Жоэль Диас:

Муроджон Аҳмадалиев камарларини япониялик даъвогар Рёсуке Ивасадан ҳимоя қилади. Жанг олдидан унинг мураббиЙИ Жоэль Диасга баъзи саволлар билан мурожаат қилдик.

- Аввало, Ўзбекистонга хуш келибсиз! Биламизки, Муроджон Аҳмадалиев ҳаракат қилаётган биринчи ярим енгил вазн тоифасида 1997-2000 йилларда Эрик Моралес, Марко Антонио Баррера каби юлдуз боксчилар ҳаракат қилган. Айтингчи, ҳозирги даврда ушбу вазндагилар машҳурлик борасида улар билан рақобатлаша оладими?

- Раҳмат. Бу ерда бўлиб турганимдан мамнунман! Саволга келадиган бўлсак, ҳозир ҳам уларнинг даражасига чиқа олувчи боксчилар бор, деб ўйлайман. Ушбу вазнда фаолияти олиб бораётган Луис Нери, Стефан Фултон, Брендон Фигероа каби кучли боксчилар ўша авлод каби машҳурликка эриша оладилар. Бу вазнда рақобат жуда катта. Моралес ва Баррералар ўтмишга айланди. Келажак эса ҳозирги авлод қўлида.

- Айтингчи, ҳозирги ушбу вазндаги боксчиладан қай бирининг услуб жиҳатдан ўша машҳур Марко Антонио Баррерага ўхшаш, деб биласиз?

- Баррера зарбаси кучли, нокаутчи боксчи бўлган. Бу борада албатта, Аҳмадалиевни эътироф этган бўлар эдим. Муроджон Аҳмадалиев ўз вазнида энг кучли "панчер". Гарчи, енгил вазнда нокаутлар қилиш қийин бўлса-да, Муроджонда бошқаларга нисбатан кучли зарба бор. Айнан, ушбу жиҳатлар унинг Баррерага ўхшашлигини кўрсатиб беради.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)