“Камида 4-5 та гол кўрамиз” ёхуд Ислом Аҳмедов Суперкубокда кимни фаворит сифатида кўрмоқда?

Хабарингиз бор, 15 март куни Андижондаги “Бобур арена” стадионида “Нефтчи” ҳамда “Пахтакор” клублари Ўзбекистон Суперкубоги учун майдонга тушишади.

Ҳозирда футболимиз жамоатчилигининг эътибори бўлажак ўйинга қаратилган. “Нефтчи” Суперкубокда Ўзбекистоннинг 2025 йилдаги чемпиони, “Пахтакор” эса мамлакат Кубоги соҳиби сифатида қатнашади.

Тажрибали мутахассислардан бири Ислом Аҳмедов бўлажак муҳим учрашув олдидан жамоаларнинг имкониятларини чамалади.

"Ўйлашимча, ҳаммаси 90 дақиқа ичида ҳал бўлади"

- “Нефтчи” жуда кучли жамоа. Улар ҳозирги кунда замонавий футбол намойиш этишмоқда. Охирги ўйинда жуда яхши таассурот қолдиришди. Бу жамоа майдонда нима қилиш кераклигини ҳам яхши билади. “Пахтакор” сафида кўплаб истеъдодли футболчилар бор. Ўйлайманки, ниҳоятда қизиқарли учрашув бўлади. Стадионга келган мухлислар ўйин сифатидан, ижро жиҳатидан ва умуман ҳар томонлама хурсанд бўлишади. Ўйлашимча, ҳаммаси 90 дақиқа иичда ҳал бўлади.

"Нефтчи" бугунги кунда Суперлигадаги энг кучли жамоа" 

- 3 та тур ўтди ва “Нефтчи” бугунги кунда Суперлигада энг кучли жамоа. Мутахассис сифатида охирги ўйинини кўрдим, маза қилдим. Улар футбол ўйнашяпти. Тўп билан, тўпсиз майдонда маза қилиб ҳаракат қилишяпти. “Пахтакор” эса ҳозирги пайтда бироз қийналяпти. Ўйинчилари яхши, аммо ҳали ўйин суръати кўринмаяпти. Бу жамоага бироз вақт керак бўлади. “Нефтчи” Суперкубокда ҳам охирги ўйиндаги каби ўйнаса имкониятлар 70\30 фоиз, фарғоналиклар фойдасига.  

"Стадионга келган мухлислар хурсанд бўлишади"

- Стадиондаги муҳит ажойиб бўлади. Нимагаки, водийда футболга қизиқиш жуда катта. Ўйлайманки, стадионга келган мухлислар жуда хурсанд бўлишади. “Нефтчи” ҳам, “Пахтакор” ҳам чиройли ўйин кўрсатишади. Такрор айтаман, фарғоналиклар ҳозир жуда яхши формада. Бу жамоа қийналмасдан ўйнаяпти. Голлар кўп бўлади. Ўйлайманки, камда 4-5 та гол кўрамиз ва шунга яраша учрашув қизиқарли руҳда ўтади. 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!