Келаси мавсум Суперлигада нечта жамоа иштирок этади? Диёр Имомхўжаев жавоб берди

ЎзПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев келаси мавсум Суперлигада нечта жамоа иштирок этиши ҳақидаги саволларга ойдинлик киритди:

"Футбол мухлислари ўртасида шу савол кўтарилишига сабабчи бўлган инсонлар орамизда бор экан, ривожланиш бўлмайди. Қуйидаги фикрларни яхшилаб ўқиб чиқишингизни ва шу савол қийнаётган инсонларга тарқатишингизни сўрайман.

-28 ноябрь куни ЎФА Ижроқўми йиғилиши бўлиб ўтди ва унда ЎзПФЛ вакилининг Суперлигада 14 та, Про лигада 10 та клуб иштирок этиши борасидаги таклифи тасдиқланди. "Арал" клубининг истисно тариқасида Про лигада иштирок этишига ҳамма бир овоздан рози бўлди. Йиғилишда ЎФА президенти ва Ижроқўм аъзолари иштирок этди. Кейинчалик, ЎФА президентининг топшириғи билан Мурат Камалов ҳамда Дилмурод Набиев билан шахсан суҳбатлашдик. Бу инсонларнинг барчаси Президент ташаббуси тўла қўллаб-қувватланиши ва албатта, ФИФА талаблари ҳурмат қилинишини билдирди.

-Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган материалда Суперлига сўзи аллақачон Про лига қилиб ўзгартирилган. Биз ҳеч бўлмаса, Суперлига ва Про лига ўртасидаги спорт принципларини ҳурмат қилишимиз керак.

-Бугунги воқеалар фонида "Нефтчи" мухлисларида кўплаб саволлар пайдо бўлгани рост. Биз "Нефтчи" клубини ҳурмат қиламиз, унинг шонли тарихи ҳақида яхши тасаввурга эгамиз. Ва умид қиламизки, унинг бугунги мухлислари ҳам Суперлигага мард бўлиб, спорт принципи билан чиқишни афзал билишади. Ўз уйида кетма-кет уч ўйинни бой берган клубнинг Суперлигада пайдо бўлиб қолиши ЎзПФЛ олиб борган шунча меҳнатни бир пул қилибгина қолмай, ҳамманинг кулгисига ҳам сабаб бўлади.

-Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир. 2017 йил "Нефтчи" Олий лигада 15-ўринни эгаллади, аммо Суперлигада олиб қолинди (қайтага "Машъал" Суперлигадан тушириб юборилди). Бугунимиз аниқ кўрсатиб турибдики, бундан "Нефтчи" ҳеч қандай хулоса чиқармаган, ўз меҳнатлари билан элитага қайтган "Машъал" эса, бугун ундан яхшироқ ҳолатда. Биз мана шу сабоқни унутмаслигимиз керак.

-Ҳа, айтганча, Суперлига иштирокчилари сонининг 16 тага етказилиши борасидаги интрига менга икки йил аввалги ҳолатни эслатяпти. Ўшанда, икки клуб сунъий равишда Суперлигага қўшилди. Аммо бу на "Динамо"га фойда келтирди ва на "Сурхон"га. Биз бу каби ишларга тўла қаршимиз. Масаланинг қизиқ тарафи шундаки, ўшанда ҳам миш-мишлар "Сурхон" ортида турган мураббий сабаб болалаганди. Бугун ўша мутахассис Фарғонада пайдо бўлиб, ишни яна интригадан бошламоқчи кўринади. Биз Хайрулла Бозоров билан суҳбатда "Нефтчи"ни ривожлантириш масаласини муҳокама қилдик. Мен бу инсонга ишонаман ва умид қиламанки, ҳаммаси табиий жараён билан рўй беради. "Нефтчи"нинг узоқ танаффусдан кейин, "Истиқлол"га қайтганиёқ шунинг дебочаси эди. Дисквалификациядан қайтаётганлар эса, ақл-ҳушини йиғиб, ҳалол меҳнат билан "Нефтчи"ни Суперлигага олиб чиқишади, деб умид билдираман. Буёғига уларга омад тилаймиз.

2021 йилги мавсум Суперлигада 14 та клуб иштирок этади!"

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Zulfiqarov Husanboy
21/12/2020 15:21
Iltimos super liga da ham VAR ishlatilsin hech kim xato qilmasin shunda haqqoniylik boladi

Минбар

Барча блоглар