Кубалик Олимпиада чемпионлари қанча мукофот олишади ёхуд Ислом Каримов вафоти муносабати билан ушбу юртда мотам куни эълон қилинганмиди?

Айни вақтда Тошкентда Кубадан ташриф буюрган икки нафар профессионал боксчилар ўқув машғулотларини ўтказишмоқда. Россиянинг нуфузли промоутерлик компанияси билан шартномага эга бўлган ушбу чармқўлқоп усталари 15 декабрь куни Тошкентда Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси томонидан ташкил этилаётган бокс оқшомида навбатдаги рейтинг жангларини ҳам ўтказиши маълум бўлди. Улар кеча, спарринг жангларида иштирок этдилар.

Биз имкониятдан фойдаланиб, Леомар Пересдан қисқача интервью олишга муваффақ бўлдик.

- Деярли бир ойдан буён Тошкентдасизлар, қийинчиликлар бўлмаяптими?

- Йўқ. Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси барча шароитларни яратиб бермоқда.

- Миллий таомимиз паловнинг мазаси қандай экан?

- Жуда ширин. Фақат мени ҳайрон қолдиргани, учта жойдан палов истеъмол қилдик. Ҳар уччаласининг таъми турлича экан. Лекин жуда ширин. Менга мақул тушди.

- Машғулотлар қай даражада ўтмоқда?

- Шунчаки ажойиб...

-Демоқчиманки, ўзбек мураббийлари ва спарринг рақибларингизнинг имкониятларига қандай баҳо берган бўлардингиз?

-  Ўзбекистонни бекорга танламаганмиз. Чунки, бу ерда юқори савиядаги мураббийлар ва кучли боксчилар борлигини аввалдан билганмиз. Бу ерга келиб, бунга яна бир бор амин бўлдик.

Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан юртингизда мотам куни эълон қилинганмиди?

- Худди шундай.

- Нима учун Кубада Лотин Америкасидаги бошқа давлатлардан фарқли равишда ҳаваскор боксга эътибор қаратилади?

- Коммунизм таъсири.

- Кубалик боксчилар Олимпиадада ғолибликни қўлга киритишса, қўл соати совға қилинар экан деб эшитганмиз. Шу ростми?

- Йўқ. Ундай эмас. 300 АҚШ доллари тариқасида мукофот берилади.

- Уч юзми ёки уч минг?

- Уч юз.

- Демак, Лоренсо Сотомаёрни тушунса бўлар экан... Дарвоқеа, ушбу боксчи ҳақида кубаликлар қандай фикрда?

-  У кубалик эмас. У озарбайжонлик. Биз учун шундай.