Жавлон Гусейнов келаси мавсумни ҳам Индонезия чемпионатида ўтказмоқчи

Маълумки, бир қатор футболчиларимиз хориж чемпионатларида тўп суриб келмоқдалар. Улардан бири эса Индонезия чемпионатида тўп сураётган ҳамюртимиз Жавлон Гусейновдир. Хабарингиз бўлса, у жорий йилги мавсум бошида Индонезиянинг «Пусамания Борнео» жамоаси таркибига қўшилганди.

Шуни айтиш керакки, ҳамюртимиз шу кунгача 27 та ўйиннинг 25 тасида иштирок этди. 2 та учрашувни эса сариқ карточкалари тўрттага етгани сабабли ўтказиб юборган. Айни пайтда Гусейновнинг жамоаси Индонезия чемпионатида 17 та жамоа орасида 42 очко билан 4-ўринда бормоқда. Олдинда эса яна 7 та тур учрашувлари турибди. Индонезия чемпионати эса 22 декабрь куни якунига етади.

Эътиборлиси, Жавлон Гусейнов «Пусамания Борнео» таркибида жамоа сардори сифатида тўп сурмоқда. Қолаверса, ҳамюртимизнинг клуби билан тузган шартномаси шу йилнинг охирида якунланади. Маълумотларга қараганда, Гусейнов мавсум тугаганидан кейин жамоасини ўзгартирмоқчи. Бу борада унга қизиқиш билдираётган клублар ҳам бор. Шу сабабли ҳамюртимиз келаси мавсумни ҳам яна Индонезия чемпионатида ўтказишининг эҳтимоли катта. Мавсум тугаганидан сўнг кейинги тақдирига ойдинлик киритади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!