"Женоа" ўз уйида "Лацио" билан дуранг ўйнади, Шомуродов яна катта саҳнада!

Италия А серияси 15-туридан ўрин олган "Женоа" - "Лацио" баҳси ўз ниҳоясига етди. Учрашувда 1-1 ҳисобидаги дуранг қайд этилди. Ўйинда ҳамюртимиз Элдор Шомуродов ҳам ҳаракат қилди ва ўз ҳисобига битта ассист ёздириб қўйди.

14-дақиқада Иммобиле пенальтидан ҳисобни очган бўлса, иккинчи таймда Шомуродов майдонга тушиб, ўз фаоллиги эвазига жамоасининг гол уришини таъминлади. Унинг ажойиб пасидан сўнг Дестро ҳисобни тенлаштирди ва шу ҳисоб ўйин якунига қадар ўзгармади.

  • 90+3'

    Учрашув якунланди! Ҳамюртимиз Элдор Шомуродов бир тайм ҳаракат қилиб, ассист амалга оширган ўйинда "Женоа" "Лацио" билан дуранг ўйнади. Матнли трансляцияни Абдулла Маннонов олиб борди. Эътиборингиз учун раҳмат!

  • 90+2'

    Римликлар аъзоси Гонсало Эскаланте ўйин қоидасини бузди ва сариқ карточка билан жазоланди.

  • 90+1'

    Сўнгги дақиқалар жуда қизғин тарзда ўтмоқда.

  • 90+'

    Учрашувга 3 дақиқа вақт қўшиб берилди.

  • 89'

    "Лацио"да сўнгги ўзгариш: Луис Альберто ўрнига Акпа Акпро майдонга тушди.

  • 87'

    Скамакка қўпол ўйнади. Ҳакам уни оғзаки огоҳлантирди.

  • 85'

    Андреас Перейра бурчакдан тўпни жарима майдони ичига етказиб берди, 11 метрлик нуқтадан боши билан зарба берган Иммобилега эса бироз аниқлик етишмади. Тўп юқорилаб кетди.

  • 84'

    Мануэль Лаццарри яна дриблингини намойиш этди ва бурчак тўпи ишлаб олди.

  • 83'

    "Лацио" 3 дақиқа ичида кетма-кет 3 та бурчак тўпи тепди, бироқ уларнинг биронтасидан натижа чиқара олмади.

  • 81'

    "Лацио"да 2 ўзгариш: Кайседо ва Савич ўрнига Андреас Перейра ва Мурики майдонга тушди.

  • 80'

    Иммобиленинг узатмасини ҳимоячилар бурчакка чиқариб юборди. "Лацио" бурчак тўпи тепади.

  • 78'

    Мануэль Лаццаррининг жарима майдони ташқарисидан берган кучли зарбасини дарвозабон ушлаб қолди.

  • 75'

    Элдор майдонга тушгач ўйин росмана маънода қизиб кетди!

  • 74'

    Элдор Шомуродов ажойиб рейд билан ҳимоячиларни ортда қолдирди ва зарба берди, бироқ сўнггги сонияда унинг зарбаси ҳимоячи томонидан блокланди!

  • 72'

    "Женоа"да ўзгариш: Бехрами ўрнига Лерагер майдонга тушди.

  • 70'

    Ух қандай вазият! Элдор Шомуродов 2 ҳимоячини ортда қолдириб қийинчилик билан дарвозага зарба берди, зарба эса дарвоза устунидан бир неча сантиметр ёнроқдан ўтиб кетди! Зарба аниқ бўлганида Пепе Рейна унга улгурмас эди.

  • 69'

    Ҳозиргина сариқ карточка олган Лукас Лейва майдонни тар этиб, ўрнига Гонсало Эскаланте майдонга тушди.

  • 68'

    Лукас Лейва ўйин қоидасини бузди ва сариқ карточка билан жазоланди.

  • 67'

    "Лацио" футболчиси бирга-бир вазиятга чиқиб кетиши мумкин эди, бироқ ҳимоячи чаққонлик қилди.

  • 66'

    Ҳаммаси жойида. Ҳакам ўйинни давом эттиришга руҳсат берди.

  • 65'

    Давиде Заппакоста ўз жарима майдони ичида тўпни қўл билан ўйнаб юборди. Бош ҳакам ВАРга мурожаат қилмоқчи. Яна пенальти белгиланиши мумкин.

  • 63'

    Мартен Чиборра қўполлиги эвазига сариқ карточка олди.

  • 61'

    Ҳозиргина гол урган Маттиа Дестро майдонни тарк этиб, ўрнига Жанлука Скамакка майдонга тушди.

  • 61'

    Сергей Милинкович-Савич "Женоа"нинг қарши ҳужумга ўтиб кетаётган футболчисини йиқитиб юборганлиги боис сариқ карточка олди.

  • 60'

    Гол нишонлашда футболкасини ечгани учун Дестро карточка билан огоҳлантирилди.

  • 59'

    ГООООООООООООООООООЛЛЛ!!! Элдор Шомуродовнинг супер фаоллиги эвазига "Женоа" ҳисобни тенглаштирди! Унинг ажойиб пасини Дестро дарвозага жойлаб қўйди! Баракалла, Элдор!

  • 58'

    Римликлар бурчак тўпидан унумли фойдалана олмади. "Женоа" қарши ҳужумда.

  • 57'

    "Лацио" хавфли ҳужум ташкил этиб, бурчак тўпига эга чиқди.

  • 55'

    Чиро Иммобиле майдон марказида Радовановичга нисбатан қоида бузди. Ҳуштак чалинди.

  • 53'

    Бадель Шомуродовни бирга-бир вазиятга чиқариб юборувчи пасни берганди, бироқ ҳимоячи тўпга Элдордан олдинроқ эга чиқди! Ҳужум иккинчи темпда давом этади.

  • 52'

    Миха Зайц бурчакдан узатган тўп анча хавфли чиқди, ҳимоячилар Элдорни алоҳида қўриқлашмоқда.

  • 50'

    2-бурчак тўпи хавфли чиқмади.

  • 49'

    "Лацио" бурчак тўпи ижро этди, ҳимоячилар тўпни қайтаришди, қайтган тўпни яна дарвозага йўналтиришди, тўп дарвозага кириб кетай деди. Бироқ бурчак тўпи.

  • 48'

    Фелипе Кайседо офсайдда қолиб кетди.

  • 47'

    "Женоа"да яна бир ўзгариш: Николо Ровелла ўрнига Миха Зайц майдонга тушди.

  • 46'

    Ваниҳоят биз кутган ўзгариш: Марко Пьяца ўрнига ҳамюртимиз Элдор Шомуродов майдонга тушди! Ундан албатта гол кутамиз!

  • 46'

    2-таймни "Лацио" ўзгариш билан бошлаб олди: Патрик Габаррон ўрнига Луис Фелипе майдонга тушди.

  • 46'

    2-таймга старт берилди.

  • 45'

    Футболчилар ва Шомуродов майдонга қайтишмоқда. Биз ҳам қайтамиз.

  • 45+2'

    1-бўлим якунланди. Танаффус. 2-таймда ҳамюртимизни майдонда кўрамиз деган умиддамиз.

  • 45+'

    1-таймга 2 дақиқа вақт қўшиб берилди.

  • 45'

    "Лацио" футболчиси Штефан Раду офсайдда қолиб кетди.

  • 44'

    Қўпол подкати учун "Лацио" футболчиси Патрик Габаррон сариқ карточка билан жазоланди.

  • 43'

    "Женоа" бурчак тўпидан хавфли вазият юзага келтира олмади. Тўпни римликлар эгаллаб олди.

  • 42'

    Марко Пьяца жарима майдони ташқарисидан тўпни дарвозага йўллади, меҳмонлар посбони Пепе Рейна эса тўпни бурчакка чиқариб юборди.

  • 40'

    Чиро Иммобиле жарима майдони ичида тўпни қабул қилиб олди ва дарвозага зарба йўллади. Бироқ унинг зарбасида аниқликдан бошқа ҳамма нарса бор эди.

  • 38'

    "Женоа" жарима майдони ичига узатма амалга оширди, жарима майдони ичида палапартиш вазият юзага келганига қарамай "Лацио" футболчилари вазиятни бартараф этишди. Тўпни меҳмонлар дарвозадан ўйинга киритиб беради.

  • 37'

    Лукас Лейва тўпга қўпол тарзда чиқиб келди, ҳакам ўйинни тўхтатди.

  • 35'

    Мартен Чиборра ("Женоа") бурчак тўпини ижро этди, римликлар ҳимояси эса бехато ўйнади.

  • 34'

    Мажбурий ўзгариш: жароҳат олган Сапата майдонни тарк этиб, ўрнига Иван Радованович ўйинга қўшилди.

  • 33'

    "Женоа" аъзоси Кристиан Сапата тўпга кураш вақтида жиддий шикастланди ва майдонда тиббий ёрдам олмоқда. У ўйинни давом эттира олмайди.

  • 32'

    Мануэль Лаццаррида гол уриш учун ажойиб вазият юзага келди, бироқ унинг зарбаси ўнг устуннинг ёнгинасидан ўтиб кетди! Голга бир неча сантиметрлар ҳалақит берди.

  • 30'

    Лайнсмен байроғини кўтарди: Маттиа Дестро офсайдда қолиб кетди.

  • 28'

    Ух қандай имконият! Фелипе Кайседо ажойиб кроссни боши билан дарвозага йўналтирди, бироқ тўп устуннинг ёнгинасидан ўтиб кетди.

  • 26'

    Омадсиз зарба. Римликлар футболчиси Луис Альберто жарима майдони ташқарисида туриб тўпни дарвозага йўналтирди, бироқ тўп дарвозанинг анча юқорисидан ўтиб кетди.

  • 25'

    Сергей Милинкович-Савич ва Фелипе Кайседо бугунги ўйиннинг энг яхши жуфтлиги бўлмоқда. Улар бутун майдон бўйлаб тўпни бир-бирига ошириб ҳаракат қилишди. Бу манзара жуда чиройли чиқди.

  • 23'

    Жарима зарбасини ижро этган Милинкович-Савичнинг зарбаси дарвозанинг бирозгина юқорисидан ўтиб кетди!

  • 22'

    Маттиа Перин Фелипе Кайседонинг ўта хавли, гол билан якунланиши мумкин бўлган зарбасини қийинчилик билан қайтариб қолди!

  • 21'

    "Лацио" яримҳимоячиси Адам Марушич қанотдан тўпни ичкарига ажойиб тарзда етказиб берди, бироқ ҳимоячилардан бири тўпни боши билан узоқлаштирди.

  • 19'

    "Женоа" хавфли бурчак тўпини ижро этди, бироқ ҳимоячилар фаоллик қилди.

  • 18'

    Маттиа Дестро рақиб жарима майдони ичига ёриб кирди ва энди зарба бермоқчи бўлганида ҳимоячи тўпни ундан олиб қўйди.

  • 17'

    Мезбонлар аъзоси Андреа Мазьелло қўпол ўйнади, бош ҳакам уни оғзаки огоҳлантирди.

  • 15'

    ГОООЛ!!! Иммобиле 11 метрлик нуқтадан тўпни дарвозанинг пастги бурчагига жойлаб қўйди! Дарвозабон бу вазиятда мутлақо ожиз қолди.

  • 14'

    Пенальти! ВАР пенальти бор деб топди ва буни бош ҳакамга етказди. Чиро Иммобиле уни ижро этади!

  • 13'

    Ўйин тўхтатилди! "Лацио" пенальти тепиши мумкин: бош ҳакам видеотакрорларга мурожаат қилмоқда.

  • 13'

    "Женоа" футболчиси Кристиан Сапата қўпол ўйнади. Ҳакам ҳуштак чалиб, уни оғзаки огоҳлантирди.

  • 12'

    "Лацио" бурчак тўпидан яхши фойдалана олмади. Ҳимоя яхши ҳаракат қилди ва тўпни узоқлаштирди.

  • 12'

    Чиро Иммобиле қанотдан узатилган тўпни боши билан дарвозага йўллаши мумкин эди, бироқ ҳимоячи тезкорлик билан ҳаракат қилиб, тўпни ташқарига чиқариб юборди.

  • 11'

    Доминико Кришито ўта агрессив ўйнаяпти. Ҳакам уни оғзаки огоҳлантирди. Кейинги сафар у жазоланиши мумкин.

  • 10'

    Тўп назоратида римликлар устунлик қилишмоқда: 29-71!

  • 8'

    Меҳмонлар футболчиси Адам Марушич тўпга хавли чиқиб келди ва рақибини йиқитиб юборди. Ҳакам фол қайд этди.

  • 6'

    "Лацио" футболчиси рақиб ҳужуми пайтида бироз қўпол ўйнагандек кўринди, бироқ ҳакам ҳаммаси жойида эканлигини ва ўйинни давом эттириш мумкинлигига ишора қилди.

  • 5'

    Бош ҳакам Жанпаоло Кальварезе ҳуштагини чалди. Сергей Милинкович-Савич хавфли ўйнади.

  • 4'

    Сергей Милинкович-Савич жарима майдони ичига тўпни узатиб берди, бироқ ҳимоячилар яхши ўйнаб, вазиятни бартараф этишди.

  • 3'

    Тўп "Женоа" футболчисидан майдон ташқарисига чиқиб кетди. Ҳакам бурчакни кўрсатди. Луис Альберто уни ижро этгани йўл олди.

  • 2'

    "Лацио" илк дақиқалардан ҳужумга ўтишга ҳаракат қилди. Милан Бадель рақибини қўполлик билан тўхтатиб қолди ва ҳакам ҳуштагини чалди.

  • 1'

    Учрашув бошланди! Шомуродов захира ўриндиғида.

  • 0'

    Футболчилар майдонга чиқиб келишмоқда. А серия мадҳияси янгради.

  • 0'

    Ассалому алайкум, қадрли футбол ихлосмандлари! Италия А серияси 15-туридан ўрин олган "Женоа" - "Лацио" баҳси бошланиш арафасида. Сайтимиз уни сизга онлайн матнли кўринишда тақдим этади. Матнли трансляцияни Абдулла Маннонов олиб боради.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Дилшод Даврлнов
03/01/2021 21:12
Элдор маладес газига бос Сенга омад шу десанг иккинчисини хам паст берганинг яхшимиди балки гол булармиди Янги мурабийни тулик ишончига ва мухлислар ва жамонг сенсиз голи паст булмаслигини тушинарди Голинг хам куп булсин Сенга ОМАДОМАДОМАД ГОЛГОЛГОЛ
Gulmurod Tuxtashev
03/01/2021 21:12
Эльдор жисмоний жихатдан унчалик тайёрмасга ухшади. А так молодец!