Жўрабеков "Навбаҳор"дан кетиши, нима учун "Динамо"га эмас, "Қизилқум"га ўтгани ва нега яна 27-рақамни танлагани ҳақида
Яқинда хабар берганимиздек, “Навбаҳор” билан хайрлашган ҳимоячи Шаҳбоз Жўрабеков янги мавсумни Навоийда “Қизилқум” сафида ўтказади.
Бу борада икки томон шартнома ҳам имзоладилар. Футболчи янги клубга ўтганидан кейин сайтимизга ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Нима учун “Қизилқум”ни танлади?
- “Қизилқум”ни танлашимни сабаби, шахсан жамоа бош мураббийининг менга ишонч билдираётгани билан боғлиқ. Қолаверса, Улуғбек Бақоев билан маслаҳатлашиб шу қарорга келдим. “Қизилқум” бош мураббийи Жамшид Саидов билан гаплашганимда жамоани кучлилар сафига қайтаришимиз ва рақобатбардош жамоа тузмоқчиликларини айтди.
“Навбаҳор”дан кетиши фаолиятига қандай таъсир қилади?
- Аввало, барчасига вақт олий ҳакам. Худо насиб қилса, қандай таъсир қилганини ноябрда билиб оламиз. Яхши ёки ёмон таъсир қилиши ўз қўлимда. Меҳнат қилиб, янада кучли бўлиш учун бор кучимни ишга соламан. “Навбаҳор”даги фаолиятимни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, у ерда ҳам ёмон мавсум ўтказмадим. Бронза медали, ОЧЛ ўйинлари ва Кубок ярим финали бунга яққол далил бўла олади.
Самвел Бабаян билан гаплашгани ва муносабати ҳақида
- Ҳа, албатта. Юзма-юз гаплашиб олдик. Ҳаммаси дўстона бўлди. Қаерда хато ва қаерда ютуқлар борлигини эслатиб ўтди. Шунчаки, бир-биримизга услубимиз мос келмади.
Футболчида “Динамо” варианти ҳам бор эди...
- Тўғри, “Динамо” варианти ҳам бор эди. Лекин “Қизилқум”даги амбициялар мени ўзига жалб қилди. “Динамо” ҳам яхши жамоа. Аммо ўзимни “Қизилқум”да синаб кўрмоқчиман.
“Қизилқум” билан нимага эришмоқчи?
- Юқорида таъкидлаганимдек, мақсадлари жиддий ва рақобатбардош жамоа тузиб, кучлилар сафига жамоани ва бутун навоийликларни стадионга қайтариш. У ерда кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиб, ўзимни энг яхши сифатларимни яна намоён қилиб, ўз сўзимни айтмоқчиман ҳамда навоийлик мухлислар қалбидан муҳим жой олиш мақсадим.
Жўрабеков “Қизилқум”да қайси рақамда тўп суради?
- Худо насиб қилса, катта эҳтимол билан 27-рақамда бошлашим мумкин. Сабабларидан энг каттаси дадам 27 сентябрда туғилган ва ушбу рақамда тўп сурган. Қолаверса, ўзим ҳам бу йил 27 ёшга тўламан.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар