Кеча легионер эдилар бугун эса...ёхуд улар Суперлиганинг супер ўйинчиларими?
Яқин кунларда Суперлиганинг янги мавсуми учун қуръа ташланади. Қарабсизки, янги чемпионатимиз ҳам аста-секин эшик қоқмоқда.
Клублар ҳозир тайёргарлик кўришнинг роса авжига чиқишган. Катта эҳтимол билан бу йилги мавсум жуда кескин ўтиши, юқори даражадаги интриганинг кузатилиши кутилмоқда. Бунга бир нечта сабаблар бор, албатта.
Эътибор бераётган бўлсангиз, аксарият клублар селекцияда ҳам бир-бири билан рақобат қиляпти ва таркибни кучайтириш ишларини олиб бормоқдалар. Биз учун аҳамиятли томони бор. Яъни, легионер сифатида четда тўп сурган бир қатор футболчилар яна Ўзбекистон чемпионатига қайтдилар.
Хорижда кўрган-кечирганлари, тўплаган тажрибалари билан Суперлиганинг савиясини ошишига хизмат қилса ажаб эмас-а?! Қуйида номлари келтирилган барча футболчилар Суперлигага қайтиши бўйича Sports.uz учун интервью беришга улгурган.
Икром Алибоев
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Олдинги клуби: “Тэджон Ситизен” (Жанубий Корея)
Янги жамоаси: “Пахтакор”
Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони – “Пахтакор” Алибоевни қўлга киритиш орқали яхши трансферни бажарди. Илгари чемпионатимизда “Локомотив” учун бир неча йилни ўтказган футболчи кейинчалик легионер сифатида Кореяга кетди. Аввалига К-1 лигада “Сеул” сафида тўп сурди ва ўзини кўрсатди. Сўнг, жароҳат уни майдон ташқарисига чиқариб қўйди. Тикланиб сафга қайтганидан кейин “Тэджон Ситизен”да тўп сурди. 2019 йили Кореяга кетган Икром 2022 йилда яна чемпионатимизга қайтиб келди. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг аъзоси “Пахтакор”нинг ўйинини кучайтира оладими? Бу саволга жавобни чемпионат давомида кўриб оламиз.
Алибоев: “Эркин агент бўлишим биланоқ, “Пахтакор” мутасаддилари мен билан боғланди. Уларга шартимни айтдим. Биз ўзаро келишдик ва мутасаддилардан 20 январгача вақт беришларини сўрадим. Менга яна Жанубий Корея ёки бошқа давлатлардан таклифлар бўлиб қолиши мумкин эди. Афсуски, таклиф бўлмади ва “Пахтакор” вариантида қолишга тўғри келди. Мен бундан хафа эмасман. “Пахтакор” ҳам ўз олдига олий мақсадларни қўйган. Бу йил Осиё Чемпионлар лигасида ҳам иштирок этади. Ўша нуфузли мусобақада ҳам жамоамга ўз ҳиссамни қўшиб, яхши натижалар кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Насиб бўлса, кейинчалик хориждан таклифлар бўлса, кўриб чиқишга тайёрман”.
Сардор Рашидов
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Олдинги клуби: “Ал-Қувайт” (Қувайт)
Янги жамоаси: “Пахтакор”
“Пахтакор” Алибоевдан ташқари Сардор Рашидовни ҳам қўлга киритди. Аниқроғ айтсак, уни ортга қайтарди. Ёдингизда бўлса, футболчи ўтган йилги мавсумни “Пахтакор”да бошлаганди. Кейинчалик унга Кувайтнинг “Ал-Кувайт” клубидан жуда яхши таклиф келиб тушганидан кейин ярим ҳимоячи “Пахтакор”ни тарк этди. Бироқ Рашидовнинг Кувайтдаги фаолияти узоққа чўзилмади. Гарчи молиявий тарафдан зўр шартнома беришган бўлса-да, у ердаги футболнинг савияси Сардорга хуш келмади. Янги клубида кўп вақтини тайёргарлик кўриш билан ўтказган ҳолда бир неча ой ўтиб, Ўзбекистонга қайтишга қарор қилди. Албатта, Рашидовнинг кейинги жамоаси кўпчилик учун қизиқ эди. Якунда у “Пахтакор”нинг чорловини яна бир бор қабул қилган ҳолда ўзининг собиқ жамоасига қайтишни хоҳлади.
Рашидов: “Пахтакор” жамоасига ўтишимга келсак, бу клубни Осиёда жуда ҳурмат қилишади. Шунинг учун мазкур жамоага ўтиш режамда бор эди, деган бўлардим”.
Жамшид Искандеров
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Олдинги клуби: “Сеонгнам” (Жанубий Корея)
Янги жамоаси: “Навбаҳор”
Қишки селекция пайтида кўзга кўринган трансферлардан бири. Искандеров “Пахтакор” ва “Локомотив”дан сўнг, энди “Навбаҳор” учун ҳам тўп сурадиган бўлди. Охирги икки йилни “Сеонгнам” жамоасида ўтказган футболчимиз олдида четдан яна бошқа вариантлар ҳам бор эди. Аммо Бабаян уни “Навбаҳор”да тўп суришга кўндирди. Шубҳасиз, яхши ўйинчи. Савияси анча-мунча футболчиларникидан баланд. Кўпчилик Жамшиднинг “Навбаҳор”га ўтишини омадли трансферлар қаторига қўшмоқда.
Искандеров: “Легионер бўлиб ўйнагач, Ўзбекистонга қайтиб келишим жуда қийин бўлди. Роса ўйладим. Бир-иккита клублар билан гаплашиб, шартномани кутиб тургандик. Лекин ҳали 100 фоиз ҳал бўлмаганди. Бу ёқда сиз айтганингиздек, Самвел Вячеславович билан ҳар доим алоқада бўлиб турдик. Менимча, бу клубга келишимда энг катта сабаб Самвел ака. Биринчи устозимиз, кўп ёрдам кўрсатган одам. Таклифига йўқ демасдан рози бўлдим. Туркияга кетишимиздан бир-икки кун олдин “Навбаҳор”га ўтишим ҳал бўлди. Клуб билан келишган ҳолда шартномага қўл қўйдик”.
Олег Зотеев
Амплуаси: ҳимоячи
Олдинги клуби: “Чоннам Драгонс” (Жанубий Корея)
Янги жамоаси: “Қизилқум”
2021 йилги мавсумни муваффақиятли ўтказган Олег Зотеевнинг Корея Кубоги соҳиби сифатида “Қизилқум”дан қўним топишини ҳеч ким кутмаган бўлса керак-а? Унга Корея, Россия ва Эрондан қизиқишлар бўлди. Аммо тақдир тақозоси билан футболчи Навоий клубини танлади. Икки йил мобайнида “Чоннам Драгонс” шарафини муносиб ҳимоя қилган Зотеевнинг “Қизилқум” билан шартнома имзолагани навоийлик ишқибозлар учун хушхабар бўлди.
Зотеев: “Қизилқум” жамоасига ўтганимга келсак, менга Ҳамиджон ака Актамов қўнғироқ қилди. Клубнинг бу йилги мақсад ва режаларини айтди. Яхши жамоа тузишяпти. “Локомотив”да ўйнаган бир қанча ўйинчилар ҳам “Қизилқум”га ўтди. Бу футболчилар билан илгари бирга тўп сурганмиз ва бир-биримизни яхши биламиз. Натижада клубнинг ўз олдига қўйган мақсади йўлида мен ҳам ҳиссамни қўшиш учун ушбу жамоага ўтишга рози бўлдим. “Қизилқум” биринчи даврани Тошкентда ўтказади. Бу томонлама ҳам бизга анча қулай”.
Артём Филипосян
Амплуаси: ҳимоячи
Олдинги клуби: “Муангкан Юнайтед” (Таиланд)
Янги жамоаси: “Сўғдиёна”
Охирги уч йилдан бери Таиланд чемпионатида тўп сурган ҳамюртимиз Артём Филипосян ниҳоят Ўзбекистон чемпионатига қайтди. Юртимизда охирги бор 2018 йили “Бухоро” таркибида тўп сурган ҳимоячи бу йил “Сўғдиёна” билан келишувга эришди. 34 ёшни қаршилаган тажрибали ҳимоячига олдида турган вариантлар орасида айнан жиззахликларнинг таклифи маъқул келди. Унинг ўзи ҳам яна чемпионатимизда тўп суришни соғинганди.
Филипосян: “Сўғдиёна” жамоаси бош мураббийи Улуғбек Бақоев менга қўнғироқ қилди ва сени жамоамизда кўришни жуда хоҳлаяпмиз деб катта қизиқиш билдирди. Янги мавсумда “Сўғдиёна”нинг олдига максимал вазифалар қўйиляпти. Фақат совринли ўринлар учун курашиш ва Ўзбекистон Кубогида финалгача бориш мақсади бор. Клубнинг вазифалари менга ҳам ёқди. Натижада “Сўғдиёна”дан тушган таклифни бемалол қабул қилдим. Бақоев билан “Бухоро”да ҳам бирга ишлаганмиз, бир-биримизни яхши биламиз. Шунинг учун иккиланмасдан “Сўғдиёна” клубига ўтдим”.
Шаҳзод Убайдуллаев
Амплуаси: ҳужумчи
Олдинги клуби: “Энергетик-БГУ” (Беларусь)
Янги жамоаси: “Нефтчи”
Ўтган мавсумда Беларусь чемпионатида тўп сурган легионеримиз кутилмаганда ортга қайтди. Аслида Солигорскнинг “Шахтёр” клубига тегишли бўлган ҳужумчи ижара асосида “Энергетик-БГУ” сафида тўп сурди. Унинг мақсади катта эди. Аммо жорий мавсумни Фарғонанинг “Нефтчи” клубида бошлашга қарор қилди. Футболчи Sports.uz сайтига берган интервьюсида ота-онасининг хоҳиш ва истаги асосий ўринда бўлганини маълум қилди.
Убайдуллаев: “Сизга олдин интервью берган пайтимда ҳам айтгандим, Европага кетиш ниятим бор эди. Лекин бу – футбол экан. Футбол-ку майли, бу ўткинчи нарса. Лекин оила муҳим. Кичик ўғилман, уйдагилар Ўзбекистонга қайт, деб қўйишмади. Оилавий ҳолатга кўра қайтдим. Ота-онамнинг бир оғиз сўзини ерда қолдирмайман. Менга Европадан 100 фоизлик таклифлар бор эди. Лекин ота-она, оила муҳимлиги учун қайтдим”.
Фикрлар