Камару Усман-Леон Эдвардс жанги борасида ўзбек ММА олами вакиллари ўз тахминларини билдирди (Сўровнома)
Хабарингиз бор, 21 август куни тунда “UFC 278” турнири ташкил этилади. Мазкур жанг кечасининг асосий тўқнашуви ярим ўрта вазн тоифаси чемпиони Камару Усман ҳамда дивизионнинг етакчиларидан бири Леон Эдвардс ўртасидаги реваншдан иборат. Албатта, ушбу қарама-қаршилик ҳақида турли тахминлар илгари сурилмоқда. Асосан, Усманнинг ғалаба қозониши кўпроқ эътироф этилмоқда.
Биз ҳам анъанага мувофиқ, юртимиз ММА олами вакилларининг фикри билан қизиқдик.
Фарруҳ Мадаминов – мураббий
- Бу жанг ҳам аввалгиси каби Усманнинг устунлигида ўтади ва якунда нигериялик жангчи ғалаба қозонади. Чунки, Усманда кураш ҳам зўр, оёқ ва қўл зарбалари ҳам яхши шаклланган. Фоизлар ҳисобида оладиган бўлсак, 70/30 Усман фойдасига!
Зарруҳ Адашев – ММА жангчиси
- Усман ютади. Чунки у ҳар тарафлама Эдвардсдан устун. Кураш борасида ҳам, “стойка”да ҳам Усман устунлик қилади. Назаримда, жанг тўлиқ давом этади ва очколардаги катта устунлик билан Камару ғалаба қозонади.
Ҳумоюн Ибрагимов – ММА жангчиси
- Камару Усман ҳар жабҳада Эдвардсдан кучли, деб ўйлайман. Албатта, бу менинг шахсий фикрим. Бироқ, барчасини жанг ҳал қилади. Менимча, жанг 3 –раунддан ўтмаса керак. Чемпионлик камари Усманда қолади!
Жасур Содиқов - мураббий
- Камару Усман ҳозирги кунга қадар қандай жангчи эканлигини бутунжаҳонга исботлаб келмоқда. Ҳар томонлама мукаммал жангчи. У двизионининг барча кучли жангчиларини бир эмас, икки маротаба ҳам мағлуб этяпти. Назаримда, у ўрта вазн тоифасида ҳам чемпионликни қўлга киритишга қодир. Бу сафар ҳам Эдвардсни кучи етмайди ва Усман осонликча ғалабани қўлга киритса керак. Албатта, бу имкониятлардан келиб чиқиб, билдирилган фикр. Аслида, барчаси Яратганнинг измига боғлиқ!
Машрабжон Рўзибоев – ММА жангчиси
- Ҳар иккиси яримўрта вазн тоифасининг энг кучли жангчилари ва шунга муносиб тарзда жанг ўтказишади. Бундан фақат мухлислар ютади. Чунки, ўртада чемпионлик камари тикилган. Эдвардс ҳам 1-жангдан керакли хулосаларни чиқарган ҳолда, Усманнинг заиф томонидан фойдаланишга ҳаракат қилади. Аммо, Усман бу сафар ҳам имконият қолдирмаса керак.
Мавлонбек Мавлонов – мураббий
- Ҳар иккиси 1-жангдан кейин анчагина ўсди. Лекин Усман сўнги жангларида жуда кучли рақиблар билан баҳс олиб борди. Эдвардс борасида эса бундай фикр билдириб бўлмайди. У хатто Нэйт Диаздан ютқазишига бир баҳя қолди. Камаруни “тэйк-даун”лардан ҳимояси ҳам зўр, ўзининг “тэйк-даун”ларга уринишининг 80-90% самарали якунланади. Қолаверса, жисмоний ҳолати ва кардиоси ҳам Усманда ажойиб кўриниш олган. 5-раундлик жангларда ҳам кучни тенг тақсимлай олади. Хуллас, имкониятлар 70/30 Усман фойдасига!
Ҳумоюддин Мухторов – ММА жангчиси
- Бу сафарги жанг қизиқарли кечади. Чунки, Эдвардс ҳам юқори даражадаги спортчи ва у аввалги баҳсдан тўғри хулоса чиқарганлиги аниқ. Бироқ, барибир Камару Усманнинг имкониятлари юқори, чунки у туғма атлет ва истеъдод! Аммо бу UFC ва унда сенсациялар бўлиб туради. Демоқчиманки, Эдвардсда ҳам кичик бўлса-да имконият бор. Имкониятларни 60/40 дея баҳолаган бўлардим. Албатта, Усман фойдасига!
Диёр Муталибов - ММА жангчиси
- Бу сафарги реванш жангида ҳам Усман ғалаба қозонади, деган фикрдаман. Чунки, хозир унга бас келадигани яримўрта вазн тоифасида деярли йўқ. Тўғри, Ҳамзат Чимаевни айтишимиз мумкин. Бироқ, унинг Гилберт Бёрнс билан жангидан хулоса чиқарсак, Усманни мағлуб этишга қодир, деб айтиш қийин. Шу жумладан, Эдвардс ҳам Усманни таслим этиш имкониятига эга, деб бўлмайди. Усман бу жангда ҳам бир бош устунлик билан ҳаракат қилади ва катта эҳтимол билан жанг муддатидан аввал якунланади.
Жаҳонгир Нажмиддинов - ММА жангчиси
- Бу гал ҳам Камару Усман ғалаба қозонади. Унинг кучли жиҳатлари кўп. Бекорга чемпион эмас. Эдвардс ҳам яхши жангчи, бироқ Камару Усманни мағлуб этишга қодир, деб ўйламайман.
Фикрлар