Жиддий қадам: кечагина футболчи эди, бугун эса терма жамоада мураббий ёхуд Анвар Ғофуров нимани сир сақлаяпти?

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бўлажак ўртоқлик беллашувлари учун бир неча кундан бери тайёргарлик кўраётганини яхши биласиз. Бу борада сайтимиз орқали мунтазам маълумотларни бериб боряпмиз. Бир қатор легионерлар чақирилди. Мураббийлар штабида ҳам янги ном пайдо бўлди.

Кечагина майдонда тўп суриб келаётган Анвар Ғофуров мураббийликка қадам қўйгач, бирданига миллий терма жамоанинг мураббийлар штабидан ўрин олишини ҳеч ким кутмаган бўлса керак. Чунки у бу ролда ишга киришганига ҳали кўп вақт ҳам бўлмади. Шу йилнинг бошидан “Бунёдкор”да мураббий сифатида фаолиятини бошлади. Ўтган йили эса футболчи сифатида тўп сурганини унутмагандирсиз. Ғофуров sports.uz учун терма жамоада иш бошлагани хусусида шундай деди:

Гофуров1

- Албатта, бу мен учун жуда кутилмаган ҳолда юз берди. Мен эндигина мураббийлик борасида илк қадамларимни ташлаяпман ва ҳали кўп нарсаларни ўрганишим керак. Ҳозирги иш жараёни, умуман хаммаси мен учун катта мактаб. Шу сабабли, менга ишонганлари учун миннатдорман.

Табиийки, Ғофуровнинг ўзи ҳам миллий терма жамоанинг мураббийлар штабидан жой олишини кутмаганди ва буни тан олди. Нима бўлса ҳам, эндигина футболчиликни тугатган Анвар учун бу ўзига хос тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади. Тажрибали мутахассислардан ўрганади. Барибир клуб билан терма жамоадаги иш жараёнида ҳам фарқ бор. Шунингдек, футболчилар унга нима деб мурожаат қилишяпти?

гофуров_4

- Ҳа, клуб билан терма жамоадаги иш жараёни фарқ қилади, барибир бу бошқача бўларкан. Ўйлайманки, аста-секин кўникиб кетаман. Футболчилар Анвар ака, деб бемалол мурожаат қилишяпти. Ҳар бир жойда ишлаш мураббийлар учун осон эмас. Балки клубда ишлаш осонроқдир. Биринчидан, сизда етарли вақт бўлади, иккинчидан, сиз ким қайси ҳолатда эканлигини яхши биласиз. Терма жамоага ҳамма футболчилар ҳар хил ҳолатда келади. Кимдир икки кун олдин, яна кимдир кеча ўйнаган. Ёки бўлмаса, кимдир йўлдан чарчаб келади. Бу жамоани ўйингача берилган вақтда имкони қадар бир хил жисмоний ҳолатга олиб келиш даркор. Балки, адашаётган бўлишим мумкин, аммо бу менинг шахсий фикрим, - дейди Ғофуров.

Нима бўлганда ҳам, эндиликда Анвар Ғофуровни мураббий ролида кўришга одатланамиз. Футболчи Ғофуровдан мураббий Ғофуров қанчалик фарқ қилишини вақт кўрсатади. Қизиқ, қайси мураббийни ўзи учун доим ўрнак сифатида кўрсатиб келади? Кимга ўхшашни истайди? Шу масала бўйича ўзига мурожаат қилганимизда шундай деди:

- Қайси мураббийга ўхшашни хоҳлайман? Бу сир бўлиб қолсин, лекин ҳар бир бир мураббийдан ўзимга қизиқ ва ёққан томонларини ўрганишга ҳаракат қиламан. Ўрнак бўлаётган мураббийлар жуда кўп, дунёда, - дея фикр билдирди янги мураббий.

гофуров3_4

Унинг футболчилик фаолиятини кўпчилик яхши билади. Бир қатор клублар шарафини ҳимоя қилди, совринлар ютди. Шунингдек, миллий терма жамоамиз таркибида ҳам тўп сурганини яхши эслаймиз. Ғофуров сўзининг якунида футболчилик фаолиятидаги ёқимли ва ёқимсиз ҳолатларни эслар экан, қуйидагиларни айтди:

- Умуман олганда, ҳар бир жамоадаги фаолиятимнинг ўзига яраша гашти бор. Яхши клубларда тўп сурганимда юқори ўринларга курашганмиз, кучсизроқ жамоада ўйнаганимда Суперлигада қолишга ҳаракат қилганмиз. Ҳар бир жамоада албатта мен учун яхши дамлар бўлган, - деди Анвар Ғофуров.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!