"Катанец тажрибали ва у энг яхши таркибга эга" - легионеримиз терма жамоамизнинг Осиё Кубогидаги имконияти ва Ҳиндистон ҳақида гапирди
Бангладеш чемпионатида фаолият олиб бораётган ҳамюртимиз Асрор Ғофуровни яхши биласиз-а? У ҳозирда маҳаллий “Башундхара” клубида тўп суряпти ва чемпионликка жуда яқин келишди.
Ушбу легионеримиз ҳам Қатарда ўтадиган Осиё Кубогига қуръа ташлаш жараёнини диққат билан кузатиб борди. Терма жамоамиз “В” гуруҳида Австралия, Сурия ва Ҳиндистон жой олганини биласиз.
Ғофуров Бангладеш чемпионатида ўйнаётгани боис ҳиндларга жуда яқин. Шу сабабли Sports.uz журналисти Асрор билан мулоқот чоғида аввало Ҳиндистон термаси ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.
Ҳиндистон ҳақида нималарни билади?
- Ҳиндистон билан Бангладеш бир-бирига яқин бўлгани учун халқи ҳам ўхшаш. Охирги пайтларда Ҳиндистоннинг ўйинларини кўриб боряпман. Камбоджа, Қирғизистон ва бошқаларни ютишди. Агар ҳиндларга кучсиз рақиб деб қарайдиган бўлишса, бундай эмас. Чунки ҳамма давлатда футбол ривожланяпти ва Ҳиндистонда ҳам. Уларнинг жамоаси ёмон эмас. Кўрган бўлсангиз, Осиё Кубогига чиққанида ҳам ҳамма ўйинларини ютишди. Ўзбекистоннинг гуруҳида Австралия, Сурия ва Ҳиндистон бор. Бу гуруҳни кўрган ҳар қандай инсон Австралия билан Ўзбекистонни фаворит сифатида баҳолаши мумкин. Лекин ҳеч бир жамоага осон бўлмайди, деб ўйлайман.
Терма жамоамиз омадли гуруҳга тушдими?
- Гуруҳимизни омадли деса ҳам бўлади. Аммо эътибор бериб қарасангиз, барча олтита гуруҳда иккитадан кучли жамоа бор. Айнан улар фаворит сифатида кўринади. Бизнинг гуруҳни ўртача деб ўйлайман, унчалик қийин эмас. Чунки барча гуруҳларда яхши жамоалар ҳам, кучсизроқ жамоалар ҳам мавжуд. Албатта, бу футбол. Олдиндан кучли ёки кучсиз деб бўлмайди. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Лекин менинг ўйлашимча, омадли гуруҳга Саудия Арабистони тушган.
Вакилларимизнинг мусобақадаги имконияти
- Терма жамоамиз Осиёдаги энг кучли жамоалар орасида кучли бешталикка кира олади. Осиё Кубогида албатта чемпион бўлишни хоҳлаймиз. Терма жамоамиз охирги йилларга қараганда ҳозир яхши формада ва яхши натижаларга эришаётган пайти деб ўйлайман. Бош мураббийимиз Катанец тажрибали. Футболчиларимиз ҳам ажойиб. Энг яхши таркибга эга. Максимум вазифа чемпионликни қўлга киритиш, минимум учталикка кириш.
Ғофуров жамоаси билан ОЧЛга тайёргарлик кўряпти
- Ҳали Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида ОКМК билан тўқнаш келишимиз 100 фоиз аниқ эмас. Аммо ҳозирдан ОЧЛ плей-оффига тайёргарлик бошланган. Чунки чемпионатда ҳали чемпионликни нақд қилганимиз йўқ. 2-ўриндаги жамоа билан ўртамизда 10 очко бор. Яна 2-3 та ўйинни ютсак чемпионмиз. ОЧЛ плей-офф баҳслари август ойида бўлади, дейишяпти.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар