Кучли ҳужум, аммо заиф ҳимоя! Аргентина U20 термасидан бугун очко оламиз(ми)?! Таҳлилий мақола

20 майдан 21 майга ўтар кечаси 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати старт олишидан хабарингиз бор. Мусобақани майдон эгалари Аргентина ва Ўзбекистон U-20 терма жамоалари ўртасидаги баҳс очиб беради. Равшан Ҳайдаров шогирдларини қандай рақиб кутиб турибди? Уларнинг ўйин услуби қандай? Йигитларимизнинг имконияти қай даражада? Рақибнинг заиф нуқталари қаер? Айнан шу саволларга жавоб бериш мақсадида кичик “Альбиселесте” ўйинини таҳлил қилдим. Ҳар доимгидек, катта мавзуни кичик матнда тушунтириб бераман.

Аргентина қандай ўйин схемасидан фойдаланади?

sxema 1

Хавьер Маскерано жамоасининг U-20 ЖЧ саралаш учрашувларини томоша қилиб чиққан инсон сифатида айтишим мумкин-ки, мураббий жамоасини яхлит механизм сифатида шакллантира ололмаган. Тўғри, Аргентина ва Маскерано сўзлари ортидан бу жумла ғалати эшитилиши мумкин, аммо ҳақиқатан ҳам мундиал мезбонларида жамоавий ўйин қуриш борасида етарлича муаммолар мавжуд. Ҳар ҳолда, 3 ой аввалги расмий беллашувларда бу яққол кўзга ташланиб турганди. Мутахассис классик 4-2-3-1 схемасидан фойдаланади. Тўп назорати кимда бўлишига қараб, бу 4-3-3 га ҳам ўзгариши мумкин.

Саралаш баҳслари доирасида 4 бор майдонга тушган Аргентина 3 маротаба мағлубият аламини татиб кўришга мажбур бўлди. Парагвай, Бразилия ва Колумбияга қарши учрашувларда чемпионат мезбонлари ўйинидаги ёриқлар кўзга ташланиб қолди. Умумий қилиб олганда, рақиб тактик томондан биздан ҳеч бир жабҳада устун эмас. Шунчаки, бошқа факторлар эвазига улар учрашув фаворити саналади.

Асосий футболчилари ким?

Аслида, яхши савиядаги ижрочилари етарли. Шунга қарамай, биз Аргентинанинг ўйин темпини белгилаб берувчи иккита истеъдод соҳибини алоҳида эътироф этишга қарор қилдик. Биринчи бўлиб таянч зонасида жуда катта ҳажмда иш олиб борувчи 8-рақамдаги Жино Инфантино (“Росарио Сентраль”)дан бошлаймиз.

инфантино

Қаҳрамонимиз марказий ҳимоячилар ҳудудига қадар чекиниб, рақиб прессингини енгиб ўтишдан тортиб, марказий ҳужумчи ортидаги яширин форвард вазифасигача бажаради. Чинакам универсал ярим ҳимоячи, кучли зарбаси ҳам бор. Жамоанинг деярли барча стандартларини айнан у ижро этади. Старт тезлиги пастроқ бўлса-да, бунинг ўрнини сифатли иккинчи қаватдан етказиладиган узатмалар билан тўлдиришга қодир.

Яна бир етакчи Максимо Перронени алоҳида эътироф этамиз. “Манчестер Сити”га кўчиб ўтган йигитнинг трансфер қиймати 10 миллион еврони ташкил этади. Таянч зонаси ва ҳужумчи ортида тўп тепувчи қаҳрамонимиз бугунги Аргентинанинг асосий суянчиқларидан бири, дейиш мумкин.

перроне

Тезкор, комбинацион футболни хуш кўрувчи плеймейкер Ҳайдаров “бандаси”га қарши баҳсда мезбонларнинг асосий қуроли вазифасини ўтаб бериши ҳеч гап эмас.

Шунингдек, таркибдаги бошқа бир нечта футболчи: Матиас Соуле (“Ювентус”), Валентин Карбони (“Интер”) ва Роман Вегани (“Барселона”) ҳам ўйинга таъсир кўрсата оладиган кучга эга. Энг қизиғи шундаки, Маскерано бу мусобақада ўзининг асосий юлдузларисиз иштирок этишга мажбур бўлмоқда. Нико Пас, Алехандро Гарначо, Факундо Буонаноте сингари катта клублардаги йигитлар кичик мундиалда жамоасига ёрдам бера олмаяпти.

Кучли ва кучсиз томонлари

“Альбиселесте” сафида жамоа номига мос тарзда кучли техникага эга ижрочилар ҳаракат қилади. Исталган пайтда босимни енгиб ўтиб, ўйинни ўз қўлига олишга қодир йигитлар катта ўйинларда саҳнага чиқишга одатланган. Жамоанинг ярим ҳимояси жуда кучли. Яхши савиядаги марказий ҳужумчига эга. Қанотдаги вингерлар/ярим ҳимоячилар яхшигина тезкор. Тезкор қанот ва сифатли марказий ҳужумчи йиғиндиси, албатта, рақибнинг кучли эканлигидан далолат беради, бироқ Аргентина мудофаасида муаммолар етарлича. Биринчи навбатда, марказий ҳимоячиларнинг даражаси олдинги чизиқдагиларникидан анчагина паст эканлигини эътироф этиш лозим.

songgi 5 oyin

Айнан уларнинг қўпол хатолари сабабли Аргентина таркибида Гарначо, Пас сингари ижрочилари бўла туриб ҳам ЖЧ саралашидан ўта олмади. Боз устига, ишончли дарвозабон борасида ҳам Аргентинада муаммо бор. Айнан мудофаа вакиллари ва посбоннинг нўноқлиги сабаб рақибимиз саралаш ўйинида Парагвайга 1:2 ҳисобида енгилганига гувоҳ бўлдик. Ваҳоланки, ўша баҳсда Парагвай ёшлари рақиб дарвозасига атиги 2 бор аниқ зарба берган эди, холос. Бразилияга қарши беллашувда бир чизиқда ўйнашга интилган ҳимоя тўртлиги жуда қўпол хатоларга йўл қўйди. Колумбия билан ўйинда эса айнан уларнинг ўз зонасини беркита олмагани сабабли мағлубият билан тугади. Кўплаб мухлислар жамоа таркиби, мураббий даражасига разм солиб, “Аргентина қандай қилиб мундиал саралашидан ўта олмади?”, деб ўйлаб қолгани аниқ. Саволнинг жавоби ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғидаги футболчилардан класс бобида сезиларли даражада ортда қолаётган мудофаа вакилларининг таркибда бор эканлигида. Қўшимча бонус! Аргентина асосан техникаси кучли футболчиларга таянган. Шу боис, жисмонан бақувват атлетлари деярли йўқ. Бу стандартларда, тўп учун кураш ва прессингда уларнинг биздан кучли эмаслигини англатади.

Ўзбекистоннинг ўйинга тузган режаси қандай?

2 та терма схема

Катта эҳтимол билан бу баҳсни ҳам биз 3 та марказий ҳимоячи билан бошлаймиз. Бу рақибнинг бир марказий ҳужумчига суянган схемасига қарши муносиб ҳимояланиш имконини беради. Қанот ҳимоячиларимиз эса тезкор аргентиналик вингерларни қўриқлаш билан биргаликда ҳимояда 5-3 кўринишидаги сон жиҳатдан устунликда ҳаракат қилади. Тўғри, бу схема бизнинг гол киритиш имкониятимизни анча пасайтириб юбориши мумкин, бироқ Аббосбек Файзуллаев, Пўлатхўжа Холдорхонов, Нодирбек Абдураззоқов сингари йигитлар олдинги чизиқда нимадий ўйлаб топишга қодир эканлигини қитъа биринчилигида кўрдик. Боз устига, юқорида айтилганидек Аргентина мудофааси аъло даражада эмас. Бундан ташқари, рақиблар ўз уйида, мухлислари қаршисида катта куч билан олдинга ташланишга мажбур. Бу яхши ҳужумлар уюштиришимиз учун очиқ зоналар пайдо бўлишини англатади.

оТАШ23

Умуман олганда, агар рақибнинг энг кучли қисми босимига дош бера олсак, ҳужумда бемалол омадимизни синаб кўриш имконига эгамиз. Ҳайдаров жамоаси тўпсиз жуда яхши ҳаракат қила олишини Австралия, Жанубий Корея сингари жамоалар билан ўйинда кўрсатиб қўйди. Зич ҳимоя ва рақибга бўш зоналарни қолдирмаслик бизни камида дуранг билан мундиални бошлашимизга замин яратиши мумкин. Агар олдинги чизиқдаги йигитлар ўзини кўрсатса, тактик томондан баҳсни ғалаба билан якунлаш имкониятимиз бор.
Имкониятлар 50/50! Бироқ, бошқа факторлар ҳам йўқ эмас...

Ўйин сифати, жамоавий футбол, руҳий ҳолат борасида биз Аргентинадан умуман қолишмаймиз. Шунга қарамай, жаҳон чемпионатини очиб берувчи илк турда таблодаги ҳисобга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа омиллар ҳам бор: Мухлислар босими, кучли ҳаяжон, янги иқлим ва бошқа кўплаб кичик деталлар "оқ бўрилар" зарарига ишлаши ҳеч гап эмас.

ацу4ауц

Майдон ташқарисидаги муаммоларни бартараф этиш учун терма жамоамиз руҳшунослари анча аввал иш бошлаши лозим эди. Балки шундай ҳам қилингандир. Ҳар ҳолда, Равшан Ҳайдаров катта мусобақаларда иштирок этиш нима эканлигини билади. Ундаги тажриба йигитларнинг бор эътиборини майдонга қаратиш учун етарли бўлади, деб умид қиламиз. Ўйин томондан олиб қаралса, Осиёнинг биринчи рақамли жамоаси Жанубий Американинг 5 ёки 6-жамоаси саналган мезбонлардан ҳеч бир аспектда қолишмайди. Ҳа, баъзи пунктларда рақиб биздан кучли, бироқ вакилларимизда улардан яхшироқ шаклланган қирралар мавжуд. Оптимизмни олиб ташлаган ҳолда айтилганда ҳам имкониятлар - 50/50!

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
jamolidin
20/05/2023 16:10
eng kami 0~1 bulsin
&
ELYORBEK_2003
20/05/2023 17:14
Omad yigitlarga Olloh yor bolsin sizlarga
&
voxid tursunov
20/05/2023 14:44
Омад жигитлар!