Жасур Ҳасанов билан Илҳом Мўминжонов ўртасида қандай зиддият юз берди? Жамоага ҳеч ким ишонмаганмиди? Футболчи вазиятга ойдинлик киритди

Самарқанднинг “Динамо” клуби “Нефтчи”дан кейин иккинчи бўлиб, муддатидан аввал Суперлига йўлланмасини қўлга киритганидан хабарингиз бор.

Фарғонада “Нефтчи” ҳамда “Динамо” клублари ўртасидаги ўйин ҳам анча қизиқарли тарзда кечди. Ўша учрашувдан кейин “Динамо” клубининг етакчиларидан бири Жасур Ҳасанов Sports.uz сайтига интервью берди.

- Жасур, “Динамо” Фарғонага келганида ҳали Суперлига иштирокчиси эмасди, аммо “Нефтчи”га ютқазганига қарамасдан, Суперлиганинг янги аъзоси сифатида Фарғонадан кетди. Ўйиндан олдин жамоа учун кутилмаган ҳолат бўлдими?

- Фарғонага келганимиздан кейин “Олимпик” ва “Нурафшон” жамоалари ўртасидаги ўйинни кўрдик. Унгача биз олдимизга қўйилган вазифани 99 фоизга бажариб бўлгандик. “Олимпик” ютганидан кейин жамоамизнинг Суперлигага чиққани 100 фоизга аниқ бўлди. Бундан бутун жамоа хурсанд. Барибир “Нефтчи” билан учрашув муҳим эди. Чунки иккала жамоа 1-ўрин учун курашаётганди. Аммо ҳисоб 2:1 бўлиб қолди. Шундай бўлса ҳам биз яхши ўйин кўрсатдик. Фақат дарвозамизга белгиланган иккинчи пенальти йўқ эди. Ҳакам мезбонларга ён босди, деб ўйлайман. 50х50 вазиятларда уларнинг фойдасига қарорлар чиқарди. Бундан аввал, Фарғонага келиб, 6:0 ҳисобида ютқазгандик. Ўша мағлубият тасодифлигини исботлашга ҳаракат қилдик. Ўйинни ҳамма кўрди.

жасур2

- “Олимпик” – “Нурафшон” ўйинидаги натижадан кейин “Динамо”ни расман Суперлига иштирокчисига айлангани “Нефтчи”га қарши учрашув олдидан сизларнинг руҳий тайёргарлигингизга таъсир кўрсатдими?

- Йўқ, аксинча. Биринчи ўрин учун бизда ҳам имконият борлиги учун янада яхшироқ ўйнашга ҳаракат қилдик. Агар “Нефтчи”ни ютганимизда биринчи ўрин учун бизда ҳам имконият сақланиб қоларди. Кўрган бўлсангиз, яхши ўйин бўлди.

- “Нефтчи”га қарши ўйиннинг охирги дақиқаларида баҳсли вазият кузатилди. Фарғоналиклар устози билан ўртангизда нима бўлди?

- Аутга тўпни олиш учун бораётганимда мураббий тўпни тепиб юборди. Шу пайт унга нима учун тепиб юборяпсиз, десам у мени ҳақорат қилди. Мен фақат тўпни олиш учун боргандим. Ўйин чоғида ҳамма асабийлашади. Бундай пайтда асабларни жиловлаш қийин бўлиб қолади. Ҳиссиётлар жунбушга келади. Лекин учрашувдан кейин ҳаммаси жойида.

жасур3_1

- “Динамо” вазифани бажарган бўлса ҳам мавсум давомида турли қийинчиликларга дуч келди. “Нурафшон”нинг очко йўқотишлари “Динамо”га қўл келди, дейиш мумкинми?

- Йил бошида ҳеч ким биздан бу натижани кутмаганди. Таркибни яхши йиға олишмади, деган гаплар бўлганди. Бироқ бизда аҳил жамоа тузилганди, ҳаммаси яхши ва меҳнаткаш ўйинчилар эди. Катта номлар бўлмаса ҳам уюшқоқ жамоага эга бўлгандик. Раҳбарият, мураббийлар ва биз футболчилар барчамиз келишиб ишладик. Худо ҳам йўлимизни очди. Таркибимиздаги ёшлар ҳам, ёши катталар ҳам бир-бири билан илиқ муносабатда бўлди. Масалан, доим ёшлар катталарнинг гапига қулоқ солади. Жамоамизда гуруҳбозлик йўқ. Кимдир захирада қолса ҳам хафа бўлмасди. Қайтанга, захирадан майдонга тушган футболчилар ғалаба голларини урган пайтлари бўлди. Тўғри, қийинчиликлар юз берди, ютқазган пайтларимизда мухлисларнинг танқидлари ҳам кузатилди. Фақатгина жамоамизнинг аҳиллиги эвазига қийин вазиятлардан чиқиб кета олдик.

- “Динамо” таркибига мавсум бошида бухороликлардан кўчиб ўтгансиз. Собиқ клубингизни ҳам диққат билан кузатдингизми? “Нурафшон”нинг қолиб кетганига қандай муносабатдасиз?

- Билмадим, “Нурафшон” ҳақида гапира олмайман. У ерда йўқ эдим, нима бўлгани менга қоронғу. Бу жамоада 3-4 та мураббий алмашди. Сабаб шу бўлса керак. Масалан, йил бошида раҳбарият ва мураббийлар бошқа эди. Икки-уч ой ўтиб яна раҳбарият билан мураббийлар алмашди. Менинг бутун эътиборим “Динамо” билан боғлиқ эди. Чунки олдимизга аниқ мақсад қўйилганди. Иккита ўйин биз учун кўп нарсани ҳал қилди. Ғиждувонда “Нурафшон”ни ютдик ва ўз майдонимизда “Олимпик”ни 5:1 ҳисобида мағлуб этдик. Ушбу ғалабаларимиз Суперлигага чиқишимизда катта аҳамият касб этди.

жасур6

- Футболимизда иккита Жасур Ҳасанов бор. Ўз вақтида бирга ҳам ўйнагансизлар. Иккингизни ҳеч адаштириб юборишган пайтлари ҳам бўлганми?

- Ҳа, бўлиб туради. Мени жиззахлик Жасур Ҳасанов деб ўйлашган ва кейин сиз кичигимисиз дейишади. Жасур акани каттаси деб аташади.

- Бош мураббий Ҳаким Фузайлов борасида нима деган бўлардингиз?

- 2013 йили бу мураббий “Локомотив”ни бошқарганида бирга ишлаганмиз. Яхши инсон, одамгарчилиги бор. “Динамо” жамоасига катта ёрдами тегди. Қўл остидаги футболчилар билан муносабати зўр. “Динамо” бир-икки йилдан бери Суперлигага чиқа олмаётганди. Мураббийлар алмашинувлари ҳам бўлди. Ўтган йили ҳам Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилганди. Бошқа мураббийлар бу ишни эплай олмадилар. Ҳаким Фузайлов келиб таркиб йиғди ва мақсадга эришди. Раҳбарият олдида унинг юзи ёруғ бўлди. Ҳаким Қаюмович таркибни тўғри йиға олди, деб ўйлайман. Бу мураббийнинг ютуғи бўлди. Катта номлар бўлмаса-да, иқтидорли ёшларни тарбиялади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!