ЖЧ-2022. Бразилия ҳимоячиси гуруҳ босқичи беллашувларини ўтказиб юбориши аниқ бўлди
Бразилия терма жамоасининг ўнг қанот ҳимоячиси Данило ЖЧ гуруҳ босқичи доирасидаги қолган иккита ўйинни ўтказиб юборади.
"TNT Sports" нашри тарқатган хабарга кўра, у Сербияга қарши беллашувда чап оёқ тўпиғидан жароҳат олган. Футболчи бугун тиббий текширувдан ўтди ва унга тўпиқ чўзилиши ташхиси қўйилди.
"Пентакампеонлар" мураббийлар штаби таваккал қилмасликка қарор қилди. Шу сабабдан 31 ёшли ҳимоячи гуруҳ босқичидан ўрин олган Швейцария ҳамда Камерун жамоаларига қарши беллашувларда майдонга тушмайди. Агар бразилияликлар плей-оффга чиқса, шундагина Данило яна таркибга қайтиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Тите шогирдлари дастлабки турда Сербияни 2:0 ҳисобида мағлуб этди ва Данило ушбу қарама-қаршиликда тўлиқ ҳаракат қилди. Аввалроқ, Неймар ҳам жароҳат туфайли жамоасига ёрдам бера олмаслиги тахмин қилинганди.
Фикрлар