Кетма-кет мағлубиятларга учраётган "Нефтчи"да ички муҳит бузилдими? Таркибдаги йўқотишлар нега кўп? Ёхуд жамоа етакчиси Мўминжонов ҳақида нима дейди?

Фарғонанинг “Нефтчи” клуби мағлубиятлар гирдобига тушиб қолди. Бир неча йиллик танаффусдан сўнг, Суперлигага қайтган жамоа ўз олдига совринли ўринлар учун курашиш вазифаси қўйилганини очиқ айтди. Лекин ҳозирча натижалар бу мақсадига мос келмаяпти.

Илк турда қўқонликларни 1:0 ҳисобида ютди. Шундан кейин “Нефтчи” фақат ютқазиб келяпти. Ҳатто, Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичида ҳам муваффақиятсиз қатнашиб, мусобақадан чиқиб кетди.

“Бунёдкор”га мағлубиятга учраган ўйиндан кейин “Нефтчи”нинг етакчиларидан бири Мирзоҳид Ғофуров Sports.uz мухбирига омадсизликнинг сабаблари ҳақида гапирди.  

“Ҳеч қачон қўлимизни туширмаймиз”

- “Бунёдкор”га қарши ўйин борасида гапирсам, ҳар ўйинда ютқазаверганимиздан бу сафар албатта ютишимиз шарт, дея жиддий шуғулландик. Биринчи голни урганимиздан кейин яна иккинчи голни киритиш илинжида олдинга ўтиб кетиб қолдик. Буни таъсири бўлди. Биз қандайдир кутилмаган голларни ўтказиб юбордик. Ҳисоб тенглашгач, хоҳлайсизми-йўқми, барибир яна ҳужумга ўтишга мажбур эдик. Ғалаба учун гол керак. Ҳужумлар қилдик, имкониятларни яратдик. Лекин футболда омад ҳам муҳим роль ўйнайди. Бизни зарбаларимиз голга айланмасдан, рақиб жамоанинг қаерлардандир тепган тўплари дарвозага кириб кетаверди. Учинчи голни эса қарши ҳужумда ўтказиб юбордик. Ундан олдинги Кубок баҳсида “Навбаҳор” билан ўтказган ўйинимизда ҳам қандай гол ўтказганимизни кўрдингиз. Барибир ҳаракат қилишда давом этамиз, қўлимизни ҳеч қачон туширмаймиз. Бундай ҳолат ҳар қандай клуб билан юз бериши мумкин ва улар ҳам қийин вазиятлардан чиқиб кетишган.

мирзохид1_2

“Таркибда кутилмаган жароҳатлар учраб турибди”

- Чемпионатнинг биринчи ўйинини яхши ўтказдик. Иккинчи турда “Пахтакор”га қарши майдонга тушдик. У ерда ҳам ўйинни яхши бошлагандик. Барибир рақиб чемпион жамоа. Кутилмаганда футболчимизнинг майдондан четлатилиши эвазига руҳан қийналдик ва режаларимизни ҳам ўзгартириб юборди. Ўйинга кўрган тайёргарлигимизнинг режалари бузилиб кетди. Бир киши кам бўлиб қолганимиз ўз таъсирини кўрсатди. “Сўғдиёна”га қарши беллашувда уларда иккита стандарт вазият бўлди ва бундан фойдаланди. Биз эса шунча ҳужум қилиб ҳам имкониятларимизни голга айлантира олмадик. Мана шундай қилиб, кетма-кет учрашувларда омадсизлик туфайли мағлубиятларга учрадик. Биз ҳаракат қиляпмиз, мураббийлар кайфиятимизни кўтаришга уринишяпти, далда беришмоқда. Мухлисларимиз ҳам жамоамизни қўллаб-қувватлаяпти. Яна такрорлайман: ҳеч қачон қўлимизни туширмаймиз. Бу спортда учраб турадиган ҳолат. Бунга кўплаб мисоллар бор. Ҳаммаси олдинда, вазиятни ўнглай олишимизга ишонаман. Охиригача мана шундай муваффақиятсизлик давом этавермайди. Насиб қилса, кейинги турдан бурилиш қилмоқчимиз. Таркибимизда кутилмаган жароҳатлар ҳам учраб турибди. Захира ўриндиғимиз ҳам яхши эди. Ўйинлар ва машғулотлар чоғида футболчиларимизнинг жароҳатга учраётгани ва қизил карточкалар бизга таъсирини ўтказяпти. Кейинги тургача таркибимизда 7 нафар ўйинчимиз йўқ. Бу асосий таркибнинг ярми дегани. Майли, бу ҳам синов ва бундан чиқиб кетамиз. Фақат тўғри ишлашда давом этсак бўлди.

мирзохид_3

“Мўминжонов қўлидан келганича руҳлантиряпти”

- Бош мураббийимиз Илҳом Мўминжонов қўлидан келганича ҳар томонлама бизни руҳлантиряпти. Бундан ташқари, клуб раҳбарияти ҳам далда бериб турибди. Вазиятни тўғри тушунишяпти. Жароҳат олганлар, қизил карточкалар, кутилмаган голлар ва омадсизлик – буларнинг барчаси бир-бирига боғлиқ-да! Шуларнинг эвазига бирин-кетин мағлубиятларга учрадик.

мирзохид2_2

“Кубокда ҳам вазифамиз жиддий эди”

- Ўзбекистон Кубогида ҳам вазифамиз жиддий эди. Чемпионат бошланганидан бери ҳар бир учрашув биз учун муҳим аҳамият касб этарди. Натижа кўрсатиш учун охиригача курашишга бел боғлаганмиз. Кубокда ҳам майдонга шунчаки чиқиб, ўйнаш бўйича кўрсатмалар берилмаган. Масалан, ўз уйимида “Қизилқум”га қарши тинмасдан ҳужум қилдик, бироқ рақибнинг қандайдир кутилмаган зарбаси голга айланиб кетди. “Навбаҳор”га қарши ҳам яхши ўйнадик. Жамшид Искандеровнинг узоқдан тепган тўпи голга айлангач, бу ҳам таъсирини кўрсатмасдан қолмасди. Ўзимизни тиклаб вазиятларни яратишга уриндик, ўша баҳсда ҳам футболчимиз майдондан четлатилди.

мирзохид3_2

“Қора кунлардан албатта чиқиб кетамиз”

- Жамоамиздаги ички муҳит жойида, ҳаммаси яхши. Ўйиндан кейин таҳлил қилиняпти, ҳамма ўз айбини биляпти ва кейинги учрашувга такрорламасликка ҳаракат қилмоқда. Машғулотда ёки ечиниш хонасида жанжалли ҳолатлар умуман бўлгани йўқ. Бизда аҳил жамоа бор. Бундай муваффақиятсизликка биргаликда тушдик ва бундан биргаликда чиқиб кетишимиз керак. Бизда мақсад ўзгармайди. Ҳали имкониятимиз бор. Чемпионатни кўряпсиз, олдиндан нима бўлишини айтиб бўлмаяпти. Ҳеч ким аниқ ютамиз деб майдонга чиқа олмайди. Оддий мисол, “Олимпик”ни чемпион – “Пахтакор” билан қандай натижа кўрсатганини кўринг. 5 та турдан кейин тушкунликка тушиб қолмаймиз. Чемпионат қизғин палласига киряпти, барчаси олдинда. Насиб қилса, бундай қора кунлардан албатта чиқиб кетамиз. Ойнинг 15 ёруғ, 15 қоронғу, деган гап бор. Мухлисларимиз бизга ишониб, қўллаб туришса бўлди. “Нефтчи”га келишимдан аввал ҳам айтгандим, жамоа шаънини муносиб ҳимоя қилиш ва мавқеини тиклаш учун бу ердаман. Бунинг учун охиригача курашамиз.      

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!