Конор-Порье, Холлоуэй-Каттар ҳамда Чимаев-Эдвардс жангида кимларнинг имконияти юқори? (Таҳлил)

Барча ММА шинавандалари январь ойини кутаётган бўлса, ажаб эмас. Чунки 2021 йилнинг дастлабки ойида UFC бир ҳафтанинг ўзида учта супер жанг кечасини ўтказади. Айнан ушбу уч турнирда мухлисларни энг кўп қизиқтираётгани Конор МакГрегор - Дастин Порье, Макс Холлоуэй - Келвин Каттар ҳамда Леон Эдвардс – Хамзат Чимаев ўртасидаги жанглар, десак янглишмаган бўламиз.

Дарҳақиқат, Конорнинг ўзига хос шоусини, Хамзатнинг асл кучини ҳамда Холлоуэйнинг қайтишини тезроқ кўришни истаётганлар дунё бўйлаб кўплаб топилади ва айнан шунинг учун ҳам ушбу уч жангга бўлган эътибор юқори...

Биз эса ушбу жанглардаги имкониятларни бироз таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

Макс Холлоуэй - Келвин Каттар

Ҳар иккиси ҳам дивизионнинг хавфли жангчиларидир. Бироқ бу тўқнашувда Макснинг имкониятини юқори баҳолаган бўлардим. Сабаби, Каттарнинг кучли жиҳати, унинг кучли зарбасида, деб айта оламиз. Макснинг зарба кучи эса шубҳасиз, ушбу дивизиондаги энг юқориси десак, муболаға бўлмайди. Максни ютиш учун мукаммал курашчи бўлиши лозим ёки Волкановскига ўхшаб, ўта чаққонлик талаб қилинади. Каттарнинг жангларини томоша қилсангиз, унда бундай жиҳатлар юқори даражада, деб айта олмаймиз. Айнан ушбу омилларни инобатга олган ҳолда, шундай фикрдамиз. Лекин UFC ўзгача промоушен, “апсет”лар ҳар доим бўлган ва бўлади ҳам, шундай экан,  ким ғалаба қозонади, буни тез орада билиб оламиз!

мак

Хамзат Чимаев – Леон Эдвардс

Ўйлайманки, бу жангга бўлган қизиқиш асло Конор-Порье тўқнашувидан кам эмас. Чунки Чимаев аслида ҳам кучлими ёки шунчаки, Дана Уайтнинг “шиширма” жангчисими, деган саволга жавоб топиш мумкин бўлади. Тўғри, унинг аввалги жангларини кўриб, унда истеъдод бор эканлигини гувоҳи бўлдик. Лекин у ҳали реал олиб қараганда, жиддий рақиб билан тўқнаш келгани йўқ. Эдвардс эса синалган, қолаверса, тажрибали жангчилар билан бўлган баҳсларда ўзини кўрсата олган. Айнан, ушбу баҳсда Хамзатнинг асл кучига янада аниқ ва лўнда баҳо бериш имконияти пайдо бўлади.

Шунга қарамасдан, барибир Чимаевда имконият юқори, деб ўйлайман. Чунки унда Эдвардсга қарши қўядиган барча нарса бор. Мисол учун, Эдвардс “стойка”да жанг қилишни лозим топса, Чимаевнинг бўйи ва қўллари узун, нокаут қилувчи зарбага эга. Агар, “партер”ни маъқул топса, Хамзатнинг имконияти янада ошиб кетади. У бу борада Эдвардсан бир бош устун, десак янглишмаган бўламиз. Хуллас, бу тўқнашувда Чимаев ғалаба қозонса керак, деган ўйдамиз.

эдвардс

Конор МакГрегор – Дастин Порье

Шубҳасиз, Ҳабиб Нурмагомедов фаолиятини якунлаганидан сўнг, ушбу дивизионнинг энг кучли жангчилари, дея Конор ҳамда Дастинни эътироф этган бўлардик. Яна ким, Гэтжими ёки Оливейра? Фергюсонни қандай ҳолатда эканлигини Олийвера кўрсатиб берди. Махачев ва Хукерни буларнинг даражасига чиқиш учун бироз вақт бор. Гэтжи ёки Олийверани ҳам иккисини даражасида, деб айтмаган бўлардим. Яъни, машҳурлик нуқтаи назаридан ва маҳорат бобида ҳам... Албатта, бу менинг шахсий фикрим. Шундай экан, Конор ва Дастин тўқнашувида дивизионнинг Ҳабибдан кейинги лидери ким эканлиги аниқланади.

Улар ўртасидаги биринчи жанг қандай якунлангани барчага маълум. Биринчи раунддаёқ Конор жанг тақдирини ҳал қилиб, ғалабага эришган. Бу Конор учун ўзига хос руҳий устунлик бериши турган гап. Қолаверса, у машғулотларга жиддий эътибор қаратган. Чунки, фақатгина шоуларда юравериш қандай оқибатларга олиб келишини хис қилиб улгурган. Ҳабиб Нурмагомедов унга бир умрлик сабоқ бериб қўйди. У ўша мағлубиятдан кейин Дональд Серроне устидан ғалаба қозонди. Лекин бу муваффақият Ҳабибдан учралган мағлубиятга малҳам бўла олмасди. Чунки “Ковбой” энг фахрий жангчилардан бири ва унинг савияси ҳам анча тушиб кетганди. Бироқ Дастинни чиройли тарзда мағлуб этиш, унинг том маънодаги “қайтиши” бўлади, деб айта оламиз. Шундай экан ирландиялик шоввоз жангни муддатидан аввал якунлашга ҳаракат қилади. Қолаверса, ҳар доимгидек руҳий босим ўтказиш мақсадида, мухлислар учун ҳам одатий қилиқларидан фойдаланиши турган гап.

Порье эса жангни чўзишга, Конорни чарчатиб натижа қилишга ҳаракат қилса, керак. “Тэйк-даун”ларни амалга оширади, деб ўйламайман. Чунки Нурмагомедов ҳам Конорга нисбатан буни амалга оширишда қийналганди. МакГрегор бу борада Дастинга имконият бермаса керак. Қисқа қилиб айтганда имкониятлар 60/40 Конор фойдасига. Аммо юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бу нисбий тушунча холос. Ким ғалаба қозонади, бу фақат Яратганга аён!

ав

Рой Жонсни иккита жанг қизиқтирмоқда... Андерсон Силва дастлабки рақиб!

 

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)