Коронавирус сабаб оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати Ўзбекистонга кўчирилди

Айни пайтда жаҳон спортида ҳам кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган, халқаро мусобақаларнинг ўтишига тўсқинлик қилаётган коронавирус оғир атлетика бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионатига ҳам ўз таъсирини ўтказди, дея хабар бермоқда МОҚ сайти. 

Халқаро оғир атлетика федерациясининг тақвим режасига кўра, турнир жорий йилнинг апрель ойида Қозоғистонда ўтиши керак эди. Аммо вирус сабаб Қозоғистонда қитъа чемпионати ўтмайдиган бўлди.

Халқаро ташкилот мазкур нуфузли мусобақани “сақлаб қолиш” учун уни Ижроқўм вакиллари ишончли, дея эътироф этган Тошкент шаҳрига кўчирди. Шу тариқа 16-25 апрель кунлари пойтахтимиз оғир атлетика бўйича яна бир нуфузли турнирга мезбонлик қиладиган бўлди.

Бўлажак Осиё чемпионати Токио Олимпиадаси йўлида лицензион очко берувчи сўнгги турнирдир. Айнан ушбу мусобақадан сўнг Олимпиадага йўлланма олган атлетлар номи маълум бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент 2016 йилги Олимпиада арафасида ҳам оғир атлетика бўйича қитъа биринчилигига мезбонлик қилган. Айни кунларда Тошкентда “Ўзбекистон” спорт мажмуасида спортнинг ушбу турида ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ўз якунига етиб бормоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!