қўйсам, ўша ерда ишлайди. Чунки кимнинг қаерда ишлашини мен ҳал қиламан. У бу масалада ўйлаб кўриши ва бир қарорга келиши керак. Ҳали яна ЎФА билан гаплашамиз. Саидовнинг ўзи билан ҳам гаплашамиз. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади ва келишган ҳолда якуний тўхтамга келамиз.

- Демак, Жамшид Саидов клубда бошқа лавозимда ишлаши мумкин экан-да?!

- У бош мураббий лавозимида ишга чиқса-да, лекин ҳали бу масалани хал қиламиз. Бунга вақт бор. Ҳозирча Саидов масаласида тугалланмаган бошқа ишлар бор. Ҳаммаси ҳал бўлгунча бир ҳафта, 10 кунча вақт бор. Кейин ҳаммаси ҳал бўлади.

- Даврон Файзиев клубда икки ойдан бери ишлаяпти. У ҳақида дастабки фикрингиз қандай?

- Даврон Файзиев зўр мураббий. Иши, футболчилар билан муносабати, мураббийлик билими, ҳар томонлама яхши мутахассис. Давронга гап бўлиши мумкин эмас. Машғулот олиб бориши ҳам яхши. Биласиз, ўйинчилик фаолиятида ЦСКА ва яна бошқа яхши клубларда ўйнаган. Унга ҳамма ишонч билдиряпти. Ҳозиргача бизни уялтириб қўйгани йўқ. Қишки йиғин пайтида ўтказилаётган ўртоқлик ўйинлари тайёргарлик холос. Ҳамма ўзининг боласини асрайди. Жароҳат олиб қолмасин дейди. Назорат учрашувларидаги натижалар муҳим эмас. Кимни қайси позицияга қўйишни мураббий ҳал қилади. Қандай ўйин намойиш этишимизни чемпионатда кўрсатамиз.

- Селекциядан қониқиш ҳосил қиляпсизми? Таркибга яна янгилар қўшиладими?

- Худо хоҳласа, яна футболчилар қўшилади. Бу ҳақида кейинчалик яна айтамиз. Кимни қолиши ва кетишини мавсум олдидан ҳал қиламиз.

- Ўтган йили “Бухоро”да молиявий муаммолар бор эди. Энди бу қандай бартараф этиляпти?

- Босқичма-босқич қарзларни узишни бошладик. Жадвал бўйича пуллар тушади. Бирорта қарзлар қолмайди. Барча қарздорликни ёпамиз. Аллоҳ қўллаб-қувватласа, яхши ўйинлар кўрсатиб, Суперлигага қайтиш ниятимиз бор. Мухлисларимиздан жамоамизни қўллаб туришларини сўраб қоламан.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!