Жамшид Саидов: Муҳими "Андижон"ни Суперлигада сақлаб қолдик
Андижонликлар «Қизилқум»га қарши ўйинда қийинчилик билан бўлса-да, кичик ҳисобда ғалаба қозонишди. Натижада улар жорий мавсумни 10-ўринда якунладилар. Айтиш керакки, охирги иккита учрашувга жамоани ёрдамчи мураббий Жамшид Саидов тайёрлади. Бош мураббий Александр Хомяков эса Украинага лицензиясини янгилаш учун кетганди. Шу боис «Қизилқум»га қарши баҳсдан кейин Саидов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Мавсумнинг сўнгги туридаги ғалаба билан табриклаймиз. Баҳс ҳақида нима деган бўлардингиз?
- Аввало айтишим керакки, кечаги воқеа менинг нафақат мураббийлик фаолиятимда, балки футболдаги ҳаётимда биринчи марта содир бўлишидир. Бунгача ҳеч қачон туманли об-ҳавода футбол ўйнаб қолдирилмаганди. Бундай пайтда иккинчи кунга ўйинни келган жойидан давом эттириш футболчиларга, айниқса руҳий томондан жуда ҳам оғир бўлади. Чунки уларни яна қайтадан тайёрлантириш керак бўлади. Шундай ҳолатда муҳим ғалабани қўлга киритганимиз учун йигитларга катта раҳмат айтмоқчиман. Улар ғалаба қозониш учун охиригача курашишди. Жамоамизни қўллаб турган мухлисларимизга ҳам катта раҳмат айтмоқчиман. Ушбу мавсум биз учун жуда оғир бўлди. Чемпионат давомида қаердадир кўтарилиш ва пасайишлар бўлди. Энг муҳими, «Андижон»ни Суперлигада сақлаб қолдик. Энди келаси мавсумга нима бўлишини вақт кўрсатади.
- Бош мураббий Александр Хомяков охирги иккита ўйинда жамоа билан бирга бўлмади…
- Ҳа, у 26 ноябрь куни Украинага кетганди. Чунки УЕФАнинг «В» лицензиясини янгилаши керак эди.
- Унинг йўқлиги туфайли мухлислар орасида Хомяков кетиб қолибди, деган гап-сўзлар ҳам пайдо бўлди…
- Йўқ, бундай эмас. Унинг клуб билан шартномаси бор. Аммо Хомяков Украинадан тўғри уйига – Россияга кетади. Чунки уни энди бу ерга келгани билан фойдаси йўқ-ку. Жамоа шундоқ ҳам таътилга чиқди.
- Бугунги ғалабадан сўнг «Андижон» мавсумни 10-ўринда тугатди. Бу натижани қониқарли деса бўладими?
- Ҳа, ўйлайманки, бу қониқарли натижа.
- Лекин охирги ўйин бўлгани учунми футболчилар оғир ўйнашди.
- Ҳа, тўғри. Кеча ҳам ўйнагандик ва унда ҳисоб 0:0 эди. Бугун ҳам ўйнадик 1:0 га ютдик. Демак, икки кунда «Қизилқум»дан тўрт очко олдик (кулади). Кечаги ҳолатдан сўнг бугун оғир ўйин бўлди. 3-4 та имкониятдан биттасини урдик. Шаҳзод Убайдуллаевнинг ўзи учта гол уриши керак эди. Йигитлар яхши кайфият билан таътилга чиқишади.
- Бугун асосий дарвозабон Виталий Мирний кўринмади ва асосан захирада ёки ўринбосарлар таркибида ўйнаган Акмал Ортиқовга ишонч билдирилди.
- Ҳа, Мирний «Қўқон-1912» билан баҳсда жароҳат олганди. Бугун эса охирги ўйин бўлгани учун Акмал Ортиқовга имконият бердик.
Фикрлар