ЖЧ-2022. Германия бош мураббийи: "Жамоага хафа бўлганимни айтдим"

Жаҳон чемпионати 3-туридан ўрин олган Коста-Рика - Германия учрашувида европаликлар 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди, аммо бу уларнинг плей-оффга чиқиши учун етарли бўлмади.

Ўйиндан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида "немис машинаси" бош мураббийи Ханс-Дитер Флик қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

- Кийиниш хонасига кирдингизми? Жамоанинг ҳиссиётлари қандай?

"Кирдим, лекин улар билан ҳали гаплашмадим. Ҳамманинг ҳафсаласи пир бўлган".

- Қайси режа иш бермади? Коста-Риканинг ўйинни назорат қилгани нима билан боғлиқ?

"Биринчи бўлимда кўплаб имкониятлар яратдик, аммо уларни голга айлантира олмадик. Барчаси шу илк 45 дақиқаликда қолиб кетди".

- Испаниянинг мағлубияти сизни кўпроқ ғазаблантирдими ёки Коста-Риканинг қаршилиги?

"Мени бошқа жамоалар қизиқтирмайди. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ эди. Тўплар фарқига қаранг. Ишончим комил, Испанияга қарши беллашувнинг дастлабки бўлимида ғалаба учун етарлича вазият қилдик, шунчаки улардан фойдалана олмадик. Акс ҳолда, барчаси бошқача бўларди. 

Жамоага хафа бўлганимни айтдим. Ҳа, ҳафсаламиз пир бўлди, аммо биз камбэк қила олдик. Хаверц бизни ўйинга қайтарганди ва мана энди уйга ғалаба билан қайтмоқдамиз.

Биз Испанияга қарши яхши ҳаракат қилдик. Уларни мағлуб этишимиз ва кўпроқ гол уришимиз керак эди. Бу идеал бўларди, бироқ эплай олмадик. Ўз вазифамизни бажардик, муҳими ортда ғалаба билан қайтамиз, аммо натижа яхшироқ бўлиши ҳам мумкин эди",-деди Флик.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!