Камронбек Ортиқов: "Мақсадим - фақат UFC га кириш эмас, UFC камарини Ўзбекистонга олиб келиш ҳамдир!"
Хабарингиз бор, ўзбекистонлик 24 ёшли аралаш яккакураш устаси Камронбек Ортиқов айни дамда, АҚШда таниқли UFC жангчилари билан машғулот олиб бормоқда. "Sports.uz" сайти яқин орада UFC га ўтиши кутилаётган ҳамюртимиз билан интервью ташкил этди.
– АҚШда хитойлик UFC жангчиси Сонг Ядонг ва UFC фахрийси Юрайя Фейбер билан олиб борган машғулотларингиз сизни қайси жиҳатларингизни кучайтирди?
– У ерда UFC жангчилари кўп. Улар билан машғулотлардан нафақат катта тажриба оляпман, балки ўзимга бўлган ишонч ҳам ошиб бормоқда.
– Ҳеч кимга сир эмас, сизни ҳам курашингиз анчагина кучли. Айнан Сонг Ядонг ва Юрайя Фейбер машғулотлардан кейин бу ҳақда алоҳида таъкидлашдими?
– Устозим - Дониёрбек Рўзиевнинг меҳнатлари туфайли, ҳаттоки, UFC жангчилари ва бошқалар ҳам белбоғли курашнинг кучини ҳис қилмоқда. Биринчи куниёқ мен билан ишлаган спарринг шериклар ҳам "курашингга қойил қолдим" дея қўлимни сиқиб қўйишди.
– Ўша залда сизнинг вазн тоифангиздаги яна қайси жангчилар бор?
– Бу ерда жуда кўп, кучли спортчилар бор. Ҳаттоки, TUF чемпиони Моралес ҳам биз билан машғулот олиб боряпти.
– Машғулотлардан кейин танага етарли дам ва керакли витаминларни етказиб бериш керак. Сиз бу бўйича нималар истеъмол қиляпсиз?
– "Тренирофка" жараёни кучли кечмоқда. Айни дамда яхши тикланиш учун етарли витамин компексларни қабул қиляпман.
– Бўлажак рақибингиз Ника Сабанашвилини қандай баҳолайсиз, унинг қайси жиҳатлари алоҳида ажралиб туради?
– Рақибим кучли спортчи, партерда яхши ҳаракат қилади. Бироқ барчасини жангда кўрамиз.
– Коста-Месада ўтадиган кейинги жангингиз сизни UFC га қанчалик яқинлаштиради?
– АҚШда бўладиган ҳар бир жангим жуда катта аҳамиятга эга. Аллоҳга осон! Ўйлашимча, UFC га оз қолди. Насиб қилса, тез орада мақсадга эришамиз.
– Америка ҳаёти қандай экан? Нималар сизни кўпроқ эътиборингизни тортди?
– Америкада ҳаёт яхши. Айниқса, бу ерда спортчиларга жуда катта ҳурматда бўлишар экан. Лекин барибир Ўзбекистон энг яхшиси!
– АҚШда ўзбекча таомларни топиш осон эмас. Уларсиз яшаш қийинчилик туғдирмаяптими?
– Тўғри, АҚШда ҳар қадамда ўзимизнинг миллий таомларни учратавермайсиз. Бироқ бу ерда ҳам ўзбек овқатлари бор. Бу борада қийинчлик бўлмаяпти.
– UFC га ўтсангиз, биринчи рақибингиз ким бўлишини истардингиз?
– Устозим билан фақат UFC га киришни эмас, UFC камарини Ўзбекистонга олиб келишни мақсад қилганмиз. Худо ҳохласа, мазкур промоушенга қўшилсам, ҳар қандай рақибга қарши баҳсга тайёрман. - деди ММА устамиз интервьюда.



Фикрлар