"Кимдир ўйиннинг видеоёзувини кўриб чиқиши ва ўзи баҳо бериши мумкин". Ҳимоядаги ишидан ортиб голлар ҳам ураётган Бубанья барчасига қандай улгуряпти?

“Андижон” клуби про лигада пешқадамликни ўз қўлига олганидан хабарингиз бор. Жамоа пухта ишлаб чиқилган режа асосида ўз ўйинларини ўтказиб келмоқда. Ўзбекистон Кубогида ҳам андижонликлар саргузашт кўрсатишга уриниб кўрдилар. Чорак финалда АГМКни қабул қилган “Бургутлар” 0:2 ҳисобида мағлубиятга учрагач, энди бор эътибор про лигадаги иштирокига қаратилиши шубҳасиз.

Жамоа сафида легионерлар ҳам бор бўлиб, айниқса, сербиялик Владимир Бубанья футбол мухлисларига яхши таниш. Ҳимоячи “Андижон” таркибида рақиб ҳужумларини бартараф этишдан ташқари голлар ҳам уриб турибди. Албатта, унинг жамоа учун қўшаётган ҳиссаси ҳам катта бўляпти. Шу сабабли Бубаньяга бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик. Табиийки, суҳбат АГМК билан ўйин ҳақидаги савол билан бошланди.  

- Дастлаб Ўзбекистон Кубоги чорак финалида АГМКга қарши ўйин ҳақидаги фикрингизни билмоқчиман. Мағлубиятга нима сабаб бўлди?

- Бу ҳақиқий жанговар ўйин бўлди, деб ўйлайман. АГМК жамоаси бизнинг хатоларимиздан фойдалана олди. Афсуски, ўзимиз уларнинг хатоларидан фойдалана олмадик. Ҳатто, жамоамизда бир қанча қулай имкониятлар юзага келган бўлса ҳам, буни уддалай олмадик.

бубанья2

- Ҳакамнинг рақиб дарвозасига пенальти белгиламагани турли гап-сўзларга сабаб бўлди. Бунга нима дея оласиз?

- Пенальти масаласида мен ҳеч нима дея олмайман. Кимдир хоҳласа, ўйиннинг видеоёзувини кўриб чиқиши ва ўша вазиятга ўзи баҳо бериши мумкин.

- АГМК билан ўйингача сиз сўнгги иккита ўйинда иккита гол урдингиз. Умуман айтганда, ҳимоячи бўлишингизга қарамай, шу пайтгача 3 та голга муаллифлик қилдингиз. Бу нима билан боғлиқ?

- Ҳа, шундай бўлдики, мен охирги иккита учрашувда гол уришга эришдим. Лекин бу бутун жамоанинг хизмати. Умуман айтганда, барчамиз ҳар бир учрашувда гол уришга ҳаракат қиляпмиз.

бубанья

- Одатда, ҳужумчиларнинг майдондаги асосий вазифаси гол уриш ҳисобланади. Сизда ҳам асосий вазифангиз гол уришми?

- Бизни стандартларни хуш кўрувчи жамоа эканлигимизни ҳамма билади. Шу сабаб биз ҳимоячилар ҳам голлар уряпмиз.

- Тақвим жуда тиғиз. 7 ва 10 сентябрда сафарда яна иккита баҳс кутмоқда. АГМК билан ўйиндан сўнг жамоа руҳан ва жисмонан тикланишга улгурадими?

- Жамоамизни иккита муҳим учрашув кутиб турибди. Албатта, АГМКга қарши учрашув осон кечмади ва ҳолдан тойдик. Лекин имкон қадар ҳар тарафлама тезроқ тикланишга ҳаракат қиляпмиз.

бубанья3

- Андижонлик ишқибозлар ҳар ўйинда барчани қойил қолдиряпти...

- Ҳа, Фикримча, “Андижон”нинг ишқибозлари Ўзбекистонда энг ҳурматга лойиқлари. Улар доимо биз билан бирга.

- Айни чоғда “Андижон” турнир жадвалида пешқадам. Жамоа ўз ўрнини охиригача сақлаб қолиши учун барқарорлик керак бўлади. Ҳозирги вазиятга келиб вазифани неча фоизга уддаладик деб айта оласиз?

- Ҳа, ҳозирги пайтда мусобақа жадвалида биринчи ўриндамиз. Бироқ олдинда бизни яна 10 та ўйин кутиб турибди. Табиийки, чемпионат охиригача қийин бўлади. Чунки бу ердаги барча клублар ўзига яраша кучли ва сифатга эга. Олдимизга қўйилган вазифани бажариш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!