Жасурбек Йўлдошев ҳам ўз жангини ғалаба билан якунлади
Тошкентдаги "Ҳумо арена"да бокс бўйича жаҳон чемпионати давом этмоқда.
-80 кг вазн тоифасида Жасурбек Йўлдошевга жазоирлик Юнус Немоучи рақиблик қилади. Ушбу жанг тахминан 21:00дан сўнг бошланади.
Боксчилар рингга чиқиб келишди. Ҳамюртимиз қизил либосда, унинг рақиби эса кўк формада ҳаракат қилади.
Биринчи раунд бошланди.
Боксчилар бир-бирини ўрганмоқда. Вазият бўлиши билан иккилик зарбалари берилмоқда. Жазоирлик боксчи ҳам ёмон эмас, у ҳамюртимизни рингда таъқиб қилмоқда. Юнус Немоучи айланма ва жеб зарбаларини бермоқда. Зарбаларнинг аксарияти тегмади. Энди эса вакилимиз иккилик зарбалари берди. Анча кучли ва аниқ чиқди. Афсуски, Жасурбек айланма зарбасини ўтказиб юборди.
Биринчи раунд якунланди. Ҳакамларнинг барчаси ҳамюртимизнинг устунлигини қайд этди 5:0.
Иккинчи раунд бошланди.
юнус иккилик ва учлик зарбасини йўллади. Ҳамюртимиз ҳимояланмоқда. Ўз навбатида қарши ҳужумда Жасурбек ҳам аниқ ҳаракат қилишга уринмоқда. Яккалик зарбалари ҳавога кетган ҳолатлар учраб турибди. Жасурбек Йўлдошев яна зарбалар қабул қилиб олмоқда. Ҳимояланишда камчиликлар кўзга ташланди.
Иккинчи раунд якунланди. Ҳакамлар яна бир овоздан вакилимизнинг устунлигини қайд этди 5:0.
Учинчи раунд бошланди.
Боксчилар очиқ жангга киришиб кетди. Кетма-кет зарбалар кузатилмоқда икки боксчи томонидан ҳам. Ҳамюртимиз бироз ташаббусга эришмоқда. Бироқ зарба бериб ортга қайтаётганда, қаршиликка учрамоқда. Жасурбек яккалик зарбалари бермоқда. Аниқ чиқяпти ҳамюртимизнинг уринишлари. Клинч. Учинчи раунд якунланди.
Умумий ҳисобда Жасурбек 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, терма жамоа аъзоларининг зафарли одимини давом эттирди.
Фикрлар