Жасур Ҳасанов: “Насаф”дан нима учун кетганимни вақти соати келганда айтаман
Ads

Бугунги кунда “Насаф”нинг атрофидаги воқеалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Молиявий муаммолар жамоани таъқиб этиб келмоқда. Натижада клубни бир қанча ўйинчилар тарк этиш арафасида. Биринчилардан бўлиб эса тажрибали ярим ҳимоячи Жасур Ҳасанов қаршиликлар сафини тарк этди. Албатта, мавсум ўртасида унинг кетиб қолиши кутилмаган ҳолат бўлди. У “Насаф”да ўз ўйинлари билан ишқибозларнинг ишончини қозониб келаётганди. Шу боис Жасурнинг кетиши жамоа учун катта йўқотиш бўлди. Аммо Ҳасанов клубдан молиявий қийинчиликлар туфайли кетганини айтаётганлар кўп. Қолаверса, уни “Сўғдиёна”га ўтиши ҳақида ҳам гапириляпти. Биз эса ўзи билан гаплашиб, кўплаб масалаларга ойдинлик киритиб олмоқчи эдик. Ҳасанов эса биз билан суҳбатлашишга рози бўлди.

- Кун тартибидаги асосий масалалардан бири шуки, сизнинг кутилмаганда “Насаф”ни тарк этганингиз барчани ҳайрон қолдирди. Дастлаб мухлислар учун ушбу масалага ойдинлик киритиб ўтсангиз.

- Мухлисларни тўғри тушунаман ва уларни ҳурмат қиламан. Шундоқ ҳам ушбу масала бўйича сизларга интервью бериш ниятим бор эди. Ростдан менинг “Насаф”дан кетишим кутилмаган ҳолат бўлди. Менимча, бундай бўлишини ҳеч ким ўйламаганди. Айни пайтда кўпчиликнинг оғзида “Насаф”да пул йўқ, маошлар вақтида берилмаяпти, легионерлар клубдан кетаркан, деган гаплар юрибди. Лекин менинг кетишимга буларнинг мутлақо таъсири йўқ. Ойлик маош ёки мукофот пулларини бермаётгани ҳеч қандай сабаб эмас. У ердан кетганимнинг сабаби умуман бошқа. Агар шу суҳбатим чиқса, керакли одам буни ўқиб ўзи учун керакли хулосаларни чиқариб олади деган умиддаман. Менинг мухлисларга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Аксинча, қўллаб-қувватлашгани учун улардан миннатдорман. Шу боис ишқибозлардан мингдан-минг розиман. Мен доим мухлислар билан биргаман. 

- Агар “Насаф”дан кетганингизнинг сабаби бошқа бўлса, буни ҳозирча ошкор қилиш ниятингиз йўқми?

- Аниқ сабабини айта олмайман, буни ўзим биламан. Аммо буни барибир айтишга мажбурман. Фақат вақти соати келганда айтаман. Ҳозир эса подадан олдин чанг чиқармоқчи эмасман. 

- “Насаф” клубидаги воқеалар ривожини диққат билан кузатиб боряпмиз. Натижалар салбий кўриниш оляпти, сиз кетдингиз ва яна бошқа футболчиларнинг ҳам жамоани тарк этиши борасида айтилмоқда. Молиявий муаммолар эса тобора авж олмоқда. Сиз ҳам собиқ клубингизнинг тақдирига бефарқ эмасмисиз? Умуман, воқеалар ривожини кузатиб боряпсизми?

- Ўзинглар ҳам биласизлар, йилнинг бошида бир қатор ўйинчиларимиз “Пахтакор”га кетишди. Лекин ўша кетган футболчилар билан “Насаф” кучсизланиб қолгани йўқ. Улардан кейин ёш ўйинчиларга янада кўпроқ имконият берила бошланди. Осиё Чемпионлар лигасида ҳам кўрган бўлсангиз, бир қатор иқтидорли ёшлар майдонга туширилди. Тўғри, биз гуруҳдан чиқа олмадик. Аммо шунга қарамай, бу мусобақада муносиб иштирок эта олдик деб ўйлайман. “Насаф”га ўтган йили келганимдан ҳам айтгандим ва ҳозир ҳам айтишим мумкинки, у ерда жамоа эмас, бутун бир оила мужассам бўлган. Буни айтишдан сира уялмайман. Майдонда бўладими ёки майдондан ташқаридами, ҳар доим ҳаммамиз бир оила бўлиб юрардик. Клубдаги ёш ўйинчилар билан ҳам яхши чиқишаман. Ҳалигача ўша ёш футболчилар ва мухлислар менга қўнғироқ қилиб, жамоадаги ўрнингиз билиняпти деб айтишяпти. Лекин “Насаф”дан кетишни ўзим хоҳладим. Раҳбариятнинг олдига кириб мени қўйиб юборинглар, бошқа ортиқ ўйнаш ниятим йўқлигини айтдим. Аммо клубдан ҳеч ким менга сен кетавер, энди бизга керак эмассан, деб айтгани йўқ. Ўртамизда уруш ёки жанжал бўлгани йўқ. Шунчаки, уларга ҳаммасини тўғри тушунтирдим. Бундай қарорга келганимга клубнинг янги раҳбари Сергей Петрович Кучеренко ҳам ҳайрон қолди ва бу қароримни кутмаганди. 

- Сизнинг бу қарорингизга бош мураббий Рўзиқул Бердиевнинг муносабати қандай бўлди?

- Айтяпман-ку, менинг кетишимни ҳеч ким кутмаганди. “Насаф”даги охирги ўйиним “Пахтакор”га қарши бўлганди. Шундан кейин қаршиликлар “Нефтчи” ва “Бухоро” билан ўйнашди, аммо мен ўйинда иштирок этмадим. Чунки “Пахтакор” билан ўтказилган учрашувда оёғимда бироз жароҳат пайдо бўлганди. Шу боис ўзим якка тартибда шуғулланиб, тикланишга ҳаракат қилдим. Охири раҳбариятнинг олдига кириб келажагим борасида гаплашиб олишга мажбур бўлдим. Мен у ердан кетганим учун ҳеч кимдан хафа эмасман. Авваламбор Қашқадарё мухлисларидан жуда хурсандман. Бундай ишқибозларни топиш қийин. Бу каби ашаддий ва жонкуяр мухлислар водийда ва Қаршида бор. Айни пайтда клубдан 90 фоизга кетдим. Аммо мени ишқибозлар тўғри тушунишади деган умиддаман. Яна бир бор қайтараман: “Насаф”да пул берилмаётгани ёки молиявий муаммолар туфайли кетмадим. У ердан умуман бошқа сабаб туфайли кетдим. 

- “Насаф”даги фаолиятингиз қандай таассурот қолдирди?

- Ўтган йили борган бўлсам, кўпчилик менга иккинчи ёшлигингни кўряпмиз деб айтишди. Лекин бу шунчаки гап холос. Агарда футболчи қандай ёшда бўлишидан қатъий назар ишлашдан, меҳнат қилишдан ва ўз устида ҳаракат қилишдан тўхтамаса иккинчи ва ҳаттоки учинчи ёшлигини ҳам кўрсата олиши мумкин. Менга “Насаф”дан таклиф тушганида у ерга сира иккиланмасдан борганман. Чунки бу қандай жамоа эканлигини билардим. “Насаф”га борган биринчи кунимданоқ жуда тез киришиб кетганман. У ердаги футболчиларни ўз укаларимдек кўраман. Шу боис мослашишим осон бўлган. Буни кўриб ҳамма ҳайрон қолганди. Бир йил давомида ушбу клубда ўйнадим ва бундан нолимайман. “Насаф” жуда яхши жамоа. Бундан кейин ҳам уларга омад тилаб қоламан.

- Бунгача Навоийнинг “Қизилқум” клубида тўп сургандингиз. Сизнинг “Насаф”даги ва “Қизилқум”даги ўйинларингизни таҳлил қилдик ва Қаршида ўз ўйинингизни кўрсата олганингизни айтишимиз мумкин. Бунинг сабаби нимада? Муҳитни алмаштирганингизми ёки мураббий билан боғлиқми?

- “Қизилқум” ҳам яхши жамоа, уларни ёмон деб айта олмайман. “Насаф”га ўтганимдан кейин Рўзиқул Бердиев ўз ёрдамчилари билан менинг ўйинимни яхшилаш учун машғулотларда алоҳида индивидуал тарзда ишлашди. Олдинги спорт формамга қайтариш учун доим менга машғулотлардан кейин қўшимча юкмаларни беришарди. Бу гапим билан “Қизилқум”ни ёмон жамоа демоқчи эмасман. Шунчаки, ҳамма жойни ўз ўйин услуби бор. Шунинг учун “Қизилқум”ни бошқача, “Насаф”ники бошқача. 

- Айниқса, жисмоний томондан сизда сира чарчоқ аломатларини кўрмадик. Бундай энергияни ҳаммада ҳам учратмаймиз...

- Ҳаммаси инсоннинг ўзига боғлиқ. Кимдадир хоҳиш кучли бўлади, кимдадир камроқ. “Насаф”нинг кўплаб ёшларига ҳам шу гапларни айтяпман. Мен шу пайтгача чарчамай ўйнаб келяпман.

- Бундан чиқди, ҳозирги шижоатингиздан келиб чиқиб айтсак, фаолиятингиз якунланиб бораётганини ўйламаётган бўлсангиз керак-?

- Кучим борича ўйнайман. Қолганини вақт кўрсатади.  

- Яна бир асосий масала шундаки, сизни ёзда “Сўғдиёна”га ўтишингиз ҳақида ҳам кўп гапиришяпти. Вазиятга ойдинлик кирита оласизми?

- Ўзим ҳам куни кеча Жасур Ҳасанов “Насаф”дан кетиб “Сўғдиёна”га қўшилди, деган хабарни ўқидим. Сизга тўғрисини айтсам, менга биргина “Сўғдиёна” эмас, 5-6 та клуб қизиқиш билдиряпти. Лекин ҳали ҳеч кимга аниқ жавоб берганим йўқ. Чунки вариантларим кўп. Қолаверса, Суперлигамизда бироз таътил бўлади. Шу пайт давомида ҳаммасини ўйлаб чиқиб, кейин бир қарорга келаман. Тўғри, Жиззах жамоаси билан оғзаки гаплашдим. Лекин ўртамизда бирор нимани ҳал қиладиган гап бўлгани йўқ. Сўзда бошқа, амалда бошқа бўлиши мумкин. Айни пайтда ҳеч кимга палончи клубга ўтаман деб айта олмайман. Менимча, тез орада ҳал бўлиб қолади. 

- Дарвоқе, “Насаф”ни қандай шартлар асосида тарк этдингиз? Яъни, бошқа жамоага ўтсангиз, бундан “Насаф” моддий томондан манфаат кўрадими? Ёки эркин агент асосида кетдингизми?

- Ҳозир шу масалада бош қотириляпти. Клуб билан ўзаро келишган ҳолда ҳужжатларимни оламан.

- Буни бежизга сўрамадим. Чунки “Насаф” ҳозирги қийин шароитда ўз ўйинчиларини сотиш орқали молиявий аҳволини бироз бўлса-да, яхшилаб олиш илинжида бўляпти. Шунинг учун сиз билан ҳам шундай ҳолат рўй берармикин, деган маънода айтдим.

- Клуб раҳбарияти билан ҳар куни мана шу масала бўйича алоқадаман. Мен ўзбошимчалик билан кетиш ниятим йўқ. У ердан фақат келишилган ҳолда кетаман. 

- Жамоа ичидаги вазиятдан яхши хабардорсиз. Айтинг-чи, “Насаф”нинг аҳволи яхшиланиб кетармикин?

- “Насаф”даги вазият ўнгланиб кетишига ҳамма умид қиляпти. Мен ҳам шунинг тарафдориман. Айни дамда эса “Насаф”нинг бир қатор футболчиларига бошқа клублардан жиддий қизиқишлар бор. Ҳаммаси таклифларни ўйлаб чиқишяпти, буни яширишнинг кераги йўқ. 

- Тўғри, масалан Драган Чераннинг “Пахтакор”га ўтиши ёки Азиз Ғаниевнинг Испанияга кетиши ҳақида гапиришяпти...

- Черан ҳақида бир нима дея олмайман. Уни “Пахтакор”га ҳам, “Сўғдиёна”га ҳам кетади деб гапиришяпти. У ўз келажагини ўзи ҳал қилади. Ғаниевга келсак, ҳа, унга Испания клуби тўрт йиллик шартнома таклиф қилибди. Ҳали ўзи билан кўришиб гаплашганим йўқ. Қачонки, Азиз билан кўришсам, шунда ойдинлик киритишим мумкин. Ғаниевни хорижда тўп суришини хоҳлайман. Шу жумладан Одил Ҳамробековни ҳам легионер сифатида четда ўйнашининг тарафдориман. 

- Ҳозирги ёшингизда сизда ҳам легионер сифатида тўп суришга кучингиз етадими?

- Боя айтганимдек, олдимда бир қатор таклифлар турибди. Уларни кўриб чиққанимдан кейин бир нима дея оламан. 

- Таклифлар орасида хориждан ҳам борми?

- Буниси сир бўлиб қолсин. Таклифларни фақат ўзим биламан. Бу борада мени қийнаманглар, ҳозир бу каби саволларга жавоб бергим келмаяпти. Ҳаммасига ойдинлик киритилганидан кейин яна хотиржам гаплашаверамиз. 

- “Насаф”да сиз учун ёқимли ва ёқимсиз кечган ўйинлар бўлдими?

- Ҳар бир жамоа “Насаф”га қарши бор кучини кўрсатиб ғалаба қозонгиси келади. Бир йил давомида зўр ўйинлар бўлди. Лекин қайсидир учрашувни оғир ёки енгил ўтди деб айтмайман. Кимда-ким “Насаф” билан ўйнаса, жиддий тайёргарлик кўради. Бу йил янги регламент тузилди ва бунга кўра ҳамма жамоа ортда қолмасдан фақат юқори ўринлар учун курашяпти. Шу боис ушбу йилда чемпионатимиз савияси янада кўтарилди деб ўйлайман. Йилдан-йилга чемпионатимиздаги рақобат мана шундай тарзда ўсиб бораверса, Ўзбекистон терма жамоаси албатта жаҳон чемпионатига чиқа олади. Бу эса авваламбор ўзимизнинг чемпионатга боғлиқ. Ҳозирда ҳеч ким мағлубият ёки дурангни ўйлаб майдонга тушмаяпти. Ҳамманинг мақсади битта: фақат ғалаба! 

- Тўғри, чемпионатдаги интрига кучайиб боряпти. “Насаф” эса ҳаттоки кучли олтиталикка ҳам кира олмай қоляпти ва ҳозирда 7-ўринда боряпти. Сизнинга, бу ҳол клубнинг мавқеи тушиб бораётганидан дарак эмасми?

- Йўқ, “Насаф”нинг мавқеи тушиб кетмайди. Олдинда ўйинлар кўп. Жамоа барибир юқори ўринлар учун курашаверади. Ҳеч ким ўз ошини шунчаки бериб қўймайди. “Насаф” ҳам охиригача курашади.     

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.