ЖЧ-2026 олдидан Эбола хавфи: ДР Конго мухлислари АҚШга киролмаслиги мумкин
ДР Конгода Эбола вируси тарқалиши ортидан Жаҳон чемпионати-2026 олдидан жиддий муаммолар юзага келмоқда.
17 май куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ДР Конго ва Угандадаги Эбола тарқалишини халқаро даражадаги фавқулодда санитария ҳолати деб эълон қилди. Маълумотларга кўра, ҳозиргача 500 дан ортиқ эҳтимолий касалланиш ҳолати аниқланган, 130 нафардан зиёд инсон вафот этган.
Шу сабабли АҚШ ҳукумати янги санитария чекловларини жорий қилди. Энди охирги 21 кун ичида ДР Конго, Уганда ёки Жанубий Суданда бўлган хорижликларга 30 кунлик кириш тақиқи қўлланади. Шунингдек, ушбу ҳудудлардан келувчилар кучайтирилган тиббий назоратдан ўтказилади.
Бу ҳолат ДР Конго мухлисларининг Жаҳон чемпионатига бориш режаларига жиддий таъсир қилиши мумкин. Ҳатто амалдаги АҚШ визаси ҳам санитария талабларидан озод қилмайди. Бундан ташқари, 18 майдан бошлаб АҚШнинг Киншаса, Кампала ва Жубадаги элчихоналари визавий хизматларни вақтинча тўхтатган.
Шу билан бирга, ЖЧга чиққан ДР Конго терма жамоаси футболчилари махсус санитария протоколлари асосида АҚШга кириши мумкин бўлади.
Маълумот учун, ДР Конго Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Португалия, Колумбия ва Ўзбекистонга қарши майдонга тушади. Ўзбекистонга қарши учрашув 27 июнь куни Атланта шаҳрида бўлиб ўтади.

Фикрлар