Клубнинг менга бўлган эътибори ва ишончи катта - легионеримиз икки йиллик шартномага имзо чекди
Осиёнинг турли мамлакатларида ўзбекистонлик футболчилар фаолият кўрсатиб келмоқда. Четда тўп сураётган ҳар бир ҳамюртимиз ҳақидаги янгиликлар бизни беэътибор қолдирмайди.
Мисол учун Индонезия чемпионатида ҳам ўзбекистонлик легионер Жавлон Гусейнов фаолият олиб боряпти. У яқингача ҳам юртимизда шуғулланиб юрганди. Кейин эса Индонезияга жўнаб кетди.
Илгари ушбу ўйинчининг “Борнео” жамоаси билан келишувга эришганлиги хусусида ёзгандик. Чунки Гусейнов охирги икки йилни ушбу жамоа сафида ўтказган. Ниҳоят, ҳамюртимиз ўз клуби билан расман шартнома тузганини маълум қилди ва бу борада sports.uzга шундай деди:
- “Борнео” билан шартномага иккиланмасдан қўл қўйдим. Негаки, мени бу жамоада ҳамма нарса қониқтиряпти. Шароитлар, молиявий ҳолат, ҳаммаси аъло даражада. Клуб раҳбарлари ҳамда мураббийларининг менга бўлган эътибори ва ишончи ҳам катта. Шу сабабли, уларнинг таклифини хурсандчилик билан қабул қилдим. “Борнео” клуби менга мавсум тугамасидан олдин шартномани узайтириш бўйича таклиф билан чиққанди, - деди футболчи.
Кўриниб турибдики, футболчимизни ҳамма нарса қониқтиряпти. Шунинг учун “Борнео”дан бошқа жойга кетиш ҳақида ўйламаган. Аслида Гусейновнинг олдида яна бошқа таклифлар бормиди?
- Тўғри, менга бошқа таклифлар ҳам бўлди. Айниқса, Малайзия ва Бангладеш чемпионатларидан қизиқишлар бор эди. Лекин боя айтганимдек, “Борнео” билан ўтган йил якунланмасидан аввал ҳаммасини келишиб олганимиз учун бошқа таклифларни кўриб чиқмадим ва рад жавобини беришимга тўғри келди, - дея муносабат билдирди, Жавлон
Легионеримизнинг у ерда фаолияти чакки эмас. Ҳар холда у клубининг етакчиларидан бири. Гусейновга ишонч катталиги учун ҳам шартномани яна икки йилга чўзишди. Агар жамоага нафи тегмаганида Жавлон билан хайрлашган бўларди. Аммо вазият бундай эмас.
- Индонезияда 2019 ва 2020 йилги мавсумларни ўтказдим. Яна икки йил тўп сурсам, ҳаммаси бўлиб тўрт йил фаолият олиб борган бўламан. Тўғри, қаерда бўлишингиздан қатъи назар, легионер бўлиб ўйнаш осон эмас. Нима учун Индонезияда тўп сураётганимга келсак, бу ерда кўп нарса мени қониқтиряпти. Футболга бўлган эътибор ҳам яхши даражада. Бир сўз билан айтсам, “Борнео”да тўп суриш ўзимга ёқяпти.
Ўтган йили мавсумни ёмон бошламагандик. Аммо кейин пандемия бўлиб чемпионат тугатилмасдан қолиб кетди. Энди янги мавсум бошланади. Жамоамизнинг мақсади ОФК Кубогига чиқиш. Индонезияда Осиё Чемпионлар лигаси учун плей-офф баҳсидан ўтилади. Яъни, тўғридан-тўғри йўлланма йўқ. 21 мартда Кубок баҳслари бошланади. Бизнинг бу мавсумдан умидимиз катта, - дея фикр билдирди, ҳамюртимиз.
Фикрлар