Канада бош мураббийи Ўзбекистон терма жамоасига баҳо берди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Канада терма жамоаси бош мураббийи Жесси Марш Ўзбекистон миллий жамоасига қарши бўладиган ўртоқлик учрашуви олдидан рақиб ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган Канада терма жамоаси аввалроқ Шарлотта шаҳрида иссиқ об-ҳаво шароитида жисмоний тайёргарлик йиғинини ўтказди. Эндиликда жамоа 1 июнь куни Эдмонтон шаҳрида Ўзбекистонга қарши майдонга тушади.

TSN нашри журналисти Люк Уайлмен билан суҳбатда Марш Ўзбекистон терма жамоасини ҳурмат қилишини яширмади.

"Менимча, Ўзбекистон биз учун яхши рақиб бўлади", — деди Канада устози.

Мутахассиснинг таъкидлашича, ушбу учрашув Канада терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати олдидан муҳим синов вазифасини ўтайди.

Шунингдек, Ўзбекистонга қарши ўйин Канада дарвозабонлари Максим Крепо ва Дейн Сент-Клер учун ҳам ўзига хос синов бўлади. Ҳозирча улардан ҳеч бири мундиалдаги асосий дарвозабон мақомини қўлга кирита олмаган. Шу сабабли мураббий ҳар икки посбонни баҳс давомида синовдан ўтказишни режалаштирган.

Маршнинг маълум қилишича, дарвозабонлар ўйинни тенг тақсимлайди ва танаффус вақтида олдиндан режалаштирилган алмаштириш амалга оширилади.

Канада бош мураббийи Эдмонтон мухлисларининг қўллаб-қувватлашидан ҳам умидвор эканини таъкидлади.

"Эдмонтондаги мухлисларни кўришни интиқлик билан кутяпмиз. Менимча, стадион тўлиб-тошади", — деди Марш.

Ўзбекистонга қарши учрашувдан сўнг Канада терма жамоаси Жаҳон чемпионати олдидан сўнгги назорат баҳсини Ирландия Республикасига қарши ўтказади. Шундан кейин жамоа мундиалдаги иштирокини бошлайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!