"Клуб директори Хюистра масаласида мен билан маслаҳатлашганди" ёхуд легионеримиз клубини ўзгартирганига нима сабаб бўлганини биласизми?

Анчадан бери Индонезия чемпионатида тўп суриб келаётган ҳамюртимиз Жавлон Гусейнов яқинда клубини ўзгартирди. “Борнео”да самарали фаолият олиб борди ва жамоа сардори сифатида мухлисларнинг меҳрини қозонди.

Sports.uz мухбири легионеримиз билан боғланди ва дастлаб клубини ўзгартирганига нима сабаб бўлгани тўғрисида гапирди.

- Кетишимга сабаб, шартнома муддати тугаганди. Чунки икки йил олдин шартномани узайтирган пайтимда чемпионатимиз Ўзбекистонникига ўхшаб бир йил давомида бўларди. Шунинг учун келишув январь ойигача эди. Икки йил олдин ковиддан сўнг чемпионат Европага ўхшаб икки йил давомида бўладиган бўлди. Биринчи даврадан сўнг шартномам тугади. “Борнео”да бразилиялик мураббий ишларди. У менежерга мен билан шартномани узайтиришни хоҳламади. Минимум шартномани олти ойгача чўзиш керак. Шу масала бўйича клубимни ўзгартиришга тўғри келди. Лекин “Борнео”да 4 йил давомида тўп суриб, у ердаги фаолиятимдан хурсандман. Ҳамма мухлислар, жамоадагилар раҳмат айтишди. Яхши ном қолдириб кетдим, десам бўлади, - деди Гусейнов.

Жавлон эътиборини бошқа клубга қаратган. Шунинг учун ҳамюртимиз янги жамоаси ҳақида шундай деди:

- Янги жамоам – “Персита Тангара” ўртамиёналардан бири. Ўз олдига у қадар катта мақсадлар қўймайди. Ўзимиздаги “Металлург” ва шунга ўхшаш жамоаларга ўхшаган. Лекин асосийси, Жакарта шаҳрига яқин. Шароитлари яхши. Ҳозирча шартномам мавсум охиригача. Март ойида чўзиш ё чўзмасликни гаплашиб, ҳал қиламиз.

гусейнов

Юқорида таъкидлаганимиздек, “Борнео”да муҳим ўйинчилардан бири бўлди. Етакчиликни ўз қўлига ҳам олганди. Аммо мураббий унинг ўрнида бошқасини кўришни хоҳлади. Хўш, Гусейновнинг бош мураббий билан муносабати қандай эди?

- 4 йил давомида “Борнео”да ўйнаган бўлсам, 7-8 нафар мураббийнинг қўли остида ўйнадим. Ҳеч қайси бири билан келишмовчиликка бормаганмиз. Биргина маҳаллий мураббий билан бироз жанжаллашиб қолгандик. Қолган ҳаммаси билан муносабатим яхши бўлган. Бразилиялик мутахассис билан ҳам ёмон эмасди. Фақат агентлар ўз ўйинчиларини тиқишни яхши кўришади. Бу мураббийни агенти бор. У тинмай бразилиялик футболчиларни олиб келади. Менинг ўрнимга ўша ердан ҳимоячини чақиришди. Улар кетишимни асосий сабаби қилиб, менга чап оёқда ўйнай оладиган марказий ҳимоячи олиб келмоқчимиз дейишди. Бу кулгули ва ёш боланинг баҳонаси бўлди. Бразилиялик ҳимоячи Беларусь чемпионатидан келди. Савияси пастлигидан ҳозир захирада ўтирибди, - дея фикр билдирди, легионеримиз.

Яқинда “Борнео” жамоасига бош мураббий сифатида мухлисларимизга яхши таниш бўлган Питер Хюистра таклиф қилинди ва у ерда иш бошлади. “Пахтакор”нинг собиқ устози “Борнео”га келишидан аввал Жавлон билан бу масалада гаплашганми? Ҳамюртимизнинг жавобини эшитамиз.

- Январь ойи бошида шартномам тугаган. Лекин 17 январгача шуғулланиб турдим. У пайтда клубда бразилиялик мураббий ишларди. Февраль ойи ўрталарида ишдан кетди. Питер Хюистранинг келиши бўйича аслида бразилиялик мутахассис иш бошлашидан аввал клуб директори мен билан маслаҳатлашганди. Ўзбекистонда ишлаган экан, қандай мураббий деб сўраган. Хюистра 2014 ва 2015 йиллари Индонезия U-20 терма жамоасида техник директор бўлиб ишлаган. Шунинг учун Индонезия унинг учун янгилик эмас. Питер Хюистрани ўзингиз ҳам биласизку, яхши мураббий. Бунга натижалари ҳам айтиб турибди. “Борнео”га ёрдам берармикин, кўрамиз.

гусейнов2

Жавлонга яна қандай таклифлар бўлганди? Ўзбекистонга ҳам қайтмоқчимиди? Ҳамюртимиз шундай деди:

- Ноябрь ойларида Малайзияда трансфер ойнаси очилганида у ердан битта клубдан таклиф келган. У пайтда мени ўз жамоам билан шартномам бўлгани учун бир тўхтамга келмагандик. “Борнео” ҳам ўшанда шартномани чўзишимиз мумкин деганди. Шу боис бошқа жамоа билан тўлиқ музокарага киришмагандим. Бошқа давлатлардан қизиқишлар бўлмаган. Қолаверса, трансфер ойнаси ҳам ёпиқ эди. Ўзбекистонга қайтиш варианти ҳам бор эди. Бироқ Индонезиядан таклиф чиқиб қолгани ўзимга қулайроқ бўлгани учун яна шу ерда қолишга қарор қилдим. Чемпионат охирида яна вариантлар чиқса, қолишга ҳаракат қиламан.

Жавлон Гусейнов “Борнео”даги фаолияти давомида нимага эришди ёки нималарни ютди?

- Жамоам билан қандайдир соврин ютмаган бўлсам ҳам асосий ютуқларимдан бири мухлисларнинг ҳурматини қозонганим деб ўйлайман. Индонезия футболида оз-моз бўлса ҳам ном қолдирдим, деб ўйлайман. Чунки бу ерда футболни яхши кўришади ва кўча-куйда ёки бошқа жойда юрганимда расмга тушиш, дастхат олишга интилишларидан ҳам қандай эътибор ва муносабатда эканликларини билса бўлади. Муҳими, ишқибозларнинг ҳурматини қозондим.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!