Кўплаб йўқотишларга учраган “Металлург”ни яна бир синов кутмоқда. Бу сафарги рақиб эса анча жиддий
Мамлакат миллий чемпионати иккинчи давра баҳсларини сафарда Тошкент вилояти дербисида ғалаба билан бошлаган Бекободнинг “Металлург” жамоасини навбатдаги турда яна бир қийин имтиҳон кутмоқда. Бу сафар бекободликлар ўз майдонимизда Ўзбекистоннинг энг номдор ва кучли клубларидан бири – Қаршининг “Насаф” жамоасини қабул қилади.
АГМКга қарши ўйинда “Металлург” кўп куч сарфлади. Футболчилар ўзларининг ирода ва характерларни кўрсатишди. Муросасиз дербидаги ғалаба бир қатор йўқотишлар эвазига қўлга киритилди. Айнан ўша ўйинда огоҳлантирилган Дамир Темиров, Жасур Холтўраев ҳамда Ихтиёр Тошпўлатовлар дисквалификация туфайли “Насаф”га қарши ўйинда ёрдам бера олишмайди. Боиси “Металлург”нинг мазкур ўйинчилари ҳисобидаги сариқ карточкалар сони 4 тага етган ва улар навбатдаги турни ўтказиб юборишга мажбур. Бундан ташқари клубнинг марказий ҳимоячиси Аббос Отахонов давралар оралиғида олган жароҳати боис даволанмоқда. Икки нафар футболчи эса Ўзбекистон U-20 терма жамоаси таркибида Тожикистонда ўтказилаётган CAFA кубогида иштирок этмоқда. Олти нафар ўйинчининг йўқлги мураббийлар штаби олдига таркибни шакллантиришда етарлича муаммо туғдириши бор гап.
“Насаф”да эса ҳаммаси жойида. Барча ўйинчилари оптимал спорт формасида эканлигини 11-турнинг “Динамо”га қарши сафарда ўтказилган учрашуви исботлади. Рўзиқул Бердиев жамоаси Самарқандда мезбонлар дарвозасига жавобсиз тўртта гол киритди. Таркиби асосан миллий ва олимпия терма жамоасига номзод ўйинчилар ва малакали легионерлар билан тўлдирилган “аждарлар”га уй ва сафар ўйинининг унчалик фарқи йўқ.
Шулардан келиб чиқиб, “Металлург” мураббийлари штаби ихтиёрида бор ўйинчилар билан яна характер кўрсатишларига тўғри келади.
“Металлург” матбуот хизмати.
Фикрлар