Жон Жонс ҳамда Сирилл Ган жангида кимнинг имконияти юқори? Ўзбек яккакураш олами вакиллари жавоб берди

  • 2 март, 2023, 18:19
  • 0
  • MMA

Хабарингиз бор, 5 март куни тонгда “UFC 285” турнири ташкил этилади ва унинг марказий жангида оғир вазн тоифаси вакили Сирилл Ган ва ушбу дивизионда дебютини амалга оширадиган собиқ ярим оғир вазн тоифаси чемпиони, узоқ танаффусдан сўнг яна қайтаётган Жон Жонс октагонга кўтарилади. Биз анъанага мувофиқ ушбу қарама-қаршилик борасида ўзбек яккакураш олами вакилларининг фикри билан қизиқдик.

Ҳожиакбар Ҳакимов – Греплинг ва Панкратион ассоциацияси раиси

- Иккиси ҳам жуда кучли ва ўз ишининг усталари саналади. Имкониятларни 50/50 дея баҳолаган бўлардим. Чунки, Жонс оғир вазн тоифасида илк жангини ўтказади. Қолаверса, фаолиятида узоқ танаффус юзага келди. Бу қайсидир маънода унга салбий жиҳатдан ҳам таъсир қилиши мумкин. Ган эса ўзининг дивизионида жанг қилади. Умуман олганда, оғир вазн тоифасида битта зарба ҳам барчасини ҳал қилиб қўйиши мумкин. Ҳаммаси ўша куни октагонда ҳал бўлади.

хожи ака_1

Фарруҳ Мадаминов – мураббий

- Яхши жанг бўлади. Иккиси ҳам кучли жангчилар ва ўз ўрнида анчагина мукаммал атлетлар, деб айтишимиз мумкин. Бироқ, барибир класс борасида Жон Жонс устунроқ ва у мазкур жангда ғалаба қозонади, деган фикрдаман. Имкониятларни 60/40 дея баҳолаган бўлардим.

фаррух ака_1

Амин Эргашев – ММА жангчиси

- Бу жанг ҳақида фикр юритадиган бўлсак, Жонсда бироз устунлик бор деб ўйлайман. Чунки, у мағлубиятга учрамаган. Тўғри, рекордида тақиқланган зарба туфайли, дисквилификация бор. Аммо, уни шу кунга қадар хеч ким мағлуб этишни уддалай олмади. Бироқ, бошқа тарафи у оғир вазнга ўтди ва фаолиятида 2-3 йиллик танаффус юзага келган. Бу унинг фойдаси ва зарарига ишлаши ҳам мумкин. Фойда томони, у жангни жуда соғинган ва катта иштиёқ билан ҳаракат қилади. Зарар томони эса октагонни хис қилиш қобилияти сустлашган бўлиши мумкин. Сирилл Ган ҳам яхши жангчи у Нганнуга мағлуб бўлганидан сўнг, Тай Туйвасани ютди ва бу баҳсга жиддий ҳозирлик кўргани аниқ. Аммо, барибир Жонсда юқорида таъкидлаб ўтганимдек, бироз устунлик бор. Имкониятларни 55/45 дея баҳолаган бўлардим. Албатта, Жонс фойдасига!

амин_2

Ҳасан Баратов – кикбоксинг ва ММА жангчиси

- Менимча бир-бирига муносиб рақиблар, деб ўйлайман. Жанг ҳақида гапирадиган бўлсак, Жонс бироз кучлироқ, деб ўйлайман. Чунки, у жуда тез ва айёр жангчи. Аммо, ҳар қандай жангда ким қандай тайёргарлик жараёнини бошдан кечирган бўлса, ким яхши жисмоний ҳолатга эга бўлса, ўша ғалаба қозонади.

Хасан_1

Ҳусан Баратов – кикбоксинг ва ММА жангчиси

- Тўғриси, жуда қизиқарли жанг бўлади, деб ўйлайман. Ган ҳам яхши жангчи! Лекин бу тўқнашувда барибир Жон Жонснинг имкониятини юқори баҳолаган бўлардим. У бекорга мағлубиятсиз серияга эга эмас!

Хусан

Асрор Анваржонов - ММА жангчиси (Ҳаваскорлар ўртасида жаҳон чемпиони)

- Зўр жанг бўлади. Жон Жонс қандай жангчи эканлигини ҳозирга қадар исботлаб келмоқда. Тўғри, узоқ танаффус қилди. Бироқ, бу танаффус унинг маҳоратини пасайтириб қўйди, деб ўйламайман. Ган ҳам осон таслим бўладиганлар тоифасидан эмас. У жиддий қаршилик кўрсатишга қодир. Шундай бўлса-да, барибир Жонсда устунлик бўлади, деган фикрдаман. Имкониятларни 55/45 деган бўлардим.

асрор

Ҳумоюддин Мухторов –ММА жангчиси

- Менимча бу жанг тўлиқ давом этади. Сирилл Ганни кардиоси ва жисмоний ҳолати жуда яхши. Жонсда анчагина танаффус бўлди, бу унга қандай таъсир қилганига боғлиқ. У ўша Тяго Сантос, Доминик Рейесга қарши сўнги жангларида у қадар яхши кўринмаганди. Қолаверса, оғир вазнда дебют қилади. Шунинг учун қийинчиликлар бўлиши мумкин. Умуман олганда, имкониятларни 50/50 дея баҳолаган бўлардим.

хумо_6

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!