Жаноб Моуриньо, Шомуродовга бир қараб қўйинг!

“Рома” клубининг олдида жуда муҳим мавсум турибди. Жозе Моуриньо шогирдлари А Серияда камида кучли тўртликка кириб, Чемпионлар лигасига йўлланма олиши ва Европа лигасида бош совринни қўлга киритиши талаб қилинади. Италия кубогида ғолиб чиқиш вазифасини ҳам ҳали ҳеч ким бекор қилгани йўқ.

Рим клуби раҳбарияти ва мураббийлар штаби таркибни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Спорт директори Тьягу Пинтога бош мураббий Жозе Моуриньо кимлардан қутулиш, кимларни олиб қолиш ва яна қайси ўйинчиларни олиб келиш бўйича аниқ кўрсатма берган.

Португалиялик мутахассис қарорига кўра, Элдор Шомуродов Римда қолади. Ҳамюртимизга бир неча клублардан қизиқиш бўлаётганига қарамай, “Рома”ни легионеримизни қўйиб юборишига ишониш қийин. Бунга камида иккита сабаб бор. Биринчиси, Римдаги биринчи мавсумни Элдор жамоага мослашиб олишга сарфлади, деб ҳисобланмоқда ва навбатдаги чемпионатда, ундан сермаҳсул ўйин кутиляпти. Қолаверса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори кетма-кет иккинчи мавсумни захирада ўтказишга ўзи ҳам рози бўлмаслиги аниқ.

volga_18

Иккинчидан, Шомуродовга  оғиз солаётган клублардан бирортаси Рим клуби ўзбек футболчисига сарф қилган маблағни қайтармайди. Асосий таркибга кира олмаганидан кейин ҳужумчимизнинг трансфер суммаси пасайиб кетган.

Трансферларга ихтисослашган transfermarkt порталида қайд этилишича, римликлар Моуриньо талабига кўра, Шомуродовни олиб келиш учун 18 миллион евро сарфлаган. Сўнгги янгиланишдан кейин футболчимизнинг нархи кетма-кет икки марта пасайиб, айни пайтда 8 миллион еврони ташкил қиляпти.

Шомуродовга қизиқиш билдираётган “Фиорентина”, “Торино” каби клублар одатда қиммат трансферларни амалга оширмайди. Улар фақат ижара шартномасини таклиф қилиши мумкин холос.

Шомуродов Италия футболида ўзини меҳнаткаш футболчи сифатида намоён қилган. Унинг имкониятларидан ҳужум маркази ва қанотда фойдаланиш мумкин. Тезкорлиги, дриблинги, курашувчанлиги, ортга қайтиб ўйнаши, бош билан яхши ўйнай олиши Элдорнинг устун жиҳатлари сифатида мутахассислар томонидан тан олинган.

Ўтган мавсум давомида легионеримизга А Серия клубларидан ташқари Испаниянинг “Севилья”, Франциянинг “Монако”, Германиянинг “Лейпциг” ҳамда “Хоффенхайм” каби жамоаларидан қизиқиш борлиги ҳақида хабар тарқалганди. Бироқ, бу қизиқишлар ҳозирча расмий таклифга айланмади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардорига айланган Элдорнинг халқаро майдондаги фаолияти клубдагидан кўра, сермаҳсул давом этмоқда.

Шомуродов мамлакатимиз бош жамоаси сафида Осиё чемпионатининг саралаш турнирида Мальдив ороллари терма жамоаси дарвозасига учта тўп киритиб, кетма-кет иккинчи хет-трикини нишонлади. Бундан олдин ҳужумчимиз “Наврўз кубоги” халқаро доирасида Уганда терма жамоаси дарвозасини уч бор ишғол қилган эди.

Табиийки, Жозе Моуриньонинг ёрдамчилари, “Рома” мутасаддилари мураббийлар штабига  Шомуродов терма жамоада қайд этаётган натижалар бўйича ҳисоботларни тақдим этади. Мальдивликларга қарга баҳс Элдорнинг ҳамон гол уриш қобилияти юқори эканини кўрсатди. Барча голлар ҳужумчимизнинг индивидуал маҳорати эвазига киритилди.

picture_12

Transfermarkt портали мутахассислар Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоасида 55 та учрашувда 30 та гол урганини қайд этишди. Тез орада Элдор терма жамоамиз тарихидаги энг зўр тўпурар Максим Шацкихнинг рекордини янгилаши кутилмоқда. Шацких ҳисобида 61 та учрашувда урилган34 та гол бор.

Энди энг муҳими, Жозе Моуриньо Шомуродовга кўпроқ имконият беришига боғлиқ. Чунки ўтган мавсумдагидек бир неча дақиқа ўйнаб, ўзини кўрсатиш осон эмас. Шунда ҳам Шомуродов бешта гол ва олтита ассист қайд этишга улгурганини инобатга олиш керак.

Жаноб Моуриньо, Шомуродовга ҳам бир қараб қўйинг!

Легионеримиз премьер-лиганинг энг қиммат ўйинчисига айланди!

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!