Кимдир аламзада, бошқаси эса ғалабага чанқоқ ёхуд Суперлигада сиз кутаётган ўйинлар
Суперлигамизда 20-тур баҳслари бошланиш арафасида. Бу сафар ўтган турдагига нисбатан барча ўйинлар тўлиқ ўтказилади. 7 та жуфлик 27-30 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
27 сентябрь
“Металлург” – “Андижон”
Иккала жамоа ўтган турда жуда муҳим ва ёқимли ғалабаларни қўлга киритишганидан хабардорсиз. “Металлург” Олмалиқда ОКМКни 2:4 ҳисобида мағлуб этган бўлса, “Андижон” “Бобур Арена”да “Навбаҳор”ни охирги дақиқаларда урилган гол эвазига 2:1 ҳисобида таслим қила олди.
Энди ушбу турда кучли рақибларини доғда қолдирган иккала клуб бир-бири билан тўқнаш келади. Ўйин эса Олмалиқдаги ОКМК стадионида бўлиб ўтади. Бекободдаги аренанинг майдон чими таъмирланиши сабабли “Металлург” ўз уй учрашувларини Олмалиқда ўтказади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам “Металлург” – “Андижон” қарама-қаршилиги мухлисларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Балки беллашувнинг Бекободда эмас, Олмалиқда ўтиши меҳмонларга ҳам қўл келиши мумкин, албатта буни вақт кўрсатади.
“Нефтчи” – “Бухоро”
Иккала клуб Суперлиганинг 19-турини мажбуран ўтказиб юборди. Улар охирги учрашувларини 27 ва 31 августда ўтказишган. Салкам бир ойлик танаффусдан сўнг “Нефтчи” билан “Бухоро” расмий учрашувларига қайтмоқда. Чемпионатда ҳали мағлубият нималигини билмаётган фарғоналиклар ўз уйидаги имкониятдан фойдаланиши катта эҳтимол. Аммо энг кўп дуранг “Нефтчи”да бўлиб, уларнинг ҳисобида нақд 10 та дуранг мавжуд. Шу боис мезбонлар дуранг керак эмас. Иккинчи томондан қараганда, “Бухоро”га ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Шунинг учун ушбу беллашувнинг қиймати жуда баланд. “Бухоро” сўнгги бор Тошкентда “Бунёдкор”ни мағлубиятга учратганди. Албатта, мезбонларда имконият кўпроқ, аммо Улуғбек Бақоев жамоаси ҳам жимгина қараб турмайди.
28 сентябрь
“Олимпик” – “Насаф”
“Олимпик” ҳам ўтган турни ўтказиб юборди ва охирги бор 25 августда Суперлигада ўз ўйинини ўтказган. Чунки жамоа аъзолари бош мураббий Тимур Кападзе бошчилигида Осиё ўйинларига жўнаб кетганди. Клубдаги қолган футболчиларни Сервер Жепаров шуғуллантириб келмоқда. Навбатдаги тўқнашувда “Олимпик”ни жиддий синов кутяпти. Ўзи шундоқ ҳам ёш жамоа чемпионатни барқарор ўтказа олмаяпти. Медаллар учун курашаётган “Насаф” эса ўтган турда ўз майдонида “Бунёдкор” билан баҳсда охирги дақиқаларда жуда аламли голни ўтказиб юбориб мағлубиятга учради. Энди Рўзиқул Бердиев жамоаси ушбу мағлубият айбини ювиш учун ҳам Тошкентда ютишига тўғри келади.
“Пахтакор” – ОКМК
Осиё Чемпионлар лигаси қатнашчилари илк турдаги мағлубиятдан сўнг Суперлигада очколарни йўқотишди. Биласиз, “Пахтакор” Жиззахда аранг мағлубиятдан қутулиб қолди. ОКМК эса ўз уйида “Металлург”га ҳеч ким кутмаганда 2:4 натижаси билан енгилди. Ғалабага ташна клублар энди ўзаро бир-бирига қарши ўйнайдилар. Максим Шацких ва Миржалол Қосимов тўқнашуви десак ҳам бўлаверади. Ҳа, “Пахтахор” ҳамон жадвалда пешқадам. Лекин охирги пайтларда “Шерлар” ўзига ўхшамаяпти. ОКМК эса очколар йўқотгани сари совринли ўринлар учун курашаётган рақибларидан узоқлашяпти. Бу сафарги баҳс эса ҳар икки жамоа учун қанчалик муҳимлигини ўзлари яхши ҳис қилиб туришибди. Ташқаридан қараганда, жамоаларнинг имконияти тенгга ўхшаб кўриняпти. Лекин майдонда нималар рўй бериши ва натижа қанақа бўлишини баҳс якунлангач, билиб оламиз.
“Навбаҳор” – “Турон”
Самвел Бабаян жамоасини яна водий дербиси кутяпти. 23 сентябрь куни Андижонда аламли тарзда ютқазган “Навбаҳор” бу сафар 28 сентябрь санасида Фарғонанинг “Турон” клубини қабул қилади. Ҳозирги пайтда “Турон” мусобақа жадвалида яна сўнгги поғонага тушиб қолди. “Навбаҳор” эса ютмаса бўлмайдиган даражада. Агар Наманганда аутсайдер очко оладиган бўлса, буни мезбон мухлислари кечирмаса ҳам керак. Шундай экан, “Навбаҳор”да имконият кўпроқ баҳоланяпти. Қолаверса, Андижондаги мағлубиятдан тегишли хулосаларни чиқарган бўлишса ажаб эмас.
29 сентябрь
“Бунёдкор” – “Сурхон”
Яхши ўйин бўлади. “Бунёдкор” Қаршидаги ғалабадан кейин юқори кайфиятда. “Сурхон” эса номинал мезбон сифатида “Қизилқум”га имкониятни бой бериб қўйди. “Бунёдкор” стадионида жиддий кураш кечиши ҳозирданоқ маълум. Иккала жамоа таркибида ҳам иқтидорли ёшлар бор. Очиқ ўйин кўрсак ҳам ажабланмаймиз. Улар ёпиқ ўйинга одатланмаганлар. Балки голларга бой ўйин бўлиши ҳам истисно қилинмаяпти. Хуллас, қизиқарли баҳс гувоҳи бўламиз.
30 сентябрь
“Қизилқум” – “Сўғдиёна”
Турни якунлаб берувчи учрашув Навоийда бўлади. Шу куни “Қизилқум” Жиззахнинг “Сўғдиёна”сини қабул қилади. Лигада жон сақлаб қолиш учун жон-жаҳди билан курашаётган “Қизилқум” ниҳоят янги бош мураббий Жамшид Саидов бошчилигида чемпионатдаги илк ғалабасини қўлга киритдилар. Ўтган турда “Сурхон”ни 1:2 ҳисобида ютиб қайтган “Қизилқум” энди “Сўғдиёна” билан учрашувга тайёрланяпти. Агар кучлар тенг келса ҳам бундан ажабланмаган бўламиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар