Жасур Жалолиддинов: "Келажакда урадиган барча голларимни унга бағишлайман!"
U23 Осиё Кубоги 2-тури доирасидаги Қатар - Ўзбекистон учрашувида Кападзе шогирдлари 6:0 ҳисобида зафар қучди. Баҳсдан сўнг жамоамиз сардори Жасур Жалолиддинов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Агрессив ўйин кўрсатишимизга Туркманистон билан баҳсдан кейинги гап-сўзлар ҳам сабаб бўлди, дея оламан. Ўзбекистон U23 жамоаси тарқоқ ўйин кўрсатди, дейишди. Аммо мен бу гапларга умуман қўшилмайман. Негаки, бизда жамоавий ўйин жуда яхши шаклланган.
Қолаверса, бугунги учрашувда мураббийларимизнинг барча кўрсатмаларига амал қилганимиз ҳам ғалаба қозонишимиз учун ёрдам берди. "Олимпик" клуби мусобақада юқори натижа қайд этишимиз учун ташкил этилган ва мақсадга аста-секин эришяпмиз. Жамоа сафига бошқа жамоалардан ҳам футболчилар қўшилган, ёшимиз тенглиги учун мослашиб кетиш узоқ вақт олмади.
Голларимизни Диёр Раҳимқулов хотирасига бағишладик. Нафақат ушбу турнир, келажакда урадиган барча голларимни унга бағишлайман. Фаолиятим давомида дўстимнинг барча орзуларини амалга оширишга ҳаракат қиламан.
Финал ҳақида гапиришга эрта, лекин юртдошларимизни ҳурсанд қилиш учун энг яхши ўйинимизни кўрсатамиз".
Фикрлар