Жиу-Житсу бўйича AJP Tour турнири Ўзбекистонда ёхуд жиу-житсуни янада ривожлантириш вақти келди!

18-19 май кунлари Тошкент шаҳри жиу-житсу бўйича нуфузли турнирга мезбонлик қилади. Яъни, жаҳоннинг энг кўзга кўринган жиу-житсу ташкилоти AJP Tour илк маротаба Ўзбекистонга ташриф буюрмоқда.

Мазкур турнирга жаҳоннинг кучли житсерлари ташриф буюриши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистоннинг энг сара вакиллари ҳам ўз омадини синаб кўради. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, жиу-житсу ҳозирги кунда жадал суръатларда бутун жаҳон бўйлаб ривожланиб бормоқда. Терма жамоалар иштирокида, клублар ўртасида ва профессионаллар борасида ажойиб турнирлар ташкил этилмоқда. Мукофот жамғармалари ҳам ҳавас қиларли даражада десак муболаға бўлмайди.
Албатта, AJP Tour мусобақалари жуда юқори савияда ташкил этилади.  Шуни инобатга олиб, Ўзбекистон жиу-житсу федерацияси бош котиби Ғайрат Набиев ҳамда бош мураббий Ризо Сафаров билан Тошкентда ташкил этилувчи турнирга қай даражада тайёргарлик кўраётганлигига оид фикрлари билан қизиқдик.

Ғайрат Набиев: - AJP турнирларига қизиқиш жаҳонда жуда юқори. Кучли спортчилар ташриф буюради. Ҳозирги кунда араб мамлакатларида бу спорт турига жуда катта маблағ тикилмоқда. Мана Осиё ўйинларига киритилди. Олимпиада учун ҳам ҳаракат бошланган. Бу даражадаги турнир Ўзбекистонда илк маротаба бўлиб ўтади. Биз имкон қадар ҳаракат қиляпмиз. Ўйлаймизки, юқори савияда ўтказамиз.
Ризо Сафаров: - Бу одатда клублар ўртасидаги турнир ҳисобланади. Юлдуз спортчилар иштирок этади. Албатта, биз ҳам имкон қадар тайёргарлик кўришга ҳаракат қиляпмиз. Ўйлаймизки, ўзбекистонлик спортчилар ҳам яхши натижа кўрсатади, деган умиддаман.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!