Жароҳатланган Норбеков қачон таркибга қайтади?

Coca Cola Суперлигасининг 21-туридан ўрин олган “Қўқон-1912” – АГМК учрашувида жароҳат олган Шоҳназар Норбековнинг бугунги кундаги аҳволи ва даволаниш жараёнлари қай тарзда ўтмоқда? Бу борада клуб матбуот хизмати ушбу футболчидан қисқача интервью олди.

- Шоҳназар соғликларингиз яхшими? Даволаниш жараёнлари қандай бўляпти?

- Ассалому алайкум. Соғлигим ҳозирги кунда анча яхши. Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Қийин кунлар ортда қолди, деб ўйлайман. Худога шукр, барчаси шифокорларимиз ўйлаганидан кўра анча яхши ўтяпти. Даволаниш жараёнини Тошкент шаҳридаги клиникаларнинг бирида давом эттиряпман. Мутахассис шифокорлар тавсия қилган дори-дармонларни қабул қиляпман.

- Шифокорлар сизга машғулотларга қачон қайтишингиз мумкинлигини айтдими?

- Аввало ҳаммаси Аллоҳдан. Шифокорларимиз даволаниш жараёнлари яхши кетаётганидан мамнунлар. Агар уларнинг тавсияларига тўлиқ амал қилиб, даволаниш жараёнларини давом эттирсам, машғулотларга қайтишим узоққа чўзилмаслигини таъкидламоқдалар. Шифокорларимиз 15 ноябрда қайта кўрикдан ўтишимни айтган. Ўша кўрикдан сўнг, машғулотларга қайтишим борасида аниқлик киритилади, менимча. Ноябрь ойининг охирги кунларига бориб машғулотларга рухсат бериб қолишса керак. Очиғи, ўзим ҳам жуда соғиндим. Уйда ўтириш қийин экан. Жамоамиз ўйинларини телевизор орқали кузатиш эса ундан-да қийин бўляпти. Яхши ҳам жамоадошларим, дўстларим хабар олиб туришибди. Барчаларига раҳмат.

- Сизнинг ва Суҳроб Бердиевни сўраб бизга ҳар куни мухлислар мурожаат қилиб турибди. Барчалари сизларга Яратгандан шифо сўрашмоқда.

- Ҳаммасига раҳмат. Ўзимга ҳам жуда кўп инсонлар телефон қилиб, аҳволимни сўрамоқда. Жамоамиз раҳбарларига, мураббийларимиз, барча клубимиз ходимларига ҳамда ҳурматли мухлисларимизга шу фурсатдан фойдаланиб ўзимни миннатдорчилигимни билдириб ўтмоқчиман. Яқин кунларда яна футбол майдонларида учрашамиз, деб умид қиламан. Худо хоҳласа, яна чиройли ўйинларимиз ва ғалабаларимиз билан мухлисларимизни хурсанд қиламиз, деб умид қиламан.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
12/11/2020 22:29
Шохназар соглигингизда жуда хурсандман Сухроб Бердиевга хам омад бугун анча хотиржам булдим