"Кавасаки Фронтале" мураббийи: Бразилиялик легионерлар биз билан Тошкентга етиб келган. Улар майдонга тушишга тайёр!

Хабарингиз бор, Осиё Чемпионлар лигаси "H" ва "I" гуруҳ баҳслари пойтахтимизда ўтказилмоқда. Бугун "I" квартети иштирокчилари "Кавасаки Фронтале" вакиллари матбуот анжуманида иштирок этди. Жамоа мураббийи Тору Оникининг ўйиндан олдинги фикрлари билан танишинг:

"Биз ушбу мусобақага яхши тайёргарлик кўрдик ва жамоамизнинг олдидаги мақсад фақат ғалаба қозониш. Ўйлайманки, биз буни уддалаймиз. Биз бу турнирда яхши тажрибага эгамиз. Бу муваффақиятли иштирок этишимизга ёрдам беришидан умидвормиз.

Жамоада Япония олимпия терма жамоасида ўйнайдиган футболчилар бор. Уларни чақириш ҳеч қандай муаммо бўлмади. Улар шу клуб аъзоси ва улар буни яхши билади. Бразилиялик легионерлар биз билан Тошкентга етиб келган. Улар майдонга тушишга тайёр

Ушбу мусобақада Япониядан 4 жамоа иштирок этмоқда. Уларнинг барчаси кучли клублар. Мен юрдошларимнинг барчасига омад тилайман ва ўйлайманки, якунда биз ғалаба қозонамиз".

Жамоа футболчиси Мики Яманэ:

"Ушбу турнирга Япония чемпиони сифатида ташриф буюрдик ва энди бу мусобақани ютишдан умидимиз катта. Ўйлайманки, биз чемпион бўламиз. Тошкентга 2 кун олдин келдик ва бу ерга етарлича мослашиб олдик. Олдимизда турган вазифа илк ўйинда ғалаба қозониш. Бу кейинги турларда катта ёрдам беради".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!