Жамшид Саидов истеъфо ҳақида: "Бундай ҳолат биринчи марта эмас-ку!"
Навоийнинг “Қизилқум” клубини ўтган йилдан бери бошқариб келган Жамшид Саидов билан тузилган шартнома якунланди. Маълум бўлишича, у жамоа билан хайрлашган. Sports.uz журналисти Саидов билан боғланди.
- “Қизилқум”ни ушбу мавсумдаги иштирокидан қанчалик қониқдингиз?
- Ўзингиз кўрдингиз, рақобат жуда қаттиқ эди. Турнир жадвалида пастки ва юқори ўринлар учун кураш охиригача давом этди. Фикримча, биз мавсумни ёмон ўтказганимиз йўқ. Олдимизда катта мақсад ҳам йўқ эди. 6 ёки 7-ўринни эгаллаш вазифаси қўйилмаган. Кучли ўнталикка кириш керак эди. Бизга охирида уч очко етишмади. Агар уч очко олганимизда 9-ўринни олардик. Ўйлайманки, шу таркиб билан бор кучимиз ва имкониятимизни ишга солдик. Қўлимиздан келганича максимал ҳаракат қилдик. Футболчиларга катта раҳмат. Яна бир сабаби, биз умуман ўз майдонимизда ўйнамадик. Машғулотларимизни Навоийда ўтказдик, ўйинларимизни эса Қаршида ўйнадик. Буни ҳам таъсири бор. 30 ноябрда шартномам тугади.
- Раҳбарият билан гаплашдингиз. Клубдан кетишингиз ташаббуси кимдан чиқди? Раҳбариятни позицияси қандай бўлди?
- Билмадим. Барчасини раҳбарият ҳал қилади. Сабаби, балки 11-ўринни олганимиз бўлса керак. Улар билади ва улар ҳал қилади.
- Мураббий сифатида “Қизилқум”ни тарк этиш сизга оғир ботмадими?
- Биласизми, бундай ҳолат биринчи марта эмас-ку! Мураббийнинг ҳаёти шунақа. Кимгадир ёқмай қолдим, кимгадир ишим ёқмади. Шунча мураббийлар келяпти-кетяпти.
- Кейинги режангиз қандай? Янги вариантлар борми?
- Ҳозирча вариантлар йўқ. Уйда, оилам биланман, таътилмадан. Вақт кўрсатади.
- “Қизилқум”даги мавжуд шароит ва таркибдан келиб чиқиб, эгаллаган ўрни қанчалик мос деб ўйлайсиз?
- Қийинчиликлар бўлди, аммо биз максимал ҳаракат қилдик. Айтганимдек, рақобат кучли эди. Лекин биз охиригача курашдик.
Фикрлар