"Жепаровни Эрондаги фаолияти орқали яхши танийман, Ўринбоев билан бир жамоада ўйнаётганимдан хурсандман" - "Металлург"нинг эронлик легионери билан суҳбат
Иккинчи даврада таркибини кучайтиришга эришган “Металлург” шунга яраша натижалари ижобий тус ола бошлади.
Жамоага легионер футболчи сифатида эронлик футболчи Ризо Яздандўст қўшиб олинганини биласиз. Шундан кейин жамоанинг мудофаа чизиғи анча тартибли ва ишончли ўйнай бошлади.
Ризо қисқа фурсат ичида ўзидан илиқ таассурот қолдира бошлади. Ушбу легионер куни кеча Sports.uz сайтига интервью берди.
- Дастлаб “Металлург”даги фаолиятингиз ҳақида сўрамоқчиман. У ерда барчаси сизни қониқяптими?
- Ҳа, жамоадаги шароитлар жуда ҳам ажойиб. У ерда қулайликлар яратилган ва клубда позитив инсонлар жамланишган. Жамоа бошқаруви ҳам ажойиб. Техник ходимларга ҳам гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Улар профессионал инсонлар. “Металлург”нинг бир бўлаги бўлганимдан хурсандман.
- Ўзбекистонни танлашингизнинг асосий сабаби нимада?
- Мамлакатимдан ташқарида ҳам футбол бўйича тажриба орттиришни мақсад қилгандим. Бир нечта таклифлар орасидан Ўзбекистонни танладим. Чунки бу ердаги лига профессионал ва сўнгги йилларда мамлакат футбол миқёсида катта ўсишга эришди.
- Олдин фақат Эрон чемпионатида ўйнагансиз. Фаолиятингизда биринчи бор легионер сифатида тўп суряпсиз. Илгари бундай имконият бўлмаганми?
- Ҳа, менда Эрондан ташқарида ҳам бир нечта таклифлар бўлганди. Лекин ўша пайтларда мен буларга унчалик қизиқмагандим. Чунки у пайтларда легионер сифатида тўп суришга унчалик интилмаганман.
- Ўзбекистон футболи тўғрисида илгари нималарни билардингиз? Масалан, клубларимизга қарши ўйнаганмисиз? Қайси футболчиларимизни яхши танийсиз?
- Афсуски, ўзбек клубларига қарши ўйнаш имкони бўлмаган. Аммо футболингизни бир мунча биламан, деб айта оламан. Масалан, ўйин тезлигини яхши биламан. Жавобгарлик ҳисси юқори эканлиги ва ўзбек футболчиларидаги прогресс қандай кетаётганлигини ҳам яхши биламан. Жепаровни Эрондаги фаолияти туфайли яхши танийман. Ҳозирда Шомуродовни яхши танийман. Шунингдек, Забиҳилло Ўринбоев билан бир жамоада ўйнаётганимдан хурсанд бўляпман. Бундан завқ оляпман. У ажойиб футболчи.
- Сизга чемпионатимизнинг етакчи клубларидан бири қизиқиб қолгани ҳақида эшитдим. Айнан қайси жамоа?
- Ҳа, таклиф келган. Бироқ менда тўлиқ маълумот йўқ. Негаки, бу масала билан агентим шуғулланади. У иш олиб боряпти. Келгуси мавсум хусусида ўз вақти келади ва биз биргаликда тўғри қарор қабул қилишга ҳаракат қиламиз. Ҳозирча мавсум тугагани йўқ. Айни пайтда бу мавзуда гаплашиш мен учун ёқимли эмас. Буни профессионаллик деб ҳисобламайман. Ҳозирги пайтда “Металлург”да эканлигимдан хурсандман. Бош мураббий Веско Стешевич билан ишлаётганимдан мамнунман. У ноёб ва “Металлург”нинг натижалари учун бор кучи билан ҳаракат қиляпти.
- Осиё Чемпионлар лигасида “Сепахон” Олмалиқда ғалаба қозонди. “Нассажи” эса Наманганда ютқазди. Бу борада фикрингиз қандай?
- Мен ОКМКни яхши ўйин билан табриклайман. Лекин эсдан чиқармаслигимиз керакки, “Сепахон” ажойиб ва катта профессионал жамоа. Нафақат Эроннинг, балки Осиёнинг кучли клубларидан бири. “Нассажи” ҳақида гапирадиган бўлсам, уларга 10 киши бўлиб қолганидан сўнг қийин бўлди. Остон Ўрунов каби таъсири катта футболчини майдонга тушиб келиши исталган жамоага қарши ўйинда ишни қийинлаштиради ва “Навбаҳор”ни ғалаба билан табриклайман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар