Январь ойидаги трансфер ойнасида доим ҳам, катта харидлар амалга оширилавермайди. Сабаби, аксарият жамоалар ўз таркибини ёздаги трансфер бозорида кучайтиришга ҳаракат қилади. Аслида, бир томондан бу йўл тўғри. Янги мавсумга янгича ҳозирлик кўрадиган жамоалар ўзлари учун маълум бир йўлни танлаб, шу йўналиш бўйлаб ҳаракат қилади. Бироқ танганинг бошқа томонини ҳам эсдан чиқармаслик лозим: шундан ҳолатлар бўлади-ки, жамоа етакчилари оғир жароҳат олиб, узоқ вақт давомида майдонга туша олмайди. Ёки клуб етакчилари ўзига билдирилган ишончни оқлай олмайди. Натижада, клуб бир маромда кетаётган рельсидан чиқиб кетади. Табиийки, бу грандлар учун ёқимсиз ва дарҳол ўзгартирилиши шарт бўлган ҳолат. Ушбу вазиятда аксарият клублар қишки трансфер бозоридан унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Биз эса январь ойидаги энг қиммат харидлар ўнлигини эътиборингизга ҳавола этамиз.

photo_2021-01-13_20-54-32_1

10. Алекс Тейшейра. 50 млн евро эвазига "Шахтёр"дан "Цзянсу Сунин"га.

Ўзининг энг юлдузли даврларини "кончилар" сафида ўтказган Алекс бундан-да каттароқ муваффақиятларга эришиши мумкин эди. Бироқ Хитой клубидан бўлган супертаклиф уни гангитиб қўйди. Аслида, бу вазиятда "Шахтёр" ҳам анча фойда кўрди. Асосан, бразилиялик истеъдодларни сайқаллаб, юқори нархга сотадиган донецкликлар деярли ҳеч нима йўқотмади. 6 млн еврога сотиб олган футболчисини 50 млнга пуллаган "кончилар" учун салбий жиҳат йўқ бу ерда. Яхшигина ном чиқариб улгурган Тейшейрани ўз таркибига қўшиб олган "Цзянсу Сунин" ҳам зарар кўрмади. Бразилиялик футболчи 5 йил давомида клуб либосида 73 гол ва 43 ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Аммо ҳозир у эркин агент. Хитойликлар қаҳрамонимизга янги шартнома таклиф қилмади ва у билан хайрлашди. Алекс эса, 31 ёшида жамоасиз қолиб кетди.

teixeira

9. Бруну Фернандеш. 55 млн евро эвазига "Спортинг" Лиссабондан "Манчестер Юнайтед"га.

Бу трансфер амалга ошганига бир неча кундан сўнг, 1 йил тўлади. 2020 йил 29 январь куни Бруну МЮ либосини кийган ва ўша санасидан бери у жуда катта кўламдаги ишни бажариб келмоқда. Сульшер қураётган машинанинг энг зарур мурватига айланиб улгурган португалиялик ўзи иштирок этган 49 учрашувда 44 та голда қатнашди. Натижада, 4 марта АПЛда ой футболчиси совринини қабул қилиб олди. Бу мавсумда ҳам ушбу номга у кетма-кет икки бор лойиқ кўрилди. "Қизил иблислар" бугун унинг хизматига жиддий эҳтиёж сезмоқда. Ҳатто, сэр Алекс Фергюсон давридан бери илк бор Премьер-лига карвонбошилигини қўлга олган манкунияликлар етакчисини "Босс"нинг ишонган шогирди Рунига қиёслашмоқда. Балки ким учундир бу бироз ғалати туюлар, аммо уларнинг иккиси ҳам "Манчестер Юнайтед"ни олдинга бошлай олади. Қизиғи, Фернандешда Рунидан-да юқорироқ даражага чиқиш имконияти бор. У "қизил иблислар" либосида ҳали анча тўп тепиши мумкин. Воқеалар ривожини кузатиш қизиқарли бўлади.

brunu fernandesh

8. Фернандо Торрес. 58,5 млн евро эвазига "Ливерпуль"дан "Челси"га.

Бу трансфер қишки трансфер ойнасининг энг сўнгги лаҳзаларида амалга ошганди. Лондонлик мухлислар ўшанда ўзларида йўқ қувонгани шубҳасиз. Бироқ уларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Мерсисайдликлар сафида ўзининг тўпурарлик маҳоратини намойиш этган ҳужумчи "аристократлар" таркибида "синиб қолди". Мавсумнинг қолган қисмини 1 гол ва 2 ассист билан якунлаб қўйган Торрес кейин ҳам ўзига билдирилган ишончни оқлай олмади. Асосий таркиб учун курашда Дидье Дрогба қаршилигини синдира олмаган "Эль ниньо" захирадан ўйинга қўшиладиган футболчига айланиб қолди. Дрогбадан кейин Фернандо порлашини кутган мухлислар яна ҳафсаласи пир бўлди. Шу тариқа, ўртамиёна ҳужумчилар даражасига секин-аста туша бошлаган Торрес ижара асосида "Милан"га ўтади. "Россонерилар" либосида ҳам ўзлигини топа олмаган қаҳрамонимиз Миланда қолади. Энг ачинарлиси, улар Фернандо Торрес трансфери учун атиги 1 млн евро тўлайди. Испания терма жамоаси, "Атлетико" ҳамда "Ливерпуль" сафидаги ёрқин ўйинларини ҳисобга олсак, Торрес учун ачинишга арзирли сабабимиз бор.

torres

7. Оскар. 60 млн евро эвазига "Челси"дан "Шанхай СИПГ"га.

Қаҳрамонимиз Лондонга бўлажак юлдуз сифатида кўчиб келди. Дастлабки мавсумларда ёмон ўйин кўрсатмади. Бироқ кейин юлдузлик касали секин-аста бўй кўрсата бошлади. Боз устига, мураббийлар тез-тез алмашавергач, бразилияликнинг ҳам ўйини орқага торта бошлади. Кетма-кет мавсумларда статистикаси ёмонлашишни бошлагач, яхши маош кўзда тутилган таклиф бўлиши биланоқ Хитойга кўчиб ўтди. Легионерлар учун катта маблағдан воз кечиш сиёсатини бошлаган Шанхай клуби "Челси" ҳисобига 60 млн евро тўлаб берди. Эътироф этиш лозим, бу ҳар уччала томон учун фойдали қарор эди. Бразилиялик Осиёга вақтни шунчаки ўтказиб, миллионларни жамғариш учунгина келди, деб бўлмайди. 5 йил кутилган чемпионлик қўлга киритилишида Оскарнинг ҳам хизмати катта. Бугунги кунда у шанхайликларнинг энг машҳур футболчиларидан бири саналади.

oscar_1

6. Диего Коста. 60 млн евро эвазига "Челси"дан "Атлетико"га.

Фернандо Торресни ортга қайтарган "Атлетико" энди кеч бўлганини англаб етди. "Эль ниньо" ўз даражасига қайта олмас, клуб эса сифатли ҳужумчига муҳтож эди. Бундай вазиятда эски танишдан қулайроқ вариант борми?! Мадридликларнинг яхши-ёмон кунида бирга бўлган, узоқ кутилган Ла Лига бош соврини қўлга киритилишига беназир ҳисса қўшган Диего Коста зудлик билан сотиб олинди. Нарх ҳам каттагина: 2,5 мавсум аввал сотилган сумманинг деярли икки баробарида пул тўлаган Мадрид клуби ўз муаммоларини барибир ҳал эта олмади. Коста ўз сермаҳсуллигини йўқотиб улгурганди. Таққослаш учун Коста 2018 йил январь ойидан бери "Атлетико" либосида 19 та гол урди. Биргина Ла Лига чемпионлик мавсумидаги аниқ зарбалар сони 36 тани ташкил этганди. Энг ачинарлиси, қаҳрамонимиз "матрасчилар"га керак бўлмай қолди ва клуб билан шартномасини бекор қилди. Ўз вақтида Рамос, Пике, Компани, Хуммельс каби тажрибали ҳимоячилар билан елкама-елка олишган Коста ҳозир эркин агент.

diego costa

5. Пьер-Эмерик Обамеянг. 63,75 млн евро эвазига "Боруссия" Дортмунддан "Арсенал"га.

"Арсенал" президентининг бир одати бор: трансферлар учун катта пул тикмайди. Жаноб Кронке кичик сумма тикиб, катта даромад кўришга ҳаракат қилади. Бу доим ҳам ўзини оқламаслиги барчага кундек равшан, аммо Обамеянг борасида бундан дея олмаймиз. Сабаби, габонлик ҳужумчи ярим мавсумда майдонга тушган ўйинлари сонидан кўпроқ голда иштирок этган. Илк тўлиқ мавсумини эса, "Олтин бутса" билан якунлаган. Ҳозирги кунда "канонирлар" натижалари Обамеянгнинг кайфиятига боғланиб қолди, десак адашмаган бўламиз. Артета бошчилигида қўлга киритилган 2 та совринда жамоа сардори беназир ҳисса қўшди. Фақатгина жорий йилда у бироз беқарор ўйин кўрсатмоқда. Юқорида таъкидлаганимиздек, "тўпчилар" ва Обамеянг бир бутунга айланиб улгурди.

aubameyang

4. Кристиан Пулишич. 64 млн евро эвазига "Боруссия" Дортмунддан "Челси"га.

"Боруссия" ҳақиқий юлдузлар фабрикаси! Ушбу жамоа ҳар йили ўз иқтидорларини АПЛ ва бошқа кучли чемпионатларга қўйиб юборса-да, ҳеч оқсоқланиб қолмайди. Аслида, Пулишич "асаларилар" сафини қишда тарк этмаган эди. Бироқ у 2 январь куни расман "Челси" футболчисига айланган ва Дортмунд клубига ижарага берилганди. Тан олиш лозим, унинг трансферидан лондонлик мухлисларнинг кўнгли тўлгани йўқ. Сабаби, жароҳатга мойил америкалик вингер "Челси"да Эден Азарнинг ўрнини тўлдира олмади. 22 ёшли футболчи имкон қадар тезроқ ўзининг энг яхши ўйинларини кўрсатиши шарт. Акс ҳолда, клуб президенти захира ўриндиғини иситиб турадиган "биллур оёқ"дан кўра, жисмонан бақувват вингер харид қилиши ҳеч гап эмас. Айниқса, бундай ҳолат "Челси" билан кўп бор содир бўлган.

pulisic_1

3. Аймерик Ляпорт. 65 млн евро эвазига "Атлетик"дан "Манчестер Сити"га.

"Ва ниҳоят, Гвардиола ўзига керакли ҳимоячини топди",-дея жар солган эди жаҳон матбуоти Ляпорт "туманли альбион"га кўчиб ўтганида. Бир томондан жисмонан бақувват, тезкор, қисқа узатмалар билан ўйинда ўзини йўқотиб қўймайдиган фулбек Пеп учун идеал вариант эди. Аммо жароҳатлар французга ўзининг энг яхши ўйинларини стабил намойиш этишига ҳалал берди. Илк тўлиқ мавсумида жамоа устуни Венсан Компани билан ишончли ҳимоя қўрғони ташкил эта олган футболчи бельгиялик шеригига анча суяниб қолган экан. Сабаби, кейинги мавсум у АПЛда атиги 15 та ўйинда майдонга тушди. 65 млн евролик ҳимоячи учун ёмон кўрсаткич, албатта. Шунинг учун ҳам Гвардиола ҳамон марказий ҳимоячи излаш ишларини тўхтатганича йўқ. Дарвоқе, сўнгги пайтларда Диаш-Стоунз тандеми яхши ўйин кўрсатмоқда. Балки бу Ляпорт учун огоҳлик қўнғироғи вазифасини ўтаб, қаҳрамонимиз трансфер нархига ярашадиган даражага чиқар.

lyaport

2. Виржил ван Дейк. 84,65 млн евро эвазига "Саутгемптон"дан "Ливерпуль"га.

Ўзи учун тўланган пулларни 100% оқлаган рўйхатимиздаги камсонли футболчилардан бири айнан Ван Дейк. Ҳаражатсиз ҳаракат нолга тенглигини ҳис қилган Клопп катта сумма эвазига уни ўз жамоасига олиб келганида, Виржил ўртамиёна ҳимоячи эди. Аммо мерсисайдликлар сафида ўз ишининг ҳақиқий устасига айланган қаҳрамонимиз "Ливерпуль"нинг АПЛ ва ЕЧЛдаги ғалабаларида жуда катта ўрин тутди. "Қизиллар" либосида ўтказган илк мавсумида у бирор марта рақибларидан алданмади. Ўшанда жамоаси Европа тахтини забт этганди ва Виржил "Олтин тўп" учун энг муносиб номзод эди, назаримизда. Аммо...

Фақатгина бу мавсум "Мерсисайд дербиси"да Пикфорд уни қандай зарарсизлантириш усулини топа олди. Дарвозабон билан тўқнашувда оғир жароҳат олган Ван Дейк узоқ муддатга сафдан чиқди ва ҳамон формасини тиклаш билан овора.

van dijk

1. Филиппе Коутиньо. 145 млн евро эвазига "Ливерпуль"дан "Барселона"га.

"Ливерпуль" мухлислари ғазабига учраган Коутиньо ҳамон ўзига кела олмяпти. Йилдан йилга ўйинида пасайиш кузатилаётган футболчининг трансфер нархи ҳам мос равишда пастлаб бормоқда. АПЛ дарвозабонлари тушларига кириб чиқувчи шедевр зарбаларни сўнгги бор қачон кўрганингиз эсингиздами? Маълумот учун, қаҳрамонимиз "Барса" сафида сўнгги бор 2019 йилнинг 17 апрелида ўз услубида шедевр кўрсатиб, мухлисларини хурсанд қилганди. Ўтган мавсумни "Бавария"да ўтказган футболчи ҳар томонлама яхши томонга ўсди. Аслида, мюнхенликларнинг бу қадар сермаҳсуллик намойиш этганини ҳисобга олсак, Коутиньо трансфери ўзини оқламаганига амин бўламиз. "Барселона" собиқ президенти Хосеп Бартомеу жамоа учун қўлидан келган барча ёмонликни қилиб улгурди. Улар ичида энг кўзга кўринадиганларидан бири ҳавога учган 145 млн евро бўлди.

coutinho

Юқорида номи тилга олинган футболчилар бутун дунёга ҳали кеч эмаслигини исботлай олиши мумкин. Бунинг учун улардан фақат меҳнат талаб этилади. Биз эса энг сўнгги янгиликларни сиз азиз мухлисларга етказиб беришда давом этамиз.

Жавоҳир Азимов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!