Катанец Малайзиядан ўтказиб юборилган голга қандай изоҳ берди?
Ўзбекистон Миллий терма жамоаси кеча Малайзияга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушди ва йирик 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Мазкур бахсдан сўнг термамиз бош мураббийи Сречко Катанец ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Биринчи навбатда, футболчиларимни ушбу ғалаба билан табрикламоқчиман. Рақиб номдор бўлмасада, шогирдларим ўйинга жиддий ёндашди. Улар бутун ўйин давомида темпни ушлаб турди. Кўрсатилган профессионаллик учун уларга минатдорчилик билдираман.
Бугун биз жамоа сифатида яхши ўйин кўрсатдик. Ўйлашимча, янги футболчиларни алоҳида ажратиб кўрсатиш адолатдан бўлмайди. Шунга қарамай, дебют қилганлар ўзини яхши томондан кўрсата олди. Балки, мухлислар учун учрашув осон ўтгандек туюлгандир, аммо бундай бўлмади. Биз 90 дақиқа агрессив футбол кўрсатишга уриндик. Майдон марказидаги тўп учун курашда фаол бўлганимиз ва тўлиқ прессингга суянганимиз қувонарли ҳолат.
Тўғри, битта гол ўтказиб юбордик, бироқ бунда фақат ҳимоячилар айбдор эмас. Бўлим якунида ҳужумда ҳам, майдон марказида ҳам прессинг амалга оширмадик. Шу сабабли, улар бизга гол урди. Нима бўлса ҳам, ҳимоя чизиғидан қониқдим", - деди Катанец.
Фикрлар