"Ким билан ўйнаётганимизни билардик" - "Қизилжар" бош мураббийи ва унинг футболчиси "Навбаҳор" билан ўйиндан сўнг нималар деди?
Кеча “Навбаҳор” клуби Туркиянинг Анталия шаҳрида олиб бораётган ўқув-машғулот йиғини доирасида Қозоғистоннинг “Қизилжар” клубига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Наманганликларнинг илк назорат баҳсида қозоғистонликлар 1:2 ҳисобида ғалаба қозондилар.
Ушбу учрашув борасида “Қизилжар” клуби бош мураббийи Али Алиев ҳамда жамоа ярим ҳимоячиси Мирас Женис ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.
Али Алиев: "Навбаҳор" Осиё Чемпионлар лигасида яхши иштирок этяпти"
“Биринчи навбатда йигитларни ва мухлисларимизни ғалаба билан табриклайман. 10 январь куни йиғинга келдик, ҳаммаси режа бўйича давом этмоқда. Бунинг учун мазкур йиғинни ташкил қилиб бераётган инсонларга раҳмат айтаман.
Ўйинга қайтсам, рақиб жиддий эди ва ким билан ўйнаётганимизни билардик. Улар охирги марта 4 декабрь куни Осиё Чемпионлар лигасида ғалаба қозонишган, яхши иштирок этишяпти. Олдинда эса “Навбаҳор”ни “Ал-Иттиход” билан ўйини бор. “Навбаҳор”нинг ўзига яраша кучга эга жамоа эканлигини билардик. Улар билан учрашувда футболчиларимизга тартибли ва тактик ўйин кўрсатиш кераклигини уқтирдим.
Ўйин яхши ўтди. Бир қанча вазиятлар яратдик. Ҳужумчиларимиз ўзининг яратилган вазиятларидан фойдаланишди. Бир қанча ёш футболчиларимиз биз билан йиғинда қатнашмоқда. Улар ҳам яхши қўшила олишди. Умумий ўйинни оладиган бўлсак, янада яхшилашимиз керак, стандартларга эътибор беришимиз лозим. Бунинг учун ишлаймиз. Янги қўшиладиган футболчиларимизни кутяпмиз. Ҳужумкорликни ошириш учун тезроқ таркибимизни шакллантириб олишимиз даркор. Яна бир бор ҳаммани ғалаба билан табриклайман”, - дейди Алиев.
Мирас Женис: "Ўйин кутилганидек осон кечмади"
“Йиғиндаги биринчи ўйинни ғалаба билан бошладик. Бу умумий жамоа фонида жуда муҳим деб биламан. Ушбу учрашувга жуда жиддий тайёргарлик кўрдик. Чунки рақиб жиддий эканлигини билардик.
Ўйин кутилгандек осон кечмади. Жамоамиз мураббийлари ва раҳбариятига яхши шароитлар яратиб беришаётгани учун раҳмат айтаман. Бундай шароит ривожланиш учун муҳим саналади. Бизга билдирилган ишонч учун ҳам раҳмат. Мухлисларимиз бизни катта иштиёқ билан олқишлашгани учун миннатдормиз ва тез орада яшил майдонда кўришамиз”, - дея фикр билдирди, футболчи.
Фикрлар