"Келган пайтимда мени ҳеч ким билмасди". Лима Круз Рўзиқул Бердиевнинг сабр қилгани, "Насаф"даги келажаги ва совринлари ҳақида
“Насаф” клуби ҳамон байрам кафиятида юрибди. Ўзбекистон Кубоги Қаршига олиб кетилди. Ўйин қаҳрамони бу сўзсиз қўшимча таймда гол урган бразилиялик Лима Круз!
Ҳисоб 1:1 бўлиб турган вазиятда барибир унинг тажрибаси иш берди. Легионернинг мана шундай паллада катта саҳнага чиққани ҳамда жамоаси учун ўта муҳим голни ургани эътиборга молик.
Энди Лима Круз янада танилишга улгурди ва унинг ҳар қандай фикрлари мухлислар учун қизиқ.
- Лима, сизни “Насаф” билан Ўзбекистон Кубогини қўлга киритганингиз билан табриклайман. Ўйиндан кейинги хурсандчиликни қандай ўтказдингиз?
- Раҳмат, каттакон. Бу жуда ҳам узоқ ва ажойиб тун бўлди. Биз Қаршига келдик, мухлисларимиз билан бирга вақт ўтказдик. Атмосфера қойилмақом даражада эди. Шундан сўнг, қолган вақтимни аёлим ва фарзандим билан ўтказдим. Чунки улар доим мени қўллаб-қувватлаб туришади.
- Финал ўйини ёқдими? Стадиондаги муҳит-чи?
- Бу ажойиб бўлди. Менга жуда ёқди. Муҳит иккала жамоа томонидан дахшатли даражада эди. Мухлисларимиз доим бизни қўллаб келишди ва бу албатта фарқни юзага келтирди.
- Қўшимча дақиқада жамоангиз учун жуда муҳим голни урдингиз. Гол уришингиздан олдин ўша вазиятни олдиндан ўқидингиз-а?
- Ҳа, ўша вазиятда, яъни, экстра-таймларда биттагина гол кўп нарсани ҳал қилиб юборишини билардим. Қанотдан “кросс” амалга оширилганини кўришим биланоқ ўзимни бор кучим билан унга қараб отдим. Очиғини айтганда, экстра-таймлар учун ўзимда озгина бўлса ҳам куч тежаб қолгандим. Гол урдим ва бу жуда ажойиб жамоавий ўйиннинг маҳсули.
- Бу гол сизни янада машҳур қилди. Чунки ҳозир ҳамма сиз ҳақингизда гапиряпти. Учрашувнинг энг яхши футболчисига ҳам айландингиз. Бундай вазиятдан кейин ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Ўзимни ниҳоятда бахтли ҳис қиляпман. Барча футболчилар шу каби лаҳзаларни кутиб футбол дунёсида яшашади. Лекин мен ёлғиз эмасман. Бир ўзим ҳеч нима қила олмасдим. Шундай экан, жамоадошларим ҳам табрикларга лойиқ.
- Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида ўйинингизни юқори баҳолаб, Лиманинг трансфери ўзини оқлади, деб айтди. Сиз унинг фикрига қўшилсангиз керак?
- Ҳа, бу фикрларга қўшиламан ҳамда буни ҳурмат қиламан. Чунки унда сабр бор. Келган пайтимда мени ҳеч ким билмасди. Ўша вазиятда имкон қадар спорт формамда туришга ҳаракат қилдим. Кўпроқ дақиқаларга эга бўлишга интилдим. Мураббий мени нега бу ерга олиб келганлигини исботлашга ҳаракат қилдим.
- Фаолиятингизда олдин ҳам мана шундай Кубокларни ютгансиз-а? Умуман, сизда яна қанақа совринлар бор? Ўзбекистондаги илк соврин сиз учун нимаси билан муҳим?
- Албатта, бу менинг фаолиятимда бешинчи титул. Барчаси жуда ҳам муҳим. Аммо бу қўлга киритганимиз айниқса алоҳида ўринга эга. Чунки мен чемпионлик тақдирини ҳал қилувчи голни экстра-таймда урдим. Буниси энди алоҳида воқеа.
- “Насаф”да камроқ гол уряпсиз, аммо муҳим голлар! Демак, сиз қачон ва қаерда гол уришни биласиз, тўғрими?
- Ҳар бир ҳужумчи кўпроқ гол уришни хоҳлайди. Бироқ бу ўйлаганимиздек осон эмас. Бошланишида мен тўлиқ ўйинлар ўтказмадим. Лекин ҳозир вазият умуман бошқача. Мен ўз жамоамга яна голларим билан ёрдам беришни хоҳлайман.
- “Насаф” билан тузган шартномангиз мавсум охиригача. Режангиз қандай? Шартномани узайтирасизми?
- Ҳозирча бу ҳақида ҳеч нарса билмайман. Менда бу каби масалалар борасида иш олиб бориш учун агентим бор.
- “Насаф” чемпионликка ҳам яқин турибди. Лекин рақобат жиддий. Агар клуб чемпионликни ҳам қўлга киритса, легионер сифатида юртимиздаги дебютингиздаёқ иккита соврин ютган бўласиз. Агар шундай бўлса, нимани ваъда қила оласиз?
- Биз ҳозирда 1-ўриндамиз. Аммо олдидан қийин ўйинлар кутаётганлигини ҳис қилиб турибмиз. Худди шундай темпда давом этишга бор эътиборимизни қаратганмиз. Асосий урғу чемпионлик мақсадига берилган. Шуни ваъда бера оламанки, биз охиригача мухлисларимизни хурсанд қилиш учун ҳаракат қиламиз ва уларни яна бир бор шу мавсумда чемпионлик билан қувонтиришни хоҳлаймиз. Бунинг учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қиламиз.
- Ўзбек футболида сизни нима ҳайрон қолдирди?
- Ўйлашимча, бу стадионларнинг сифати ва футболчилар. Ўзбекистонда иқтидорли ўйинчилар жуда ҳам кўп. Улар билан майдонда бирга ҳаракат қилаётганимдан фахрланаман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар